Мақолалар

ОСИЁ БИНТИ МАЗОҲИМ (мўмина малика)

Саййида Осиё онамиз Фиръавннинг аёли бўлиб, Аллоҳга, Мусонинг расуллигига иймон келтирганлар. Фиръавннинг динидан қайтганлар, унинг зулм ва аламларига чидаганлар. Сабр ва матонат билан Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган аёлдирлар.

Таҳрим сурасининг 11-оятида: “Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди. У: “Роббим, менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин, деб айтди”. (Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан кофир ва золим эрига ва қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришни сўради. Бу эса дунё ҳойи ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг яхшилари қаторида Осиёни ҳам зикр қилганлар: «Аёлларнинг яхшилари – Марям бинт Имрон, Хадича бинт Хувайлид, Фотима бинт Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва фиръавннинг аёли Осиё».

Қадим замонда Миср ерида Мусо алайҳиссалом туғилмасларидан аввал Бани Исроил халқи хорликда яшарди. Улар ниҳоятда хақир, энг оғир ишларни қилишар, ҳақларини олишолмасди. Ҳукмдорлари Фиръавн ўта золим одам эди.

Амакисининг қизи Осиёга уйлангач Фиръавннинг отаси вафот этди. Осиё онамиз қасрда эри билан тинч-осуда яшарди. Вақтлар ўтиб, Фиръавн ҳаддидан ошди. Шайтон қалбига васваса солиб: «Сен ягона ҳоким, илоҳсан!» деди. У вазири Ҳомон билан биргаликда инсонларни Фиръавнга сажда қилишга, унга итоат этишга, уни буюк илоҳ деб тан олишга мажбур қила бошлади. Мисрликлар унга итоат этиб, сажда қила бошлашди. Осиё онамиз эрининг золимлигини, ўз халқини қийнаётганини кўриб, юраги сиқиларди, чунки унинг фитрати соғ, ақли етук, қалби раҳмга тўла аёл эди. Одамлар қўрққанидан Фиръавнга сажда қилаётганини, у илоҳ эмаслигини, бу зўрлик эканлигини у яхши биларди.

Бир кун Фиръавн туш кўрди: тушида бир ўт Байтул Муқаддасдан Мисргача ёниб келаётганди. Таъбирчиларнинг айтишларича, Бани Исроилдан бир бола туғилиб, Фиръавннинг бор мулкини хароб қилади.

Фиръавн Бани Исроилда туғилган барча гўдакларни сўйишга қарор қилди. Одамлар подшоҳга: «Бир йил қатл қилдир, бир йил қолдир, бўлмаса, Бани Исроил қирилиб кетади», дейишди. Подшоҳ кўнди. Кечирилган йили Ҳорун туғилди, қатл йили Мусо дунёга келди. Аллоҳ таоло болани сандиққа солиб, Нилга оқизишни онасига билдирди. Онаси худди шундай қилди. Сандиқ оқиб, Фиръавннинг қасрига яқин келди.. Хотини Осиё сандиқни олдириб уни очиб, болани қўлига олди. Қалбига унинг муҳаббати тушди. Қаттиқ хурсанд бўлди. Билдики, бу бола мубораклидир.

Орадан оз муддат ўтиб, подшоҳнинг аскарлари болани ўлдиришга фармон олганларини айтиб келдилар. Осиё онамиз: «Бу бола Бани Исроил эмас, бошқа ердан оқиб келди, мен ўзим бориб бу ҳақда подшоҳга арз қиламан», деди ва болани кўтариб шоҳнинг олдига борди. Шоҳ ҳузурига кириб: «Бу сенинг ва менинг кўз қорачиғимиз-ку», деди. Фиръавн: «Сенинг кўз қорачиғингдир, лекин менинг унга ҳожатим йўқ», деди.

“Фиръавннинг хотини: “(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак”, деди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар” (Қасос сураси, 9-оят).

Бир куни Осиё онамиз Мусо билан Фиръавннинг олдига келди ва уни шоҳ ҳузурига ташлаб чиқиб кетди. У ерда мажлис бўлаётганди. Мусо Фиръавннинг тиззасида ўтириб, соқолини юлиб олди. Ҳомон: «Шу бола сенинг мулкингни хароб қилади, сенга меросхўр бўлади, бунинг бобоси Иброҳим халилдир», деб Мусони ёмонлади. Фиръавн жаллодларни чақирди. Бу хабар Осиё онамизга етиб келди ва тезлик билан шоҳ ҳузурига югурди ва: «Менга ҳадя қилган болани сўймоқчимисан!» деди. Фиръавн: «Соқолимни юлиб олди, мулозимларим: «Бу бола сенга меросхўр бўлади, қўлингдаги мулкингга эгалик қилади», дейишди», деди. Осиё онамиз: «Сен уларнинг сўзига ишонма! Бу бола ҳали ёш, ҳеч нарсанинг фарқига бормайди. Мен буни сенга исбот қилиб беришим мумкин!», деди. Фиръавн: «Қандай қилиб?!», деди Осиё онамиз: «Боланинг олдига чўғ билан гавҳар қўй. Агар гавҳарни олиб, чўғдан сақланса, билгинки, у ақл юритаётган бўлади. Агар чўғни олса, билгинки, ақлли кимса гавҳар турганда чўғни олмайди», деди. Фиръавнга бу гап маъқул бўлди. Сарой хизматчиларидан иккитасини чақириб, бирининг қўлига чўғ, иккинчисиникига гавҳар берди ва уларни боланинг олдига юборди. Жаброил алайҳиссалом Мусонинг қўлидан ушладилар ва чўғ устига қўйдилар, ҳатто у чўғни қўлида кўтариб оғзига солди, бундан тили куйди. Шу сабаб Мусо алайҳиссаломнинг нутқлари яхши, равон бўлмай қолган. Фиръавн буни кўриб: «Бу бола сўйилмасин», деди. Осиё онамиз хурсанд бўлиб болани олиб чиқиб кетди. Унга малика яхши тарбия берди, ёзиш ва ўқишни ўргатди. Мусо Осиё онамизнинг фазилати билан худди подшоҳнинг ўғлидек ўсди. Аллоҳ шу ишларга сабабчи қилди.

“Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида, унга ҳикмат ва илмни бердик. Биз яхши амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз” (Қасос сураси, 14- оят).

Кун ўтгани сайин Фиръавн Осиё онамизга азоб беришнинг турли усулларини ўйлаб топарди. Унинг мулкида катта саҳрои биёбон бор эди... Ана шу жойда Осиё онамизга азоб берарди. У зотнинг эса дуолари ижобат бўлиб, малоикалар қанотлари билан қуёшнинг ҳароратини тўсишарди.

Бир куни Осиё онамиз жаннатдаги маконларини кўриб кулдилар. Фиръавн хотинини кузатиб турганди, бу ҳолга ажабланди. Атрофдагиларга: «Унинг жиннилигидан ажабланяпсизми? Биз азоблаяпмиз, у куляпти», деди. Охири Осиё онамизни ўлдиришди. Пок руҳлари Раббиси ҳузурига кўтарилди. Малоикалар у аёлнинг жаннатда яшашлари, неъматланишлари учун руҳларини олиб чиқиб кетишди. Охиратда Осиё онамиз улуғ марҳамат ва икромга ноил бўладилар. Бу икром Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган жаннати аёллардан бири бўлишларидир.

Саййидаи Осиё онамиз Қуръонда содиқ мўмина аёллар қаторида, Ҳақ йўлини топган аёл сифатида мадҳ этилдилар. Аллоҳга имон келтиришда орқага қайтмаган бу аёл Фиръавннинг азобларига чидаган ҳолда иймонларида собит турдилар.

Ҳидоят ва Ҳақ йўлида бардавом бўлган, охиратни бу дунё машаққатларига сотиб олган аёл! Жаннат ва унинг неъматларини, қасрларини сотиб олган аёл!  Бу аёл саййидаи Осиёдир!

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

                  ахборот-ресурс маркази раҳбари

                                                                           М. Саиджалолова

7027 марта ўқилди

Мақолалар

Top