Мақолалар

Минораи Калон

Минораи Калон Бухородаги бетакрор меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Қайсидир маънода қадим Бухоронинг рамзи десак ҳам бўлади. Минора Пойи Калон меъморий мажмуасининг бир қисми. У Мир Араб мадрасаси ҳамда Калон масжидининг ўртасида қад ростлаган. Эски Бухоронинг энг баланд иншоотидир. Минораи Калон тожик тилидан таржима қилинганда катта минора маъносини англатади. Унинг ўрнида аввал ҳам минора бўлган, у қулаб тушгач, мустаҳкам қилиб қайта қурилган. Миноранинг хозирги кўриниши ўша вақтда бунёд этилган. Ўз вақтида Минораи Калон юқоридан кузатиш, ҳамда аҳолини намозга чақириш учун хизмат қилган. Иншоот муҳандис  ва ўз даврининг машҳур меъмори Бақо лойиҳаси асосида  хукмдор Арслонхон Муҳаммад томонидан  1127-йили қурдирилган. Пойдевори тош ва махсус қоришмадан терилган. Ер сатҳидан 9 м чуқур, баландлиги 46,5 м, курсиси қиррадор. Минора юқорига ингичкалашиб боради ва муқарнас билан тугайди. Қафасасидаги 16 равоқли дарчалар орқали атрофни кузатиш мумкин. Тепага минора ичидаги 104 пиллапоя айланма зина орқали чиқилади. Масжиди Калон томонидан минорага ўтиладиган кўприкча бўлган. Минора сатҳи турли ажиб безаклар билан ишланган. Улар орасида тарихий ва диний мазмундаги куфий ёзувлар учрайди. Минораи Калон шу турдаги қадимий иншоотлар орасида алоҳида ўрин тутади. Шаклларнинг ўзаро уйғунлиги, ажойиб кўрк ва маҳобатлилик Минораи Калонга чинакам гўзаллик бағишлайди. Халқ орасида минора ҳақида кўплаб ривоят ва афсоналар мавжуд. Узоқ йиллар давомида Калон минораси ўз маҳобати билан шаҳарга ташриф буюрувчиларни лол қолдириб келган. Иншоот ёвларнинг ҳужумидан кўп зиён кўрган бўлсада қуламаган. Фақат бир муддат таъмирталаб аҳволга келиб қолган. 1924 йили иншоот юзаси ва муқарнаслари таъмирланган. 1960 йили эса ер остидаги асоси (курсиси) уста Очил Бобомуродов томонидан очиб таъмирланди. 1997 йил Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан минорада яна бир бор таъмирлаш ишлари олиб борилди. Минораи Калон Бухоро шаҳрининг ноёб ва кўҳна ёдгорлиги ҳисобланади. Шаҳарга ташриф буюрган меҳмонлар унинг маҳобати, салобати, мураккаб меъморий ечимига мафтун бўлади.  Хозирда кўҳна Бухоро деганда ҳар бир кишини кўз олдига дастлаб албатта Минораи Калон келади.

 

   Шаҳзод Шомансуров тайёрлади

5934 марта ўқилди

Мақолалар

Top