Мақолалар

АХБОРОТ ЗАМОНИДА ЎЗИМИЗ ВА СЎЗИМИЗГА МАСЪУЛ БЎЛАЙЛИК

Бугунги кунда замонавий технологияларнинг тезкор тараққиёти ахборот алмашинувини жамият ҳаётининг энг муҳим омилига айлантиргани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, интернет тақдим этаётган чек-чегарасиз имкониятлар орқали бугун ахборот алмашинувида замон ва макон тушунчаси умуман аҳамиятсиз бўлиб қолди. Яъни, бугун ҳар қандай ахборот, янгилик, фикр ёки ғоя ер куррасининг исталган ҳудудига етказилиши, ёйилиши, сингдирилиши мумкин. Бунинг энг муҳим жиҳати шундаки, ана шу маҳсулотлар тўппа-тўғри инсон онги ва тафаккурига кириб боради,  дунёқарашига таъсир қилади.

Албатта, ҳеч шубҳасиз, замонавий технологиянинг бу ютуқлари, энг аввало, инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилиши лозим. Лекин кейинги пайтда интернет имкониятларидан ўзининг турли нопок мақсадларида фойдаланиш ҳам авж олаётганини ҳеч ким инкор қила олмайди. Бугун интернет саҳифалари, ахборот сайтлари, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар қандай хабар ўз аудиториясини топаётгани ҳам аниқ. Афсуски, ҳаётимизда айрим сайт ва ижтимоий тармоқлардаги хабару янгиликларнинг ҳаммаси ҳам холис, асл ҳақиқат эмаслиги одамни ҳушёр тортишга, лоқайд бўлмасликка мажбур қилади.

Хусусан, интернет орқали ёлғон ва асоссиз маълумот тарқатиш, оддий аҳоли ўртасида турли миш-мишларни келтириб чиқариш, уламоларнинг фикр-мулоҳазаларини нотўғри талқин қилиш орқали уларни обрўсизлантириш, ўзбошимчалик билан турли фатволар эълон қилиш каби иллатлар диний соҳага ҳам салбий таъсирини ўтказмоқда.  Бундай қора мақсадли маълумотлардан “баҳра олаётган” айрим кишилар асл вазият ва масала моҳиятини тўлиқ билмай, англамай туриб, ўз қарашлари, фикр-мулоҳазалари билан уларнинг қозонини қайнатаётгани ҳам ачинарлидир.

Интернет тармоғидан оқиб келаётган ахборотлар  мазмун-моҳиятига эътибор қаратсангиз, камида ярмидан кўпи салбий кайфият уйғотувчи, асоси бўлмаган маълумотлардир.

Хўш, бугунгидай глобаллашув жараёни ва мураккаб даврда мана шундай вазиятда қандай йўл тутиш керак?

Аввало, кўпчилик учун бир сўз айтаётган инсон холис бўлмоғи керак. Қонунчиликда ҳам, шариатда ҳам холис фикр билдириш, эркин сўз айтиш ҳуқуқи кафолатланган. Лекин ҳеч кимнинг бу ҳуқуқни суиистеъмол қилишга ҳаққи йўқ. Маълумки, баъзан ўзимиз айни асл ҳақиқат, деб ўйлаган хулосамиз вақти келиб тўғри чиқмаган вазиятларни бошимиздан ўтказганмиз. Шунинг учун бирор гап айтишдан олдин пухта ўйлаб, асл ҳақиқатни аниқлаб олсак, кейинчалик ҳеч бўлмаса виждонимиз олдида уялмаймиз.

Албатта, бу масала юзасидан муқаддас динимизда ҳам ўзига яраша кўрсатмалар талайгина. Имом Муслим ривоятидаги ҳадисда “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади” дейилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисга кўра эса, Пайғамбаримиз мусулмон кишига таъриф бериб, шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмон шундай кишики, унинг на қўлидан, на тилидан мусулмонлар озор кўрмайди”. Демакки, ўзини мўмин-мусулмон, деб билган ҳар бир киши эшитгани ва оғзига келганини гапиришдан, тили ва қўли билан бировга зарар етказишдан сақланиши лозим.

Ўз навбатида, ҳар қандай янгилик ва хабарни эшитган одам ҳам ҳиссиётга берилмасдан, ўша маълумотни тафаккур кўзгусига солиб кўриши керак. Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас китобида “Хужурот” сурасининг 6-оятида: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”, деб мўминларни ҳар қандай маълумотни қабул қилишдан олдин текшириб кўришга, яъни огоҳликка чақирган.

Азимжон АЛИМЖОНОВ, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Мулла Қосим” жоме масжиди имом-хатиби

 

2254 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top