Мақолалар

Ҳақиқий Муҳожир ким?

Дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган қонли низолар, қарама қаршиликлар, террорчилик хуружлари халқоро хавфсизликка тахдид солаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Айниқса, яқин Шарқ мамлакатлари, айниқса қадим Сурия заминида неча йилдан бери  давом этаётган диний низолар барчамизни огоҳлик ва ҳушёрликка чорлайди. Негаки, бу минтақада содир бўлган ва бўлаётган қонли фожиаларда  муқаддас динимиз айрим ғаламис, манфаатпараст, ёвуз кучлар тамонидан ниқоб қилинаётгани айни хақиқатдир.

Айнан шу минтақадаги низолар ҳозирда диний экстремизм ва халқаро терроризм дунё мамлакатлари учун нафақат ташқи, балки ички хавфсизликка дахлдор масалага айланди. Сабаби диний экстремистик ва халқаро террорчилик ташкилотларижангарилик усуллари билан ҳокимият учун курашувчи гуруҳларни шакллантириш, уларни ҳар тамонлама қўллаб- қувватлаш ва рағбатлантиришга уринмоқдалар.

Мазкур ёвуз кучларнинг бош қуроли – асосий воситаси халқаро тармоғи бўлиб қолмоқда. “Ахборот асри” деб аталаётган замонамизда халқаро интернет тармоғини беҳудага “Ўргимчак тўри” дейишмайди. Негаки, бу восита орқали дунёнинг қай бурчагида содир бўлган ҳодиса бирор сония ичида барча мамлакатларга тарқалади. Интернетнинг қулай ва тезкор ахборот воситаси эканлигидан айрим шахслар ғоят устамонлик билан фойдаланишмоқда. Интернет экстремистик тўдалар бош ғоявий қурол воситасини беминнат ўтамоқда. Биз чин маънода таҳликали деб атаётган замонимизда интернет тармоғи орқали тарқалаётган ғаразли маълумотлар, вайронкор ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган, ҳар нарсага ишонувчан ёшларни ўз домига беихтиёр тортаётгани ачинарли ҳол.

Компютерда ёки оддийгина қўл телефонида интернетнинг бирорта ижтимоий  тармоғига кирган ўсмир минг чақирим узоқда туриб турли ёлғонлар, бўҳтонлар орқали ўзини алдашаётгани, аврашаётганини дархол англай олмайди. Балки, интернетдаги жозиба кучи уни ўзига аста секин маҳлиё қила боради. Ёлғон ахборот ортидан тинмай оқиб келаётган галдаги ёлғонлар унинг мурғак дунёқарашини емира  боради.  Ёвуз кучлар, айниқса, муқаддас динимизнинг арконларини  бузиб талқин қилиш орқали ўз ниятларига етишишни кўзлайдилар. Улар ёшларни ўз сафларига  алдаб чақиришда Қуръони каримда нозил бўлган бир қатор оятлардаги айрим сўзларни – шариатимиздаги ахкомларни ўзларигамаъқул келган йўсин  ва усулда  шарҳлашади. Шу таҳлит “жиход”, “хижрат” каби исломий тушунчалар  тамомила бошқача мазмун ва моҳият ташийдиган кучга айланади.

Ўзи ҳижрат нима?! “Ҳижрат” – “кўчиш” деб аталади. Ушбу ҳижратдан “ҳижрий йил” ҳисоби бошланган, яъни “кўчиб ўтганликнинг биринчи йили, иккинчи йили ва ҳоказо”, деб номлана бошлаган. Ушбу ҳижрат сабабидан Ясриб шаҳри Мадина деб атала бошлаган. Ана шу ҳижрат сабабидан Маккадан Мадинага кўчиб борганлар “муҳожир” – “кўчиб борувчи” ёки “кўчиб ўтувчи”лар деб аталган.

Бизнинг давримизга келиб айрим тоифалар: “Ҳижрат ҳозир ҳам фарз. Ҳижрат қилмоқ вожиб бўлди. Ўзингиз яшаб турган ўлкалардан кўчиб кетмоғингиз шарт. Агар кимки ҳижрат қилмаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади, ҳатто ҳижрат қилмаганлар кофирдир”, деганга ўхшаш фикрларни айтишиб, диний арконлардан, шаръий ҳукмлардан яхши хабардор бўлмаганларни чалғитиб, адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Исломнинг ҳижрат ҳақидаги фикри қандай, айниқса, унинг ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий ҳукми қанақа эканини бугун рўй-рост айтишга зарурат бор. Зотан, диний-миллий иммунитет ҳосил қилмасдан туриб, бу чалғитувчи фикрга муносиб жавоб бериш мушкил. Ҳозирда ҳақиқатдан ҳам ҳижрат фарзми ёки вожибми? Ҳижрат шариатнинг асосими, у диннинг бирор устуними? Ҳижрат қилмаган мусулмон кофир бўлиб қоладими?

Исломда ота-боболарга эргашиш, эски анъаналарга қайтиб иш кўриш, миллий-диний қадриятларга содиқ қолиш қадрланади. Зотан, миллий-диний қадриятлар минг йиллардан бери қадр топиб келмоқда! Ҳижрат ҳақидаги гаплар борасида ҳам худди шундай қилмоқ керак бўлади. Қаранг ва мени тушунишга ҳаракат қилинг: совет ҳукуматидан олдин Марказий Осиёни чоризм деб аталган рус подшолиги босиб олди. Улар-ку қозиликни, вақф мулкчилигини, муфтийликни барбод қилган бўлса-да, динга бир мунча эркинлик берган эди. Бироқ, улар ўрнига келган большивек совет ҳукумати динни ҳам диндорликни ҳам мутлақо қатоғон қилди. Абдулазиз қори дада Тошкандий раҳимаҳуллоҳнинг гувоҳлик беришларича, Бухоронинг ўзида беш юз нафар; ҳа-ҳа, беш юз нафар уламонинг ўзларига қабр ковлатиб, тириклай кўмиб юборган ҳам шу советлар бўлади. Советлар мол-дунёни ҳам борбод қилди, хусусий мулкчиликка мутлақо чек қўйди. Қатоғонлик даврида Марказий Осиёлик минглаб олиму уламолар, зиёлилар жисмонан йўқ қилиб юборилди. Ана шу даврда ҳам, масалан, қадим Бухорода минг-минглаб талабаларга дарс берган мударрислар, мадраса охундлари, Аллоҳ таолонинг муболағали айтадиган бўлсак, “дарёни терс оқизадиган” валий авлиёлари бор эди. Лекин, ана шу динни йўқотишга рўй-рост урунган тузум даврида, олиму уламолар қатоғон қилинган машъум замонда ҳеч бир олим ҳижрат фарз бўлди, деган эмас! Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигингизни сўрайман! Ўша даврларда ҳеч бир уламо ҳижрат фарз бўлди, деб ўз ватанини ташлаб кўчиб кетган эмас. Тўғри, Қошғарга, Афғонга, у ердан Арабистон томонларга ўтиб кетганлар бўлган. Лекин, улар советларнинг касофатидан ўз мол-дунёсидан, мулк-амлокларидан айрилган бой-бадавлат кимсалар ва тужжор савдогар одамлар эди. Ўша даврлардан олдинроқ ўқиш баҳонасида бошқа ўлкаларга кетган айрим олимларгина юртларига қайтмай қўя қолган бўлиши мумкин. Лекин, уларнинг кўпчилиги ҳам ўз ватанларига қайтиб келдилар. Жумладан, Марказий Осиёнинг улуғ устозларидан бири, Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳ Афғонистон ва Ҳиндистонда йигирма йиллар таҳсил олиб бўлганидан сўнг яна ватанларига қайтиб келдилар. Қатоғон даври айни авжига чиққан вақтда қайтиб келдилар! Ҳижрат фарз бўладиган бўлса, нимага ўша давр уламолари ҳижрат қилиб кетмадилар? Чунки, улар ўз ватандошларини ташлаб кетмадилар, ўз ватанларида бақадри имкон дин-диёнатни сақлаб қолишга урундилар, ўз ватанини ва ўз халқини ўйладилар. Советлар даврида чўчқабоқар бўлиб бўлса-да, совет идорасининг ўзида қоровул бўлиб ишласа-да, колхознинг қоп-қора ишчиси бўлган бўлса-да, жон сақлаб, ватандошларини ўйлаб-куйиниб яшашни, алалоқибат яхши кунлар келишидан умидвор бўлган ҳолда, ҳеч бўлмаганда қўни-қўшниларга, маҳалладаги айрим одамларга мусулмонликнинг йўқолиб кетмаслигини уқтириш мақсадида ҳижратдан оғиз очмасдан, ҳижрат қилиб кетишни ўйламасдан яшаган уламолар ўтганлигини бугун Марказий Осиёнинг ҳар бир шаҳридан топишимиз мумкин.

Ҳозир ҳижрат йўқлигига энг катта далил. Ҳижратни ҳозир ҳам фарз дейдиганлар саҳиҳлигини инкор қила олмайдиган, уларнинг ўзларининг “муҳаддис”лари ҳам саҳиҳлигини тан олган, аъло даражадаги саҳиҳ ҳадиси шариф борки, унда ҳозир ҳижрат йўқлиги аниқ-тиниқ (сариҳ) ва ҳеч қандай эҳтимолларсиз иборалар билан таъкидланган. Муҳаддислар султони Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўплами “Саҳиҳи Бухорий” – “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида ўндан ортиқ жойида: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадиси шарифни келтирганлар. Ҳозирда ҳижрат фарз, деб оламга жар солаётганларнинг ўзлари айрим ихтилофли масалаларни қўзғаш мақсадида доим Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ номидан фойдаланадилар, у зотнинг асарларидан иқтибос келтиришни яхши кўрадилар. Қизиқ! У зот ривоятидаги, асарида ўндан ортиқ жойида келтирилган: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадис ҳақида лом-мим демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ, ҳеч қандай эҳтимоллар йўқ, сариҳ ва саҳиҳ ҳадисдир!

Мушожеъ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ўз укаси Мужолид разийаллоҳу анҳуни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: يبايعك على الهجرة – “Сизга ҳижрат борасида байъат қилмоқчи”, деганлар. “Байъат” деганда устознинг ўз шогирдларидан қўл олиб, бирор ишни қилишга ёки қилмасликка қасамёд қилдириши тушунилади. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

لا هجرة بعد فتح مكّة و لكن أبايعه على الإسلام

“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ! Лекин ундан ислом борасида байъат оламан!”, деганлар (Бухорий, 4/3079).

Мазкур ҳадисда ҳатто ҳижрат исломнинг асоси эмаслигини, унинг бирорта рукни ҳам эмаслиги, ҳатто фарз ва вожиб у ёқда турсин, суннат бўларлик савобли амал ҳам эмаслигини билдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдан эмас, исломдан байъат олишларини билдирмоқдалар.

Тобеъинларнинг икки улуғ олими Убайд ибн Умайр ал-Лайсий раҳимаҳуллоҳ билан бирга Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг зиёратларига борибдилар. Суҳбат давомида ҳижрат борасида сўрашибди. Шунда, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо: “Бугун ҳижрат йўқ! Бир вақтлар мусулмонлар дини сабабли фитнага тушиб қолмаслик мақсадида Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қочган эдилар. Энди эса Аллоҳ исломни зоҳир қилди. Бугун ҳар ким хоҳлаганча парвардигорига ибодат қилаверади”, деганлар (Бухорий, 5/3900).

Тобеъинларнинг яна бир улуғларидан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, деганлар. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу унга: لا هجرة اليوم – Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар (Бухорий, 5/4309).

Умавий халифалардан Марвон таниқли саҳобалар Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳу, Рофеъ ибн Хадиж разийаллоҳу анҳу ва Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳу билан бирга сўрида ўтирган эканлар. Суҳбатда Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳу: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган ҳадиси шарифни айтибдилар. Шунда халифа Марвон: “Ёлғон гапираяпсан!”, деб туриб, қўлидаги дарраси билан у зотни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобасини уришга чоғланиб қолибди. Бу ерда ўтирган икки буюк саҳоба: “У тўғри гапираяпти”, деб халифани тўхтатиб қолибдилар (Аҳмад, 5/21671). Мазкур ривоятни “Мажмаъ аз-завоид”да саҳиҳ дейилган.

Муҳаддислардан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар саҳиҳ деб таъкидлаб ривоят қилишларича, “Наср сураси” (“Иза жоа насруллоҳ”) нозил қилинганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммага уни ўқиб берибдилар ва “Мен ва саҳобаларим яхшидир. Одамларнинг барчаси яхши. Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, дебдилар (Аҳмад, 3/11183; Ҳоким, 3/3017;).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Сафвон ибн Умайя разийаллоҳу анҳу одамларнинг: “Ҳижрат қилмаган кимса жаннатга кирмайди! Ҳижрат қилмаганларнинг дини йўқ!”, деб юрганларнинг гапини эшитиб қолиб, “Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрамагунимча уйимга кирмайман!”, деб қасам ичибдилар. Бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганларида, у зоти шариф: لا هجرة بعد فتح مكّة – “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар. Аслида, “Ҳижрат қилмаган кимса жаннатга кирмайди!”, деган гапнинг чиқишига сабаб бор экан. Бир неча одам Сафвон ибн Умайя разийаллоҳу анҳунинг уйини тунабди. Қўлга тушган ўғрилар ҳижрат қилиш учун ўзларига маблағ йиғишаётганини, чунки ҳижрат қилмаган кимса жаннатга кирмаслигини, ўғирлик қилиб топилган ҳаром-ҳариш маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи бўлишаётганини айтишибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига олиб борилганда, у зот ўғриларнинг қўлини чопишга буюрибдилар. Сафвон ибн Умайя разийаллоҳу анҳу: “Мен уларни кечирдим!”, десалар ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ерга олиб келишдан олдин кечирсанг майли эди”, деганлар (Аҳмад, 3/15341).

Ҳозир ҳижрат йўқлигига бир далил. 

يؤمّ القوم … فإن كانوا فى السنّة سواء فأقدمهم هجرة فإن كانوا فى الهجرة سواء قأقدمهم سلما اسلاما  او سنا

Агар суннатда тенг бўлсалар, уларнинг ҳижратга муқаддамроғи қавмга имом бўлади. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, унда ислом жиҳатидан (ёки ёш жиҳатидан) муқаддамроғидир” (Муслим, 1/673; Термизий, 1/235; Абу Довуд, 1/584; Ибн Ҳиббон, 5/2127; Ҳоким, 1/886; Табароний, 17/600; Байҳақий, 3/4911; Дорақутний, 1/1096; Абу Авона, 2/1071; Аҳмад, 4/17138; Таёлусий, 1/618; Ибн Абу Шайба, 1/3470; Абдурраззоқ, 2/3808).

Ҳижрат ўрнига парҳезкорлик айтилганининг сабабини қилни қирқ ёрадиган, ҳадиси шарифларнинг маъно-мазмунини ҳаммадан кўра, ҳатто ўша ҳадисларни ривоят қилувчи муҳаддислардан-да яхшироқ билувчи фақиҳларимиз бундай тушунтирганлар. Жумладан, “ал-Ҳидоя”нинг машҳур шарҳи “Фатҳ ал-қадийр”да бундай дейилган:

و الذى فى حديث الصحيح بعدهما التقديم بأقدمية الهجرة و قد انتسخ وجوب الهجرة فوضعوا مكانها الهجرة عن الخطايا و فى الحديث و المهاجر من هجر الخطايا و الذنوب

“Саҳиҳ ҳадисда олимроқ ва қорироқдан кейин ҳижратда муқаддам бўлган кимса тақдим қилинган. Дарҳақиқат, ҳижратнинг вожиблиги бекор қилинган – мансух бўлган. Бас, унинг ўрнига уламолар хатоликлардан “ҳижрат” қилишни қўйганлар. Ҳадисда: “Ҳақиқий муҳожир хатолар ва гуноҳлардан ҳижрат қилган кимсадир”, дейилган” (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1892. – Б. 246).

Ҳа, бадан билан қилинадиган ҳижрат – ўз ватанини ташлаб бошқа жойга кўчиб кетиш вақтинчалик заруратдир. Лекин, гуноҳларни ва ёмонликларни тарк қилиб, маънавий ҳижрат қилиш мўъминнинг бутун ҳаёти давомидаги фарзидир, инсониятга юклатилган абадулабад вазифадир, у қиёматгача боқийдир. Энди, мана бу ҳадиси шарифга эътибор қаратинг:

إنّ الهجرة خصلتان إحداهما ان تهجر السيئات و الأخرى ان تهاجر الى الله و رسوله و لا تنقطع الهجرة ما تقبلت التوبة و لا تزال التوبة مقبولة حتى تطلع الشمس من المغرب فإذا طلعت طبع على كلّ قلب بما فيه و كفى الناس العمل

“Албатта, ҳижратнинг икки хислати бор. Бири, ёмонликлардан ҳижрат қилмоқдир. Бошқаси, Аллоҳ ва унинг Расулига ҳижрат қилмоғингдир. Демак, ҳижрат тавба қабул бўлгунича тўхтамайди. Тавба эса қуёш мағрибдан чиққунига қадар мақбул бўлаверади. Қуёш кунботиш томондан чиқадиган бўлса, ҳар бир қалб ўзида бор нарсаси ила муҳрланиб қолади, одамларга амали етарли бўлиб қолади” (Аҳмад, 1/1671; Баззор, 1/1054).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга ислом динини дин қилиб берганига, мусулмон қилиб яратганига шукрлар айтмоғимиз керак! Ислом дини илм динидир. Илмсизликнинг, жаҳолатнинг охири вой бўлиши аниқ. Исломий тушунча ва масалаларни нотўғри тушуниб олиш ёки бошқаларга нотўғри етказиш орқали мусулмонларнинг бошига бугун жуда кўп ташвишлар, муаммолар ва фитналар тушмоқда. Афсуски, бугун бутун дунё мусулмонлари жаҳолат ва нодонлик қурбонлари бўлмоқдалар. Ана шундай, инсонни жаҳолатга ва алалоқибат ҳалокатга гирифтор қиладиган тушунчалардан бири “ҳижрат” бўлиб, унинг шаръий истилоҳдаги маъно-мазмунини ва ҳукмини билмаслик оқибатида айрим мусулмонлар фалокатга юз тутмоқдалар.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга шариат ҳукмларини тўғри тушуниб, унга ихлос билан амал қилиш тавфиқини берсин! Парвардигори олам мусулмонларни адаштирмасин, уларни бир-бирларига самимий, ўзаро меҳр-оқибатли қилсин! Жами мўъмин-мусулмонларни Яратганнинг ўзи иттифоқ ва ҳамжиҳат айласин! Омин!

 

Имом Фахриддин ар-Розий

 ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Неъматулло Қори Аминжон Эшон

 

2827 марта ўқилди

Мақолалар

Top