Мақолалар

ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ

Ўзбекистон терроризм, экстремизм ва радикализм мафкурасига қарши кураш борасида ҳамиша принципиал позицияга эга бўлиб келган. Бундай хавф-хатарларга қарши фақат куч ишлатиш усуллари билан эмас, балки биринчи навбатда, айниқса ёшлар ўртасида, зўравонликни келтириб чиқарадиган жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим

Ш. Мирзиёев

Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини билан бирга бошқа самовий динлар ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. Дин туфайли инсоният минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини омон сақлаб келган. Шу нуқтаи назардан қараганда, одамларнинг эътиқоди ва диний ҳиссиётларидан фойдаланиб, экстремистлар ва террорчилар томонидан содир этилаётган жиноятлар уларнинг асл қиёфасини намоён этмоқда, дейиш мумкин.

Экстремистик ҳаракатларнинг энг қуйи табақаси кўпинча сиёсий тусга эга бўлмаган, майда зўрлик ва инсонлар содир этадиган унсурлар билан боғлиқ бўлади. Бундай зўрликнинг сиёсийлаштирилиши терроризм томон қўйилган биринчи қадам бўлади. Қадим ўтмишга назар ташланса бундай сиёсий жараёнлар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган офат эмас. Унинг тарихи инсоният тарихи билан биргадир. Одам ва Ҳавонинг ўғиллари Қобил ва Хобилларнинг орасидаги кўраолмаслик, ҳасад натижасида уларнинг бирини ўз биродари томонидан ўлдирилиши ҳам дастлабки террордир. VIII аср бошларида арабларга қарши курашган Хоразм шаҳзодаси Хурзод, Самарканд султони Мирзо Улуғбек ҳам терроризм қурбони бўлдилар. 1881 йилда Россия императори Александр II, 1884 йилда Франция Президенти Сади Карно, 1990 йилда Италия қироли Умберто I, 1901 йилда Америка Президенти Уильян Маккели, 1973 йилда Чили Президенти Сальвадор Альенде, 1978 йилда Италия бош вазири Альдо Моро, 1981 йилда Миср Араб Республикаси Президенти Анвар Саодат, 1984 йилда Ҳиндистон бош вазири Ражив Ганди ва ўзбек жадидлари Чўлпон, Фитрат, Қодирий каби илғор шахслар ҳам терроризм қурбони бўлган эдилар. 1937-1939 йилларда Ўзбекистон НКВДси томонидан 40.000 киши қамалиб, 36.800 киши судланди ва олти мингдан зиёд кишининг қатл этилиши оммавий террор эди.

Ҳаёт йўллари бир текис эмас. Агар ортга назар ташланса, бундай мудҳиш воқеаларни яна кўплаб мисол қилиб келтириш мумкин. Бугунги кунда ҳам Яқин шарқ мамлакатлари ва бошқа бир қатор мамлакатларда содир этилаётган қонли урушлар ва қирғинбаротларни кўриб хулоса чиқарган ҳолда мамлакатимизни ташқи ғаразли кучлардан асраш ва тинч, осойишта ҳаётимизни қадрига етиб яшашимиз лозимлигини айтиб ўтиш мумкин.

Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, ҳар бир даврда мудҳиш жараёнларга жамики инсоният қарши курашни амалга ошириб келган-ки, бугунги кунда ҳам бундайин диний экстремистик ва терористик ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган қабиҳ ҳодисаларга бутун дунё ҳамжимияти биргаликда кураш олиб бормоқда. Мазкур соҳадаги амалий саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш мақсадида, илғор хорижий тажриба асосида 2018 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда экстремизм тушунчасининг мазмун-моҳияти, унга қарши курашишнинг чоралари ва тамойиллари, ҳамда бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари чуқур таҳлил асосида мустаҳкамланган. Қолаверса, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади» – деган эди. 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши                                            Президентимиз илгари сурган ташабуснинг амалий ифодаси бўлди. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди.                                                       

                                                             

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом таълим муассасаси услубчиси

                                                                                         Хуршида Усмонова                       

 

8468 марта ўқилди

Мақолалар

Top