Мақолалар

Қон томирлар билан боғлиқ мўъжизалар

Қон томирлар – танадаги муҳим аъзолардан бўлиб, миямиздан тортиб то оёқларимиз остигача тарқалган. Қон томирлари вена, артерия, лимфа ва майда капилляр томирлардан иборат.

Қон томирлар танамизнинг барча қисмларида мавжуд бўлиб, улар ҳажмига кўра турлича бўлади. Масалан, юрак билан бутун танани боғловчи артериянинг энг каттаси аорта бўлиб, у ичи энг кенг томир ҳисобланади. Унинг кенглиги 2.5 сантиметрни, узунлигини эса қирқ сантиметрни ташкил этади. Қолган томирлар ҳам турлича катталикда бўлади. Кенглиги миллиметрдан ҳам кичик бўлган капилляр томирлар ҳам бор.

Қон томирларнинг танамиздаги вазифаси нима?

Қон томирлар керакли озуқани қон орқали тўқима ва ҳужайраларга етказиб беради. Ҳужайралардан моддалар алмашуви натижасида ҳосил бўлган қолдиқ моддалар ва карбонат ангидрид гази улардан майда вена, капилляр томирларига ўтиб, сўнгра ўрта, йирик вена томирлари орқали юракнинг ўнг бўлмасига келиб қуйилади. Шундай қилиб, юрак-қон томир тизими тананинг ҳамма тўқима-ҳужайраларига озиқ моддалар ва кислород етказиб беради. Уларда ҳосил бўлган қолдиқ моддаларни қабул қилиб, айириш органларига етказади.

Олимлар узоқ изланишлардан сўнг қон томирларининг ички девори силлиқ, эластик модда билан қопланганини, томирларнинг ички деворида қаттиқлик ва эгрилик йўқлигини аниқладилар. Агар томирларнинг ички девори заҳарланиш ёки чекиш таъсирида дағал бўлганида ёки қарилик сабабли томирларда қаттиқлашиш (атеросклероз) юз берганида, қон ўша дағаллашган нуқтада тўхтаб, тўпланиб, охири тромбга олиб келади. Тромб эса хатарли касалликлардан бўлиб, агар инсон дарҳол даволанмаса, вафот этиши мумкин ёки тромб билан оғриган аъзони кесиб ташлашга тўғри келади ёки бўлмаса буйрак етишмовчилиги кузатилиши мумкин. Бундан ташқари тромб натижасида ичаклар гангренаси ҳам бўлиши мумкин.

Япония ва Британияда ўтказилган тадқиқотлар хулосасида айтилишича, хом саримсоқ қон томирлари учун жуда фойдали бўлиб, у қон томирларнинг юмшаши ва ички деворларининг эгилувчанлиги сақланишига хизмат қилар экан. Қон томирлари ички деворларининг эгилувчанлиги эса тромб касаллигининг олдини олишга хизмат қилади.

Инсон танасидаги барча қон томирларининг узунлиги 97-100 минг километрдир. Яъни агар томирларни бир-бирига улаб, чўзилса, Ер шарини икки ярим марта ўраб чиқиш мумкин бўларди.

Инсоннинг умри давомида қон томирларидан 1,5 миллион бочка қон тўхтамасдан, қуюқлашмасдан, тромбга айланмасдан оқиб ўтади.

Бундан ҳам ақлни лол қолдирадиган жиҳати шуки, тананинг ҳар бир ҳужайрасига озуқа ва кислород етиб бориши учун ушбу қон томирларнинг миқдори, узунлиги, кенглиги ва ҳар бирининг жойлашган ўрни аниқ ўлчовга эгадир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 وَفِي الْأَرْضِ آيَاتٌ لِّلْمُوقِنِينَ وَفِي أَنفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ

“Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!” (Зарият сураси, 20-21-оятлар).

Инсон Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи нарсалар борасида кўпроқ тафаккур қилиши, бунинг учун у аввало ўз танасини ўрганиши, уларнинг қандай ишлашини англаб етиши, тана аъзоларини эҳтиёт қилиши, оламлар Робби унга қандай улкан неъматлар ато этганини ҳис қилиб, кўпроқ шукр қилиши лозимдир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

11690 марта ўқилди

Мақолалар

Top