Мақолалар

Муносабат: Фатвога журъат – дўзахга журъат демакдир!

Шу кунларда Интернет ва ижтимоий тармоқларда диний мавзуда тарқатилаётган фикрлар юртдошларимизни бефарқ қолдирмаяпти.

Таъкидлаш жоизки, диний таълимот ўта нозик ва ҳассос бўлгани туфайли диний қадриятлар ва туйғуларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозим. Уларга нисбатан кўр-кўрона муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароси, ким бўлишидан қатъи назар, Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадриятларини ҳурмат қилишга мажбурдир.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда айрим диний илмдан узоқ бўлган шахсларнинг шаръий масалаларда ўзбошимчалик билан сўз юритиб, одамларнинг фикрларини чалғитаётганлари кишиларни қаттиқ ранжитмоқда, мўмин-мусулмонларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Афсуски, бу ишга қўл ураётганлар, қилаётган ишларининг оқибатини ўйлаётганлари йўқ. Улар мен ҳамма нарсани биламан деб ўйлайди-ю, аммо ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам залолат ботқоғига тортаётганларини билмайди. Диний илмсиз одамнинг шариатга оид мавзуда ҳақни айтяпман дейиши ҳудди туғма кўрнинг: “Карвонга ўзим йўл кўрсатаман!” – дейишига ўхшайди.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан ҳукм олиш, шаръий масалаларда фатво бериш учун мужтаҳид ёки уламо мақомига етиш шарт. Айниқса, ҳадиси шариф маъноларининг таржимасини ўқиб, илмсиз равишда ундан ҳукм чиқариб, “Сен шу ҳадисда айтилаётган кишисан” деб жар солишга ҳеч кимнинг мутлақо ҳаққи йўқ!

Илмсиз равишда фатво берувчиларни осмонлару ер фаришталари лаънатлаши, қолаверса, фатвога журъатлилар дўзахга журъатлилар экани ҳадисда очиқ айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Фатвога журъатлироғингиз, дўзахга журъатлироғингиздир”, дея қатъий огоҳлантирганлар (Имом Доримий ривояти).

Ҳалил ибн Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи илм борасида инсонлар ҳақида шундай дейдилар: “Улар тўрт тоифа бўладилар: “Бир киши билади ва у ўзи билишини ҳам билади. У киши олим бўлиб ундан илм олинглар. Бир киши билади ва у ўзи билишини билмайди. У эсдан чиқарувчи бўлиб, унга эслатинглар. Бир киши билмайди ва у билмаслигини билади. У толиби илм бўлиб, унга таълим беринглар. Бир киши билмайди ва у билмаслигини ҳам билмайди. У аҳмоқ бўлиб, ундан қочинглар”.

Шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идораси республикамиздаги расмий фаолият олиб бораётган Ислом дини йўналишидаги ташкилотларнинг марказий бошқарув идораси ҳисобланишини таъкидлаш жоиздир. Идора ўз ваколати асосида шариатга оид масалалар юзасидан барча шаклдаги мурожаатларга халқимиз учун анъанавий бўлган ҳанафийлик мазҳаби асосида фатво ва хулосалар бериб келмоқда.

Айтиш жоизки, ислом таълимотида ҳадиси шарифни тўғри англаш ва ҳукм олиш учун қуйидагилар шарт қилинган:

  1. Араб тилини яхши билиш.
  2. Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш.
  3. Бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб солиштириб кўриш.
  4. Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниш.
  5. Ҳадиснинг собит мақсади ва унга етиш воситаларини ажратиш.
  6. Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билиш.
  7. Ғойибдаги ва ҳозирдаги нарсаларни ажрата билиш ва бошқалар.

Ислом шариати ўзгарувчан тизим эмас. Шариат дунёдаги барча соҳаларга диннинг ҳукмини, чегарасини ва ўлчовини билдиради. Бошқа соҳа вакиллари шариатни ўз қаричлари билан ўлчаб, талқин қилишларига асло изн берилмайди!

Яна бир муҳим жиҳатни эслатиб ўтиш ўринли. Қонун устувор бўлган давлатда ҳар бир фуқародан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини суиистеъмол қилмаслик талаб этилади. Ҳар бир шахс ўзининг диний нуқтаи назари ва динга муносабати билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини Ўзбекистон Республикасининг диний фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганидан ўзгача ҳолатда амалга ошириши ноқонуний диний фаолият ҳисобланади.

Айниқса, халқимизнинг тўқсон фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил этишини ҳисобга олсак, Ислом динига оид масалаларга янада жиддий ёндашиш лозимлиги аён бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фуқароларни Ислом динининг мўътабар манбалари ва қадриятларига тааллуқли мавзуларда салбий баҳс-мунозараларни келтириб чиқарадиган фикр ва қарашларни тарқатишдан сақланишга чақиради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

4804 марта ўқилди

Мақолалар

Top