Мақолалар

Мотуридий ақидасида имон масаласи

         Маълумки, аҳли сунна валжамоа ақидасида асосий иккита мазҳаб мавжуд бўлиб, улар мотуридия ва ашъария мазҳабларидир. Бу икки мазҳабнинг орасида унчалик катта бўлмаган, жузъий тафовутлар мавжуд бўлиб, мана шу тафовутлардан бири мўминнинг имони зиёда ва ноқис бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги масаладир.

         Бу масала устида ҳар икки мазҳаб уламолари узоқ баҳс ва мунозаралар олиб боришган. Ашъарийлар имон зиёда ва ноқис бўлишликни қабул қилади, десалар, мотуридийлар эса, имон зиёда ҳам бўлмайди, ноқис ҳам бўлмайди, балки тоат ибодатлар билан унинг нури ва қуввати зиёда бўлади, гуноҳ ва маъсиятлар билан унинг нури хира тортиб, заифлашиб боради, дейдилар. Ҳар икки мазҳаб уламолари ҳам ўзларининг фикрларига Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар с.а.в.нинг ҳадисларидан далиллар келтирадилар. Масалан, Қуръони каримдаги қуйидаги оятни ҳар икки мазҳаб уламолари ўзларича таъвил қилишган:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آَيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

яъни: “Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган кишилардир”. (Анфол сураси, 2-оят).

         Бу мавзудаги тортишувнинг хулосаси, охир оқибатда ўртадаги тафовут жуда ҳам катта эмас, балки фақатгина лафзларда ҳар хил талқин қилиниши эканлиги билан якун топади.

         Имоннинг зиёда ва ноқис бўлиши ёки бўлмаслиги масаласининг пайдо бўлиши аслида имонга берилган таърифга бориб тақалади. Бошқача қилиб айтганда, имоннинг рукни нечта эканлиги борасидаги ихтилоф натижасида юқоридаги масала келиб чиққан.

         Ашъарий мазҳаби бўйича имоннинг рукни учта, қалб билан тасдиқлаш, тилда иқрор этиш ва амал қилишдир. Бизнинг мотуридия ақидамиз бўйича имоннинг рукни иккита, тасдиқ ва иқрор. Аммо, амаллар имоннинг таркибига кирмайди. Айнан мана шу масала жуда ҳам кўп низоларга сабаб бўлган. Яъни, амалларни имоннинг таркибига киради дейиш билан, амал қилмаган кишини имонсиз дейиш келиб чиқади. Аммо, ҳар икки мазҳабда ҳам кабира гуноҳ қилган кишини имонсиз, ёки кофир дейиш мумкин эмаслиги таъкидланган. Шу ҳижатдан бу масалада ҳам мазҳаблар ўртасидаги тортишув лафзий эканлиги шу билан аён бўлади.

         Энди имоннинг зиёда ва ноқис бўлиш ёки бўлмаслиги масаласига қайтадиган бўлсак, юқорида айтиб ўтганимиздек, бизнинг мотуридия ақидамизга кўра имон зиёда ҳам бўлмайди, ноқис ҳам бўлмайди. Балки, унинг нури зиёда ва ноқис бўлиб туради. Бу хусусда “Ал-фиқҳул акбар” китобида шундай дейилган:

الايمان هو الاقرار و التصديق. و ايمان اهل السماء و الارض لا يزيد و لا ينقص من جهة المؤمن به و يزيد و ينقص من جهة اليقين و التصديق. و المؤمنون مستوون في الايمان و التوحيد متفاضلون في الاعمال.

яъни: Имон – бу иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирилмиш нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб-кўпайиб туради. Мўминлар имонда, тавҳидда, ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар.

         Бу масала “Ақоиди насафия”да шундай баён қилинган:

الايمان هو التصديق بما جاء به من عند الله و الاقرار به. و اما الاعمال فهي تتزايد في نفسها.

و الايمان لا يزيد و لا ينقص.

яъни: Имон – бу Аллоҳ томонидан келган барча хабарларни тил билан иқрор ва дил билан тасдиқ этишдир. Амаллар эса кўпайиб-озайиб туради. Имон эса кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам (балки унинг нури зиёда ва кам бўлиб туради).

         Демак, имон бир бутун нарса. Унинг ноқис бўлиши мумкин эмас. Чунки, унинг ноқис бўлиши шак демакдир. Шак эса куфр демакдир. Шу жиҳатдан ҳам имон ноқисликни қабул қилмайди. Бу борада “Ақидатут таҳовия”да шундай баён қилинган:

الايمان واحد و اهله في اصله سواء و التفاضل بينهم بالخشية و التقى و مخالفة الهوى و ملازمة الاولى

яъни: Имон бир бутун яхлит нарсадир. Имон аҳли бу жиҳатдан баробардирлар. Мўминлар бир-бирларидан Аллоҳдан қўрқувда, тақвода, нафсни тийишда ва яхши амалларни мудом қилиб юришда фарқ қилурлар.

         Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу масала аҳли илм кишилари орасида маълум бўлиб, бу хусусда сўз юритишга фақат уларгина ҳақлидирлар. Илмсиз кишиларнинг тушунмасдан бу мавзу ҳақида сўз юритишлари хатарли оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари                             Ҳ.Ишматбеков.

 

        

        

2658 марта ўқилди

Мақолалар

Top