Мақолалар

“Ўзбекий” тепалиги ҳақида

Маълумки, дунёнинг кўплаб давлатларида “ўзбекий”, “ўзбеклар” номи билан танилган жойлар мавжуд. Масалан, Миср араб республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида “ал-Ҳадиқа ал-Ўзбекиййа(“Ўзбекиййа” боғи)”, “ас-Сур ал-Ўзбекий(“Ўзбекий” қўрғони)”, “ал-Ҳайй ал-Ўзбекий(“Ўзбекий” маҳалласи) номлари билан аталувчи кўча ва хиёбонлар бор. Айтишларича, илгари Буюк Ипак йўли бўйлаб сафар қилган карвонлар Мисрга келганда юқорида зикр қилинган мавзеларда тўхтаб ўтишган экан. Айниқса, “ас-Сур ал-Узбекий” минтақаси диққатга сазовор жой саналган.  

Ана шундай қадимий ва диққатга сазовор жойлардан бири Эрондаги Албурз вилоятининг Назаробод туманида жойлашган “Ўзбекий” тепалигидир. Унинг баландлиги 26 метрдан иборат бўлиб, у марказий тепаликка ва “Тахтгоҳ”, “Жайрон”, “Морол”, “Душон”, “Ён” ва “Гавмеш” деб номланган олтита пастроқ тепаликлардан иборат бўлган. Археологлар томонидан ушбу тепалик атрофида олиб борилган қазилма ишлари натижасида “Жайрон” тепалиги ҳудудида энг қадимий ғиштлар топилган.

Маълум бўлишича, 4000 йил олдин ушбу тепалик ҳудудлари Мидиялар қавмининг яшаш маскани бўлган. Кейинчалик, одамларнинг эътиборсизлиги сабабли ушбу тарихий тепаликлар текисланиб, экинзорларга айлантирилган.

Хулоса қилиб айтганда, дунёнинг турли минтақаларида “Ўзбекий” номи билан аталувчи манзилларнинг борлиги, ўзбек халқининг илдизи қадим тарихга бориб тақалишини, шунингдек, тарих саҳифаларида ўзбекларнинг ўчмас изи ва ўрни борлигини билдиради.

  

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси 
 Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

  

 

4696 марта ўқилди

Мақолалар

Top