Мақолалар

Ватан ҳимояси бурчимиздир

Ватан ҳимояси мавзусида сўз борганида, беихтиёр Темур Малик қиссаси ёдимга тушади. Темур Малик она Ватанини қандай севди ва ардоқлади? Унинг қанчалаб умри ўз юрти тупроғига ғаним оёқ босмаслиги учун бедор кечди. Тунларни кунларга, кунларни тунларга улади. Жангларда босқинчи ёвга мардонавор тик боқиб: ”Бу муборак заминни  босишингга, топташингга йўл қўймайман”, - дея, Ватан ҳимояси йўлида ҳаттоки, сўнгги томчи қонини нисор этди.

     Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг рўёбга чиқиши аввало Аллоҳ таолонинг инояти ҳамда жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳақиқатдир. Сир эмаски, ҳозир дунёнинг айрим мамлакатларида беқарорлик, террорчилик каби миллат танламас иллатлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда. Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмакон диёримизда тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ҳамда шу барқарорлик ва осойишталикни асраб-авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди.

Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ҳамда    маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш тарзини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. Ана шу ютуқларимизда бугунги замон талаблари асосида шаклланган қуролли кучларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг таъминланишига хизмат қилади.

Шу мақсадда, 1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Республикамиз қуролли кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”деб эълон қилинди. Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга  келса, ана шу ер унинг она-ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун қимматли даргоҳдир. Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир. Ватан ҳимояси барчамизнинг бурчимиздир.

                                                                                      Абдулбосит Мамадалиев,

Наманган шаҳридаги “Абдуллоҳ ибн Масъуд” жомеъ масжиди имом хатиби

 

2470 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top