Мақолалар

“Искандар Зулқарнайн” - “Александр Македонский” ми?

Баъзи кишилар Александр Македонский билан Искандар Зулқарнайнни иккаласи битта шахс дейишса,айрим кишилар эса Искандар Зулқарнайнни Александр Македонскийга ҳеч қандай алоқаси йўқ дейишади.

 Аввал Александр Макодонский ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у тарихий шахсдир. Тарих саҳифаларидан маълумки,милоддан аввалги 360 йилда Македонияда Филип (II)тахтга ўтиради. Милоддан  аввалги 336 йилда Филип (II) ўлдирилади ва унинг 20 ёшли ўғли Александр отасининг тахтини эгаллайди. Александр Македонский   Кичик Осиё, Сурия, Фаластин, Финикия, Миср ерларини қўлга киритади. Александр Македонский  Афғонистоннинг жанубий томонларини эгаллаб,Ҳиндиқуш тоғлари орқали Ўрта Осиёга ҳам кириб келади. Ўрта Осиёдаги  Бақтрия, Сўғдиёна, Марғиёнани эгаллайди. Милоддан аввалги 324-327 йилларда у Ҳиндистонни забт қилади. Александр Македонский милоддан аввалги 323 йилда вафот этади.

  Искандар Зулқарнайн  ҳақида эса  “Қуръони Карим”нинг  “Қаҳф” сураси 83-98-оятларида шундай дейилади: “ ( Эй Муҳаммад) Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “ Мен сизларга у ҳақдаги хабарни ҳозир ўқиб берурман”. Дарҳақиқат, Биз ун (Зулқарнайн) га бу ер юзида мартаба бердик ва ( истаган) барча нарсасига йўл (имконият) ато этдик. Бас, у (аввал Ғарбга қараб) йўл олди. ( Кетаётиб) Қуёш ботадиган жойга етгач, унинг (қуёшнинг) бир лойқа ( ёки қайноқ) булоқ(орти)га ботаётганини кўрди ва (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз:“Эй Зулқарнайн! Ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомилада бўлурсан”, -дедик. У айтди:“ Зулм қилган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У зот уни янада хунук азоб билан азоблагай. Энди иймон келтириб эзгу иш қилган кишига келсак, унинг учун гўзал мукофот ( жаннат) бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осонларини буюрурмиз”. Сўнгра, у (шарққа қараб) йўл олди. (Кетаётиб) қуёш чиқадиган жойга етиб боргач, унинг(қуёшнинг) бир қавм узра чиқаётганини кўрди. Биз улар учун ундан (қуёшдан тўсувчи)  бирон парда қилмаган эдик. (Унинг иши)  шунақа. Албатта, Биз  унинг ҳузуридаги илмларни иҳота қилиб олганмиз. Сўнгра, у яна йўл олди. (Кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни сира  англай олмайдиган қавмни учратди. Улар: “Эй Зулқарнайн! Албатта, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари)Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) ҳақ тўласак, биз билан уларнингўртасига бир тўғон қуриб берурмисан?” -дедилар.   (Зулқарнайн) айтди: “ Раббим менга ато этган нарсалари  сизлар берадиган нарсадан яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам берингиз, токи мен сизлар билан  уларнинг ( Яъжуж ва маъжужнинг) ўртангизга бир тўсиқ (тўғон)  бино қилай. Сизлар менга темир парчаларини келтирингиз, то (парчалари) иккала тоғ ёнбағирлари  билан баробар бўлгач, (оловга) дам урингиз!”-деди.  Бас, қачон у ( темир-терсакларни) оловга айлантиргач (эритгач) , деди:             “ Менга эритилган мис ҳам келтирингиз, токи унинг( темир парчаларининг) устидан қуяй! Ана, энди улар (Яъжуж ва маъжужлар) унинг ( тўсиқнинг) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир бўлмай қолишди. “Бу Раббим (томони)дан бўлмиш бир марҳаматдир.               Энди, қачонки, Раббимнинг (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида       ( Қиёмат олдидан), Ўзи у(тўсиқ)ни теп-текис қилиб қўяр. Раббимнинг ваъдаси ҳақдир”, -деди у [1]”.

                   Бу оятларнинг тафсири ҳақида Шайх Усмонхон Алимов муфтий ҳазратлари ўзларининг “ Тафсири Ирфон” китобларида: “Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида салтанат, мол-дунё, қўшинлар ва бошқа катта имкониятларни берган эди. У мағриб(кун ботар томон) ва машриқ ( кун чиқар томон) орасида кезгани учун унга Зулқарнайн ( икки шохли) деб лақаб берилган. Шунингдек, Аллоҳ таоло унга ҳукм юритиш, иморат қуриш ва ободончилик, давлатни мустаҳкам тутиш каби ишларнинг сабабини ҳам ўргатган эди[2]”деб ёзадилар.  

           Қуръони Каримда берилган Искандар  Зулқарнайн билан македониялик Александр Македонский ўртасида бир қанча фарқлар бор.Шу фарқлардан айримларини келтирамиз.

                       “ Қуръони Карим”да қиссаси берилган Искандар Зулқарнайн Аллоҳнинг ягоналигига иймон келтирган, солиҳ инсон бўлган. Алексанр Македонский ҳақида эса бу нарсалар тарихий манбаларда баён қилинмаган. Бу ҳақда “Тафсири Ирфон”да шундай дейилади: “ Макка мушрикларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган нарсалари ичида ғор эгалари ва руҳдан ташқари Зулқарнайн ҳам бор эди.Зулқарнайннинг шахси, унинг қаерда ва қачон яшагани, борган жойлари, қилган ишлари ҳақида жуда кўп гаплар, фараз-тахминлар бор. Улардан айримлари тафсир китобларимизда ҳам келтирилган. Аммо буларни ҳеч ким айнан Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн ҳақида, деб узил-кесил айтолмайди. Масалан, баъзилар“ Қиссадаги Зулқарнайн Македонияли Искандар”, дейишган.  Бу гап хатодир, чунки македонияли Искандар Аллоҳнинг ягоналигига ишонган мўмин бўлган эмас, Қуръондаги Зулқарнайн эса мўмин одамдир[3]”. Ва яна Шайх Абдулазиз Мансур  “ Қуръони Каримнинг таржима ва маънолари” китобларида: “ Қуръонда зикр этилган Зулқарнайннинг исми Искандар бўлиб, Сулаймон (а.с.) каби дунёни эгаллаган ҳукмдорлардандир. Ўтмишда кофирлардан ҳам икки подшоҳ - Намруд ва Бухтунассир дунёга ҳукмдор бўлишга уруниб кўрган, дейилади. Зулқарнайннинг пайғамбар ёки валий ёхуд подшоҳ эканида ихтилоф бор. Али (рз.): “ У солиҳ банда бўлган ва Аллоҳ унга ер подшоҳлигини, илм ва ҳикматни ато этган. Аллоҳ йўлида бошига урилган зарбадан икки бор ўлиб тирилгани учун унга “зулқарнайн”, яъни “ икки шохли” лақаби берилган”, деганлар[4]” деб ёзадилар. 

 Алексанр Македонский Исо пайғамбар туғилишларига яқин даврларда яшаган.                   “ Қуръони Карим”да қиссаси берилган Искандар Зулқарнайн эса Иброҳим алайҳиссалом даврида яшаган. Бу ҳақда ҳам “ Тафсири Ирфон”да: “ Ибн Ҳажар Асқолоний “ Фатҳул-Борий”да шундай ёзади: “ Улкан тобеъин фақиҳлардан Убайд ибн Умар йўлидан ривоят қилинишича, Зулқарнайн пиёда ҳаж қилган ва унинг хабарини эшитган Иброҳим алайҳиссалом Зулқарнайнга пешвоз  чиққанлар”. Абдуллоҳ ибн Аббосдан ( розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича, “ Зулқарнайн Масжидул-Ҳаромга кирган, Иброҳим алайҳиссалом унинг қўлини олиб кўришган”. Ибн Ҳишом ёзади: “ Иброҳим алайҳиссалом бир масалада Зулқарнайндан ҳукм сўради, Зулқарнайн унга ҳукм чиқариб берди[5]”. Ибн Ҳажар айтади: “ Мазкур ривоятлар бир-бирини тасдиқлаб-қувватлаб келяпти”.  Яна бу ҳақда Ибн Касирнинг “ Тафсирул-Қуръонил-аъзийм” номли китобларида шундай дейилади:              “ Искандар Зулқарнайнни румлик деювчиларнинг далиллари кучсиздир. Румлик Искандар  Филис ( Филип )  ўғли Мақдуний ( македониялик)дир.  Қуръонда  келган Зулқарнайн тўғрисида Азроқий  бундай дейдилар: “ (Искандар Зулқарнайн)  Байтуллоҳни Иброҳим (с.а) билан бирга  тавоф қилган,  вазири Хизр а.с. бўлган.  Искандар Мақдунийнинг вазири эса машҳур файласуф Аристотолий (Аритотель)  бўлган. У (Александр Македонский) Исо алайҳиссаломдан олдин,  милоддан олдинги (336-323)  йилларда ҳукмронлик қилган [6]”.  

                     Александр Македонский македониялик бўлиб, Искандар Зулқарнайн эса ривоят қилинишича мисрлик бўлган. Бу ҳақда “ Тафсири Ирфон”да:  “Ибн Исҳоқ шундай ёзади: “ Менга ўтганларнинг илмидан олиб, ажамлардан ривоят қиладиган одамлардан бирининг айтишича, Зулқарнайн мисрлик киши бўлиб, исми Марзубон ибн Марзуба Юнонийдир. У Юнон ибн Ёфас ибн Нуҳнинг авлодидан бўлган[7]” дейилади. 

                 Александр Македонский милоддан олдинги 356 йилда туғилиб, 33 ёшида ўз давлатининг янги пойтахти Бобилда вафот этган бўлса, “ Қуръони Карим”да қиссаси берилган Искандар Зулқарнайн  “ Искандария” шаҳрини барпо қилган. “Тафсири Ирфон”да:  “ Ибн Ҳишом эса бундай дейди: “ У (Зулқарнайн) нинг исми Искандардир, Искандарияни барпо қилган одам шу. Шунинг учун унга нисбат берилиб, “ Искандария” дейилган”                 ( Сийратун-Набавийа) [8]” дейилади. 

                      Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам Александр Македонский Искандар Зулқарнайн эмаслигига ўзларининг “ Зикр аҳлидан сўранг” китобларида шундай жавоб берадилар: “ Мисол учун, баъзилар: “ Қиссадаги Зулқарнайндан мурод македониялик Искандар” дейишган.  Бу гап умуман нотўғри, чуки у мушрик одам бўлган, бутларга, юлдузларга сиғинган. Македониялик Искандрнинг номи Александр Македонский бўлиб, тахминан милоддан 330 йил олдин ўтган ва Арастунинг шогирди бўлган. Дунёнинг кўп ерларини ишғол қилган, Форсда уруш олиб борган. Подшоҳ Дорони енгиб унинг қизига уйланган ва ҳоказо.  Имом Шавконий ушбу маълумотларга хулоса ясаб, Александр Македонский Қуръони Каримдаги Зулқарнайн деган гапга раддия беради: “ Бу жуда ҳам мушкул! Чунки у кофир бўлган. Арастунинг шогирди бўлган, кўриниб турибдики, Зулқарнайн солиҳ банда бўлган.  Аллоҳ унга кенг мулкни берган ва бунга Қуръон ишора қилган”.  Зулқарнайн мағриб ва машриқнинг  чекка жойларигача борган, Яжуж ва Маъжуж қавмига йўлиқиб, уларни тўғон билан тўсиб қўйган.Александр Македонскийни мазкур нарсаларнинг бирортасига  муяссар бўлгани тарихда маълум эмас. “Зулқарнайннинг Александр  Македонский билан чалкаштирилишига асосий сабаб, арабларнинг Александрни арабчалаштириб Искандар деб аташганлари бўлган” дейишади баъзи мутахасисилар[9]”.

                 Юқорида баён қилинган фарқларга асосан биз “ Қуръони Карим” да қиссаси келтирилган Искандар Зулқарнайн билан македониялик Александр Македонский битта шахс эмас, балки улар алоҳида-алоҳида шахс деган хулосага келамиз. 

                                      Руҳиддин АКБАРОВ,

Қарши тумани “ Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имоми.

 

[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. “ Тошкент Ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент. 2018. 302-304-бетлар.

 

[2] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон ”. Тошкент. “ Шарқ ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.

[3] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон”. Тошкент. “ Шарқ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.

[4] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “ Тошкент Ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент. 2018. 303-бет.

[5] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон”. Тошкент. “ Шарқ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.

[6] Ибн Касир “ Тафсирул-Қуръонил-аъзийм”. “ Дорул-маърифа” Байрут. 1989. 40-41-бетлар.

[7] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон”. Тошкент. “ Шарқ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.

[8] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон”. Тошкент. “ Шарқ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.

[9] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳммад Юсуф. “ Зикр аҳлидан сўранг ”. “ Ҳилол-нашр” нашриёти. 2018. 2-жилд. 40-41-бетлар.

20893 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « “Асрни ўқидингми?” Тавбанинг шартлари »

Мақолалар

Top