Мақолалар

Фитна – қотилликдан ҳам ёмон

Инсонни бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган асосий нарса - унинг ақли ва фикрлашидир. Шундай экан, у қайсидир фикрларга кўра яшаш ва ҳаётини онгли равишда қабул қилинган қарорлар устига қуришга интилади. Азалдан, дунёдаги турли хил кучлар айни шу жиҳатдан фойдаланган ҳолда инсонларни бошқаришга, уларни ўзлари истаган ишларни бажартиришга уриниб келган. Айниқса, бу ҳолат бугунги глобаллашув даврида яққол намоён бўла бошлади ва инсонларнинг онгини бошқаришга интилиш юқори "чўққи"ларга кўтарилди. Натижада, инсон ўзи англамаган ва тушунмаган ҳолда айни шу кучларнинг иш қуролига айланиши, уларга билиб-билмай хизмат қилиши мумкин бўлиб қолди. Бу эса ўз навбатида замонамизда турли хил фитналарнинг авж олишига олиб келди. Бу ҳақда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фитналардан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаб: “Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуруб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки ундан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!” – дедилар. Ушбу мақолада замонамизда юз бераётган фитналарнинг манбалари ҳақида эмас, улардан қандай сақланиш ва ёшларни ҳимоя қилиш мумкинлиги борасида сўз юритамиз.

Биринчидан, ҳадиси шарифда марҳамат қилингани каби фитна пайтида имкон қадар унга аралашмаслик, унинг ўрнига ибодат ва фойдали иш билан машғул бўлиш лозим. Чунки, фитнага арашиш ҳеч қандай муаммони ҳал қилмайди, лекин аралашган инсонни ҳалокатга олиб боради.

Иккинчидан, доимо илм ўрганиш. Китоб ўқиш инсоннинг онги ва дунёқарашини юксалтиради. Кенг фикрли, бағрикенг бўлишга, турли хил воқеа ва ҳодисаларни англашга ёрдам беради. Китоб ўқиш аввало, муаллифнинг бир неча йиллик тажрибаси маҳсулини  арзимаган муддатда ўрганиш ва ёш бўлсада ёши катталар эришмаган тажрибаларни тўплаш имкониятини қўлга киритишга сабаб бўлади.

Учинчидан, воқеликни тўғри таҳлил қилиш ва муаммоларга ечим излашга уриниш. Жамиятда юз бераётган катта-кичик муаммоларнинг ечимларини излашга уриниш ва уларни таҳлил қилиш фикрнинг теран бўлиши ҳамда вазиятга тўғри баҳо беришга ўргатади. Ёшларни ана шундай тарбиялаш уларни катта муаммолар қаршисида иккиланиб, довдираб қолмасликка ёрдам беради.

Тўртинчидан, медиа соҳасини ғанимларга бой бермаслик. Бугунги кунда медиа орқали тарғиботлар кучайтирилган ва унинг майдонини эгаллаш муваффақият калитига айланган. Шундай экан, ушбу майдонни қўлдан бой бериш катта йўқотишларга олиб бориши муқаррар.

Бешинчидан, ОАВ хабарларининг чинлигини тасдиқлашни ўрганиш. Замонамиздаги ҳар қандай куч ўз режаларини амалга ошириш учун ОАВ дан фойдаланади. Шунинг учун ҳам унда эълон қилинаётган хабарларни тасдиқлаш, ҳар қандай хабарнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаслик лозим. Чунки, биз ҳақиқий ҳолатнинг бир қисминигина кўраётган бўлишимиз ва нотўғри хулосага келаётган бўлишимиз мумкин. Бу хулоса эса бизни ўз-ўзидан фитналарга аралашиб қолишга олиб боради.

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва ундай фитналарни ташкиллаштирувчи фитначилардан эҳтиёт бўлишимизга чорлаб, Анфол сурасининг 25-оятида шундай дейди: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”. 

Юқорида санаб ўтганларимиз мутлақ ечим эмас, лекин қайсидир маънода, фитналарга аралашиб қолмасликка ёрдам беради. Турли хил фитналар ва ёт ғояларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун биз санаб ўтганларимиздан бошқа ечимлар ҳам мавжуд бўлиб, уларни тажриба ва билим орқали ҳосил қилиш мумкин. Зеро, огоҳлик – давримиз талабидир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим

 муассасаси ўқитувчиси

Комила Абдувалиева

2331 марта ўқилди

Мақолалар

Top