Мақолалар

МАНФУР ИЛЛАТ

Ислом дини башариятни икки дунё саодатига йўлловчи илоҳий таълимот ўлароқ, айрим ҳукмлар бажарилишини шарт қилиб қўйса, айрим хатти-ҳаракатлардан четланишга, яқинига ҳам йўламасликка буюради. Ислом шариати қайтарган амаллар инсоннинг дунё ва охирати учун зарарли эканида шубҳа йўқ. Инсонлар орасини бузувчи,  жамият тараққиётига тўсқинлик қилувчи, ҳақ-ҳуқуқларнинг аралашиб кетишига, поймол бўлишига сабаб бўлувчи ана шундай иллатлардан бири, шубҳасиз, порахўрликдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”. (“Бақара сураси”,188-оят)

Ояти каримада ўзгалар мол-мулкини ҳаром йўл билан ўзлаштиришнинг ҳаромлиги, ҳар бир ишда адолат қилиш лозимлиги, ҳалолдан ризқ излаш ўрнига ҳаромдан, порахўрлик ва судхўрлик каби гуноҳ ортидан мол-дунёга эга бўлишдан, бу билан оиласи ва жамиятда фасодни ёйишдан қайтарилмоқда.

وعن عبد الله بن عمرو بن العاص - رضي الله عنهما - قال: لعن رسول الله صلى الله عليه وسلم الراشي والمرتشي

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, олувчини ҳам лаънатладилар”.

            Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатладилар» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти). Яна бир ривоятда: «Ўртадаги кишини ҳам», дейилган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ҳукмдаги пора куфрдир. Одамлар орасидаги эса ҳаромдир».

Юқорида зикр этилган уч шахс – пора берувчи ва олувчи ҳамда улар ўртасида воситачилик қилувчи агар ноҳақ, эвазсиз олган молини ўз эгасига топшириб, Аллоҳ таолога тавба қилмаса, ҳадиси шарифларда баён қилинган лаънат – Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлиш ва ғазабига дучорликни келтириб чиқаради. Мусулмон инсон учун Яратганнинг раҳматидан четда бўлишдан аянчлироқ бахтиқаролик йўқ.

كل لحم أنبته السحت فالنار أولى به قيل يا رسول الله وما السحت قال الرشوة في الحكم 

Ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ Умар, Али, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳаром луқма билан ўсган аъзо борки, унга Жаҳаннам ҳақлидир”, – дедилар. “Я Росулуллоҳ, “суҳт” нима?”, – деб сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “ҳукмдаги порадир”, – деб марҳамат қилдилар.

               Поранинг разолати, инсон ва жамият ҳаётини нопок йўллар томон бошлаши, дунёда нафрат, хорлик ва кулфатга етаклаши, охиратда Аллоҳ азза ва жалланинг раҳматидан узоқликка, бахтиқароликка, аламли азобларга сабаб бўлиши юқоридаги оят ва ҳадислар маъносидан равшан англашилмоқда.  

 

 

Саййид Муҳйиддин махдумўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдулазиз ФУРЗУЛОВ

 

2333 марта ўқилди

Мақолалар

Top