Мақолалар

Намоз инсонни қувватловчи ибодатдир. Барчамизга маълумки, Ислом дини беш устун устига бино қилинган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Эътибор берсак, ҳадисда Ислом беш нарсага бино қилинган дейилмоқда. Агар мусулмон одамга ушбу ҳадисда айтилган рукнларнинг ҳаммасини бажариш насиб қилса, қандоқ яхши. Аммо бу рукнларнинг барчасини бажаришга ҳамманинг ҳам имкони бўлмайди.

Шаҳодат келтириш ҳамманинг вазифаси. «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» демаган одам мусулмон бўлолмайди.

Закотни фақат моли нисобга етган мусулмонлар беришади. Чунки моли нисобга етмаган кишиларга закот фарз бўлмайди.

Рўзани ҳам фақат соғлом, муқим мусулмонлар тутишади. Чунки рўза тутса, касалликдан тузалиши чўзиладиган кишиларга ва рўза тутиш машаққат бўладиган мусофирларга рўза фарз эмас.

Шунингдек, ҳажга бориш ҳам фақат йўлга қодир бўлганларга фарз. Йўлга қодир бўлмаганларга фарз эмас.

Нима қолди? Намоз қолди. Ҳа, намоз. Намоз (ҳайз, нифос кўрган аёлдан ташқари) ҳеч кимдан соқит бўлмайди. Агар тик туришга қодир бўлмаса, ўтириб ўқийди. Агар ўтириб ўқишга қодир бўлмаса, ёнбошлаб ёки чалқанча тушган ҳолда ўқийди. Ҳа, инсондан ҳеч қачон ажралмайдиган рукн – намоздир! Шунинг учун ҳам бир муборак ҳадисда “Намоз диннинг устунидир!” дейилган.

Эътибор берсак, намозда Исломнинг барча рукнлари мавжуддир. Намоз ўқир экансиз, ташаҳҳудда “Ашҳаду анлаа илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳамадан абдуҳу ва росулуҳу” дейсиз.

Намозда закот ҳам бор. Маълумки, закот кишининг моли нисобга етгач, ўша молнинг қирқдан бирини фақиру мискинларга бериш эди. Яъни молнинг маълум қисмини беришдир. Мол нима? Мол амалнинг самарасидир. Амал эса вақтнинг самараси. Яъни сиз амални, ишни маълум вақт ичида бажарасиз. Закот бераётганингизда маълум вақт ичида меҳнат қилиб топган пулингизнинг бир қисмини фақирга берганингиздек, намоз ўқиётганингизда ҳам маълум вақт ажратиб ўқийсиз. Ҳа, 24 соатнинг маълум қисмларини намоз учун ажратасиз. Закот берган одамнинг қолган моли покланиб, унга барака кирганидек, намоз ўқиган кишининг бадани, қалби покланиб, қолган вақтларига, ишларига барака берилади.

Намозда рўза ҳам бор. Рўза нима? Рўза – Рамазон ойида тонгдан кун ботгунича ният билан ейиш, ичиш ва жинсий яқинликдан тийилишдир. Намоз ўқиётган одам нафақат жинсий яқинлик, ейиш-ичишдан, балки ортиқча ҳаракат қилишдан, намозда бўлмаган сўзларни гапиришдан тийилади.

Намозда ҳаж ҳам бор. Намозга қулоқ қоққан одам танаси билан қиблага юзланади, кўз олдига Каъбани келтиради.

Аллоҳ таоло барчамизни намозни ўз вақтида, ихлос билан адо этадиган бандаларидан қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий

раҳимаҳуллоҳнинг мавъизалари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

3031 марта ўқилди

Мақолалар

Top