Мақолалар

Интернетдан фойдаланиш одоблари

“Интернет” сўзи инглиз тилидан олинган жумла бўлиб, тилимизда “халқаро маълумотлар тўри” деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернетнинг тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлиб кетди. Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзлайдиган бўлинди.

Барчамизга маълумки ҳозирги даврда ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Дунё бўйлаб интернетнинг шиддат билан ривожланиши натижасида ундан фақатгина маълумотларни қабул қилиш ҳамда тарқатиш билан чекланиб қолмасдан, балки бунданда катта ишларни бажариш имкониятлари туғилди. Интернет орқали инсонлар узоқдаги дўстлари, яқинлари билан бемалол кўриб гаплашадиган, бир-бирига хабарлар юборадиган бўлди.

Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришнинг ўзи кифоя қилади деб ўйлайман. Оддийгина талаба ўйга берилган вазифани қилиш учун кутубхонага бориши, у ердан керакли китобларни қидириб топиши, ҳамда у ерда ўтириб икки уч соат ўқиб дафтарга ёзиши керак бўлади. Худди шу ишни уйида интернет орқали бажарса жуда кўп фойдали томонлари бўлади. Ўша талаба кутубхонага бормайди, у ерда вақтини кетказмайди, керакли маълумотларни интернет орқали яхшилаб ўқиб ўзига маълумот сифатида олиб қолиши ҳам мумкин бўлади. Яна бир мисол авваллари бир инсон ўзининг яқинига ҳат ёзмоқчи бўлса, у хат ёзиш учун қоғоз қалам олиши, унга гапларни ёзиши, уни эса пўчтага олиб бориши керак бўларди. Хат ташувчи уни олиб керакли жойга элитиб бергунича орадан бир неча кун вақт ўтарди. Ҳозирда эса бундай ишлар оддийгина бир ҳол бўлиб қолди. Ўша ишларни интернет орқали инсон узоғи билан беш дақиқада бажариши мумкин. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шунинг учун ҳозирги кунда интернетдан фойдаланувчиларнинг сони кундан кунга кўпайиб, интернетдан фойдаланиш борасида кўпгина халқлар илгарилаб кетмоқда. Қирқ олти мамлакатда эллик минг кишидан сўровнома олган мутахасислар яқин Шарқдаги, шунингдек Хитойда интернетдан фойдаланувчилар бу борада ривожланган мамлакатлар аҳолисидан ўзиб кетишди деб хулоса чиқаришди. Сўровлар натижасига кўра, Миср ва Саудия Арабистонининг эллик беш фоиз аҳолиси интернетга кўмилиб яшайди. Бирорта Европа мамлакати ўнталик рўйхатга кира олмади. Ривожланган мамлакатлар аҳолиси интернетда асосан дўстлари билан суҳбатлашади. Жанубий Америка, Яқин Шарқ ва Хитойда эса фойдаланувчилар ҳафтада беш соатдан кўп вақтини ижтимоий тармоқ сайтларида ўтказади. Қолган тўрт соат эса электрон почта орқали хат жўнатишга сарфланади. Ривожланган мамлакатларда, аксинча, асосий эътибор электрон почта орқали мулоқотга қаратилар экан. Ижтимоий тармоқдан энг кўп фойдаланадиганлар Малайзияликлар бўлиб, ҳар бир фойдаланувчининг ўртача икки юз ўттиздан кўп “интернетда дўсти” бор. Малайзиядан кейинги ўринни Бразилияликлар эгаллаб турибди.

Ҳар бир нарсани яхши томони бўлгани каби ёмон жиҳатлари ҳам бор. Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда, зарарли беҳаё, бузуқ маълумотлар ҳам кенг тарқалгандир. Инсон маънавиятига таъсир қиладиган фохишабозлик, беҳаёликни, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлар жуда ҳам кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирларини алдамоқда, бир-бирига тухмат қилмоқда, у туфайли кўпгина ёш оилалар ажрашиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда ва ҳоказо. Интернет орқакли нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, иқтисодий, молиявий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. Юқорида келтириб ўтилган гаплар шуни кўрсатиб турибтики интернетни биз ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка ишлатишимиз мумкин экан. Бизни вазифамиз ундан фақатгина яхшилик йўлида фойдаланишимиз керак. Бунинг учун эса динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади.

Аввало интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятини тўғри қилиши керак. Ана шунда бу ишдан фойда топади. Интернетдан фойдаланишдан олдин вақтни зоя кетказмасликни, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини ўйлаш керак. Интернетга киришдан олдин иш режасини яхшилаб тузиб олиш керак. Интернетда узоқ вақт ўтириш ҳам зарарли бўлиб, у сабабли инсон ўзига хос хасталикларга чалиниши мумкин. Бундан ташқари интернетда кўриладиган, эшитиладиган ва ўқиладиган маълумотларнинг барчасига шариат рухсат берган бўлиши керак. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, сайтга кирадиган баъзи одамлар ҳаётда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни сайтда бемалол эп кўришади. Улар ўзларича, “бу иш ҳаётдаги савияда эмас-ку”, деган хаёлга боришлари мумкин. Аслида эса, бу ношаръий ишларни сайтда ўзига раво кўрганларнинг ахлоқий савиясида нуқсон бор. Шунинг учун инсон ҳар бир ишни қилаётганда Аллоҳ таоло уни кўриб турганлигини унутмаслик керак. Зеро Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади: “У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур” (19-оят). Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У зот ҳамма нарсани билади. Ҳаттоки ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйган нарсаларни ҳам билади. Шундай бўлгандан кейин бошқа нарсаларни билишда шак шубҳа йўқ. Одамлар буни билиб қўйсинлар.

Интернетда ишлашни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлаш ва иш бошлашда ўқиладиган дуолардан билганича ўқиш керак. Сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин мусулмонлик бурчидир. Ишхона ёки бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас. Болаларнинг интернет ва компьютердан фойдаланишини оқилона ва эътибор билан йўлга қўйиш керак.

Балоғат ёшидаги ўсмирларнинг интернетдан фойдаланишини тўғри тартибга қўйиб, уларни доимий равишда кузатиб бориш керак. Бундай ҳолатларда болаларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Улар фойдаланадиган компютер, телефон жиҳозлари доимий равишда кузатиб борилиши керак. Чунки бола кўча-куйда ўртоқларидан ёки бирон танишларидан ҳам турли беҳаё сайтларни ўрганиб, шуларга кириб фойдаланиши мумкин. Боланинг интернет ёки компютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чарҳлайдиган, одоб ахлоққа тарғиб қиладиган бўлиши керак. Уларнинг вақтлари беҳудага кетмаслиги учун ота-она доимий равишда ҳаракат қилиши лозим бўлади. Агар ота-она фарзандига интернетдан фойдаланиш одобларини доимий равишда ўргатиб, уни назорат қилиб борса, ундай фарзанднинг ҳаёси, одоби ўз жойида бўлади. Бегона ёт ғояларга эргашиб кетмайди. Фикрлаш қобилияти яхши ривожланади.

 

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин”

жомеъ масжиди имом-хатиби

6613 марта ўқилди

Мақолалар

Top