Мақолалар

Коррупция балоси келажагимиз кушандасидир...

Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий

ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини

яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг

 бирорта тармоғи ривожланмайди”

Шавкат Мирзиёев.

  

Коррупция балоси келажагимиз кушандасидир...

Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Коррупция (лот. Corrumpere — “бузмоқ”,“сотиш” ва “сотилиш”) одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишни англатади.

Қуърони каримнинг Бақара сурасида “Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган.

Муҳтарам Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 24 январь куни бўлиб ўтган

Парламентга мурожаатида бу иллатга қарши курашиш лозимлигини айтиб, “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.” – деб таъкидладилар.

Шунингдек, Юртбошимиз ўз нутқларида “жиноятчилик, коррупция бизнинг ўз хавфсизлигимизга ҳам, халқаро хавфсизликка ҳам таҳдид солувчи реал манбадир. Бинобарин, мазкур ҳодисага қарши кураш масалалари биргина бизга тааллуқли эмас. Шунинг учун ҳам биз жиноятчилик ҳақида бутун жаҳон ҳамжамияти қайғурмоғи лозим, деб ҳисоблаймиз. Суверен Ўзбекистон халқи ва раҳбарияти эса улар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр ва буни дунёни поклаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш ишига қўшилган ҳисса, деб билади”- дедилар.

Ҳар бир қонун яхшиликни кўзлаб, эзгу мақсадда қабул қилинади. Айрим қонунлар ўз мазмун-моҳиятига кўра давлат ва жамият тақдири, халқ келажаги ва ҳар биримизга дахлдор бўлади. Миллий парламентимиз томонидан қабул қилиниб, 2017 йил 3 январь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир. 6 боб ва 34 моддадан иборат ушбу қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар ва меъёрлар белгиланган.

Коррупцияга аралашган, бу жирканч иллатга қўл урган одам учун улуғ нарсалар, мўътабар туйғуларнинг қадри йўқолади. Бундай одамлар ҳаётда ҳамма нарсани сотиб олиш ва сотиш мумкин, деб ўйлайди. Улар ҳеч кимга, имон-эътиқодга ишонмайди, айни пайтда бундай кимсаларга ҳаёт учун азиз саналадиган ҳеч нарсани ишониб бўлмайди. Чунки улар ота-онаси, қариндош-уруғлари, ёру биродарлари, маҳалла-куйнинг юзини ерга қаратишдан, бошини эгишдан уялмайди.

Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилиши белгиланган. Ушбу комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши қайд этилган. Бу меъёр коррупцияга қарши курашнинг доимий ва изчил тус олишида муҳим аҳамиятга эга. Конституциямизга мувофиқ Президент фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишига кафилдир.

Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлар, кичик бизнес субъектларига «ягона дарча» тамойили орқали хизмат кўрсатилаяпти, ягона портал орқали давлат хизматлари электрон шаклда тақдим этилаяпти. Қонун ҳужжатларига, давлат ташкилотларининг иш фаолиятига очиқлик, ошкораликни таъминлаш нуқтаи назаридан ўзгартиришлар киритилаяпти ва бошқа кўплаб янгиликлар жорий қилинаяпти. Буларнинг барчаси коррупция балосини бартараф этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Фуқаролар бундай ёндашувни жон-дили билан қўллаб-қувватламоқда.

Хулоса қилиб айтганда, коррупция балоси тарихнинг амалий синовларидан ўтганлиги нуқтаи назаридан ҳам нафақат бизнинг миллатимизга, балки бутун инсониятга бахтсизлик, муросасозлик ва  бошқа кўплаб сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаришини кўришимиз мумкин.

 

Музаффар ҚОСИМОВ,

Маънавий-маърифий ишлар

бўйича мудир ўринбосари

 

2886 марта ўқилди

Мақолалар

Top