Мақолалар

Ёшлик – ҳисоби сўраладиган неъматдир

Инсонга берилган неъматлар, имкониятлар ичида энг бебаҳоси ва қадри баланди бу – вақтдир. Вақтнинг қийматини, жавобгарлигини ҳис қилиш учун ушбу ҳадис кифоя қилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нимага сарфлагани, молини қаердан топиб қаерга сарфлагани ва илмига қай даражада амал қилгани ҳақида”. (Имом Термизий ривояти)  

Ҳадисга эътибор беринг: қиёмат кунида бандадан энг аввал сўраладиган тўрт неъматнинг аввалги иккитаси айнан вақт ҳақидадир. Умри ва ёшлиги.   Аллоҳ таолонинг бандага берган беҳисоб неъматларининг ичида энг аввало вақт ҳақида сўрашлигининг ўзи ҳам, бу неъматнинг қадри қанчалар улуғлигини эътироф этади.

         Яна бир ажиб жиҳати шундаки, Аллоҳ таоло инсоннинг ёшлигидан алоҳида ҳисоб қилади. Агар тафаккур қилинса, инсон умридан сўрашлигининг ўзида инсон ҳаётининг барчаси, туғилгандан вафот этгунга қадар бўлган жараён, яъни, ёшлиги-ю қарилиги бирдек кириб кетиши керак эди. Бироқ, айнан, ёшлик давридан сўрилишининг алоҳида таъкидланиши, ёшлик даврининг ҳам алоҳида неъмат, алоҳида имконият эканлигини билдиради. Гарчи, ёшлик умрнинг бир бўлаги ҳисоблансада, унинг бошқа даврлардан ажраб турадиган ўзига хос қиймати, имконият ва шароитлари бор. У икки заифлик, яъни, гўдаклик ва қариликдан фарқли ўлароқ, куч-қувватга, ғайрат ва шижоатга тўлган бир даврдир.

         Инсон балоғатга етгунга қадар у учун баъзи имкониятлар чекланган бўлади. Унда шаҳват, гуноҳ ва маъсиятга мойиллик, ёки, савоб ва гуноҳни ажратиш учун ақл – идрок бўлмайди. Кимнингдир ёрдамисиз ўзича бир ишни  амалга оширолмайди. Доимо кимгадир муҳтож бўлади. Қариган чоғида ҳам худди шундай. Гарчи, ақл идроки бўлса ҳам, шаҳватларга, гуноҳ ва маъсиятга мойил бўлиб турсада, жисмонан куч қувватдан қолгани, кўп имкониятлари чеклангани сабабли унда кўп гуноҳларни амалга оширишга имкон бўлмайди. Шунинг учун, бу икки давр ҳам инсоннинг заифлик даври деб аталмоқда.

         Бу икки даврдан фарқли ўлароқ, ёшлик, ўсмирлик,  даври имкониятлар давридир. Инсонда куч-қувват, ғайрат ва шижоат, шаҳватларга мойиллик, моддий маблағ ва яна бир қанча имкониятлар берилган пайт бўлади. Нафс билан, шайтон билан курашиш учун энг муносиб давр бўлади. Синов ва имтиҳонлар майдони бўлади. Айнан шу пайтда, гуноҳ иш қилишга ҳам, савоб иш қилишга ҳам имконияти бўлиб турган ҳолда ўз ихтиёри билан гуноҳ йўлни танлаган кишининг ҳам қиёматдаги саволи оғир бўлади. Ёки, ўз ихтиёри, Роббисидан, Унинг азобларидан  бўлган қўрқуви, Унинг ваъдаларидан бўлган умидворлиги сабаб солиҳ амалларга шошилган, яхшилик ва  ибодат йўлини танлаган кишининг ажри ва мукофоти эса жудаям улкан бўлади. Бу ҳақда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур бир ҳадилари бор: “Етти киши борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда уларни Ўз соясида соялантиради: Адолатли имом-раҳбар; Роббисининг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғланган киши; Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши; мансабли ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, деган киши; махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмаган киши; Аллоҳни холий зикр қилиб, кўзёши тўккан киши”. (Муттафақун алайҳ)

         Ушбу ҳадисда қиёмат кунида, фақатгина Аллоҳ таолонинг ёрдамига муҳтож бўлинадиган, Унинг раҳматидан умид қилинадиган фурсатда Аллоҳ таоло етти нафар инсонни Ўз соясига, ёрдамига, раҳматига дохил қилиши ҳақида хушхабар берилмоқда. Ушбу етти тоифа кишилар ичида “Роббисининг ибодатида улғайган йигит” дея ёшлигини ибодатга ва солиҳ амалларга бағишлаган йигитнинг зикр қилиниши ҳам, бу даврнинг нечоғлик қадрли ва ғанимат эканлигига далолат қилади.

         Хулоса шуки, бу даврда қилинган озгина солиҳ амал қариганда, куч қувват ва имкониятлардан қолган пайтда қилинган кўп амаллардан афзал ҳисобланади. Қолаверса, Аллоҳ таоло тақводор, ибодатли қариядан кўра, Ўзидан қўрққан ёшларни кўпроқ яхши кўради. Демак, ҳар бир инсон ушбу ёшлик даврини ғанимат билиши, ундан оқилона фойдаланиши, дунё ва охирати учун, келажаги учун асқотадиган фойдали илм, муносиб бир касб – ҳунар, дин, миллат, юрт ва жамият ривожига ҳисса қўшадиган фойдали амаллар билан ўтказиши лозим бўлади.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

3292 марта ўқилди

Мақолалар

Top