Мақолалар

ЎЗБЕКИСТОН – “Ҳаж ва умрага талабгорлар қоғозбозлик сабаб сарсон бўлмоқда” номли мақолага раддия

Мамлакатимизда сўнгги уч йил мобайнида миллий урф-одатларимизни тиклаш, муқаддас динимизни, азиз-авлиёларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, табаррук қадамжоларини ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлатимиз Раҳбари томонидан юртдошларимизга ислом динининг улуғ арконлари, жумладан, ҳаж ва умра зиёратларини эмин-эркин адо этишлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилмоқда.

Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан умра квотаси бекор қилинди, мазкур зиёрат йил давомида амалга оширилиши йўлга қўйилди. Бу эса халқимиз томонидан жуда хурсандчилик билан кутиб олинди.

Жорий йил 10 декабрь кунидан эътиборан Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишларида ҳар куни 2 тадан рейс йўлга қўйилди ва ушбу авиарейс йил давомида тўхтовсиз амалга оширилиши белгиланди.

Умра квотасини олиб ташлангани, ушбу сафар билан боғлиқ йиллар давомида йиғилиб қолган навбатларга барҳам беришга қаратилган эди. Ҳозирда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида республикамиз ҳудудларида умра навбатларининг сезиларли даражада камайишига эришилди.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда аксарият вилоятларда жорий навбатлар тугатилди, айримларида эса умра навбати якунига етмоқда.

Авваллари бир йилда (Баҳор ва Рамазон) 10 000 нафар зиёратчи умра амалларини бажариб келиш бахтига мушарраф бўлган бўлса,
2019 йил ноябрь-декабрь ойларининг ўзида 15 000 нафар фуқароларимиз мазкур амалларини бажариб қайтадилар. Албатта бундай қулайликлар халқимизни фақат мамнун этмоқда.

Зиёратчиларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида умра сафарига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизими ишлаб чиқилиб, ҳозирда тизим синовдан ўтказилмоқда.

Унга кўра, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ҳаж”
ва “Умра” масалалари бўйича ташкилий гуруҳлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этилган рўйхат асосида умра сафарига борадиган фуқароларни ягона онлайн навбатига киритиб боради.

Ушбу ҳолат умра зиёратига навбатга олишдаги турли коррупция кўринишларига барҳам бериб, шаффофлик ва адолатликни таъминлайди.

Минг афсуски орамизда бундай ижобий ислоҳотлар
ва янгиликларни кўра олмайдиган, тирноқ ичидан кир қидирадиган инсонлар ҳам йўқ эмас.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “ЎЗБЕКИСТОН – “Ҳаж ва умрага талабгорлар қоғозбозлик сабаб сарсон бўлмоқда” номли мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши таркибига ўнга яқин вазирлик ва идоралар раҳбарлари киритилган. Кенгаш чиқараётган барча қарор ва тавсиялар фуқароларимизнинг ибодат билан боғлиқ бўлган амалларни бекаму-кўст бажаришларига замин яратишдан иборатдир.

Аслида мақолада иддао қилинаётган тиббий кўрик масаласи Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабларига асосан амалиётга жорий этилган.

Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасига ўзбекистонлик фуқаронинг тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат тақдим қилингандан сўнггина Саудияга кириш визаси расмийлаштирилади.

Маълумки, умра мавсумида Саудия Арабистонига бир вақтнинг ўзида миллионлаб зиёратчилар келиши боис, улар орасида турли касалликларнинг тарқалиши эҳтимоли юқори бўлади.

Ушбу ҳолатни инобатга олиб, зиёратчиларимизни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича талаблар, авваламбор, хорижда уларнинг соғликлари
ва тиббий хавфсизлигини таъминлаш, қолаверса мамлакатимизга турли юқумли касалликларнинг кириб келишини олдини олишга қаратилган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларига борадиган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг барча босқичларини юртдошларимиз яшаётган ҳудудларнинг ўзидаги марказий кўп тармоқли поликлиникаларида бепул  ташкил этиш йўлга қўйилди.

Мақолада “тиббий кўрик масаласи сайёҳлик фирмаларида жорий қилинмаган бўлсада, улар умра сафарига бормоқдалар” дейилган.

Аслида эса, Саудия Арабистонига кираётган ҳар бир зиёратчи тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Тиббий сертификати бўлмаган фуқароларга Саудияга кириш визаси тақдим қилинмайди.

Бундан келиб чиқадики, аксарият сайёҳлик фирмалари Саудияга кириш визаларини қандай қалбакилаштираётган бўлса (ҳозирги кунга қадар Саудия Арабистонининг Жидда ва Мадина шаҳарлари аэропортларидан кўплаб ўзбекистонлик фуқаролар қалбаки виза сабабли депортация қилинаётганликлари маълум), тиббий сертификатни ҳам шу йўл билан қўлга киритмоқда.

Мақолада “сафар учун тўлов фақат нақд пул кўринишида амалга оширилади” деган маълумотга изоҳ сифатида тўловлар нақд ёки нақд пулсиз тартибда, ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилишини маълум қиламиз. Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг
12-бандида белгиланган.

Шунингдек, мақоладаги “бундай ҳолатлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўйлаб топилган” деган даъвога жавобан, умра зиёратига бориш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли мазкур Қарори билан аниқ ва тушунарли тарзда белгиланганини алоҳида таъкидлаймиз.

Қолаверса, “тиббий текширувлар узоқ вақт олади” деган иддао Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўрганиб чиқилганда текширувлар
3 соат ичида ўтказилиши, лаборатория таҳлиллари жавоби эса
2 кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилиши аниқланди.

Доно халқимизда “инсон ҳаётда яхшиликларни кўриб, завқланиб яшаши лозим” деган пурмаъно гап бор. Шундай экан, халқимиз томонидан зўр хурсандчилик билан қабул қилинаётган хайрли ишларни мамнуният билан эътироф этишни ўрганайлик.

Ҳурматли “ЎЗБЕКИСТОН – “Ҳаж ва умрага талабгорлар қоғозбозлик сабаб сарсон бўлмоқда” номли мақола муаллифи! Сизга айтадиган биргина гапимиз бор, у ҳам бўлса, Муқаддас Қуръони каримда айтилганидек: “Фитна – қотилликдан ҳам ёмонроқдир” (Бақара сураси 191-оят).

Фитналардан эҳтиёт бўлайлик!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

2442 марта ўқилди

Мақолалар

Top