Мақолалар

Душман макридан бепарво бўлиш жоиз эмас

Бугун биз ҳаёт суръати беқиёс даражада тезлашган шундай замонда яшаяпмизки, инсоният ҳозирга қадар бундай даврни бошидан кечирган эмас. Ҳозирги замонда мафкуравий хатарлар тобора кучайиб бормоқда. Бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз зарур, акс ҳолда жамиятда ўнглаб бўлмас, тараққиётдан бир неча ўнлаб йиллар ортда қолишга сабаб бўладиган маънавий, сиёсий ва иқтисодий муаммолар келиб чиқиши мумкин. Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан бири ҳам ҳушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради. Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир.

Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмонлар бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолган аъзолар бедорлик ва иситма билан ҳамдард бўлади”.

Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тан-у бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда.

Шунингдек, бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:

Абдуллоҳ ибн Мусовирдан ривоят қилинади:

“Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга шундай деяётганини эшитдим:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас”, деганларини эшитдим
”. Аслида мусулмон киши қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради, бепарволик қилмайди. Ҳушёрлик ва огоҳликка зид тушунча лоқайдлик, бепарволикдир.

Мусулмон киши бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Кимдир нотўғри, ёмон иш қилаётганини ёки ахлоқсизлик қилиб, беҳаё ва бепарда гапларни айтаётганини ёки бировнинг бошқасига зулм, адолатсизлик қилаётганини кўриб ёки эшитиб, индамай кетавермайди. Балки уни қайтаради, тўғрилик билан тушунтиради, тушунмаса, тушунтириб қўядиганларга хабар беради. Чунки у бу ишларни ўзи қилмасада, у яшаётган жамиятда қилинаётганлигини ва бу ишлар унга салбий таъсир этишини, гуноҳкор бўлишини аниқ билади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ ман қилган нарсалардан сақланувчи ва уни тортинмай қилиб юрувчининг мисоли худди бир жамоага ўхшайди. Улар кемани минишда қуръа ташлашади. Баъзилари ҳиссасига тепа қисми ва баъзиларига паст қисми тушади. Паст қисмидагилар сув олиш учун тепадагилар олдидан ўтадилар. (Бундан озорланиб) Агар биз сувдан ўз насибамизни олиш учун пастдан тешиб олсак, тепамиздагиларга озор бермас эдик, дейишарди. Агар тепадагилар пастдагилар хоҳлаган нарсани шундайича қўйиб қўйсалар, барчалари ҳалок бўлишади. Агар уларни бу фикрларидан тўхтатишса, ўзлари ҳам, қолганлари ҳам нажот топишади”.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳамда лоқайд бўлмасдан яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг елкамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммамизга шундай хайрли ишларда мададкор бўлсин.

 

Ф.Матякубов

Хонқа туман “Бобо хўжа бобо”масжиди имом-хатиби

2649 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top