Мақолалар

Китоб сайллари, 40 дан ортиқ янгидан қурилаётган масжидлар, 584 та тинч ҳаётга қайтган оилалар - Тошкент вилояти вакиллигининг йил сарҳисоби

Якунига етган йил мамлакатимизда барча йўналишларда бўлгани каби диний-маърифий сохада ҳам янгиликлар, ислоҳотларга бой йил бўлди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ислом маърифатини таратиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим, муассасалари билан ҳамкорлик йўлида кўплаб эзгу ташаббуслар, хайрли лойиҳаларга қўл урилди. Бу ишлар негизида имомлар, диний соҳа ходимлари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги ўтган 2019 йилда соҳада амалага оширилган муҳим ишлар, ютуқларнинг сарҳисобини эълон қилди. Унга кўра:

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 9 сентябрдаги“Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган 2019 йил давомида ҳафтанинг ҳар жума кунлари ҳар бир туман ва шаҳарлардаги жоме масжидларда “Китоб сайллари” ташкил этилди. Ҳар бир китоб сайлида 300 дан ортиқ диний-маърифий, бадиий китоблар савдоси арзон нархларда йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа орқали вилоятнинг чекка ва олис ҳудудларидаги аҳолига китобларни арзон нархларда етказиб бериш ва уларда китобхонлик муҳитини оширишга эришилмоқда. 

  • 2019 йилда бинолари эскириб, нураб қолган, таъмирга муҳтож масжидларни замон талабига мос, шаҳарсозлик анъаналарига мувофиқ ҳолда қайта қуриш ишларига катта аҳамият берилди. Ҳозирги вақтда вилоят бўйича 40 дан ортиқ масжидлар халқ ҳашари йўли билан  янгидан қурилмоқда.

 

  • Жойлардаги ФҲДЁ бўлимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги яраштирув комиссияси ҳамкорлигида имом-хатиб, имом ноиблари тоомнидан вилоят бўйича жами 785 та оилавий ажрим остонасида турган оилалар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, улардан 584 та оила сақлаб қолинишига эришилди.

 

    • Масжид имомлари томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган ёрдамга муҳтож жами 1954 нафар кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларга жами 442.560.000 сўм миқдорда турли моддий ёрдамлар улашилди.

    • Тошкент вилоятида фаолият юритаётган 10 нафар ўрта-махсус маълумотли имом-хатиблар Тошкент ислом институтида илк бор ташкил этилган Модуль таълим тизимига мақсадли равишда ўқишга қабул қилиндилар.

    • Оҳангарон тумани Абдуқаҳҳор махсум жоме масжиди имом-хатибиАбдулбосит Нусратуллаев “Энг маърифатли имом – 2019” кўрик танловининг Республика босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

    • Тўрт нафар имом-хатиб хорижий давлатларда ташкил диний-маъриифий тадбирлар, Рамазон ойида хатми Қуръонларда иштирок этиб, мусулмонларнинг таҳсин ва ташаккурларига сазовор бўлдилар.

    • Махсус ҳайъат томонидан вилоятда фаолият юритаётган отинойиларнинг билимлари синовдан ўтказилиб, иш фаолиятлари таҳлил қилинди. Суҳбатлардан қониқарли ўтган номзодларнинг 278 нафар номзодга илк бор отинойилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи учун гувоҳномалар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

2067 марта ўқилди

Мақолалар

Top