Мақолалар

Муҳаббат шундай бўлади....

Бу воқеага тахминан йигирма беш йиллар бўлди. Имом хатиблик фаолиятимни янги бошлаган кезларим эди.   Ёши етмишдан ошган бир онахоннинг жанозаларини ўқиш учун бордим. Жанозага саф тортган жамоатнинг аввалги қаторида, кичкинагина курсида ўтирган  оппоқ соқолли нуроний бир отахон эътиборимни тортди. Билсам, мархума онахоннинг турмуш ўртоғи экан. Кўзларидан оққан ёш юзларини, соқолларини юварди. Ич-ичидан, тўлиб-тошиб, аммо, унсиз, эзилиб  йиғларди. Бир умрлик жуфти ҳалолидан айрилишнинг қанчалик оғир мусибатлигини шу отахоннинг сиймосида кўрдим.

Намозни адо қилиб бўлгандан кейин секин отахоннинг ёнига бориб далда бера бошладим : “Хожи ота, бардам бўлинг, Аллоҳнинг иродаси. Онамизни Аллоҳ раҳмат қилсин, жойлари жаннатда бўлсин, Аллоҳ сабр берсин, бандачилик. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Ҳали фарзандлар, невараларга кераксиз. Уларнинг ҳаққига дуода бўлинг....”, каби сўзлар билан далда бера бошладим.  Отахон ҳеч нарса демадилар. Қўллари билан ишора қилиб, озгина кутиб туришимни сўрадилар. Жамоат онахоннинг тобутини кўтариб чиқиб кетгандан кейин мени бир четга тортдиларда, гап бошладилар.

“Болам, ҳозиргина сиз жанозасини ўқиган кампирим билан  эллик йилдан ошиқроқ бир ёстиққа бош қўйдим. Биз бир-биримизни никохдан кейин таниганмиз. Бизнинг ўртамиздаги меҳр муҳаббат тўйдан кейин пайдо бўлган. Кампирим билан бир нечта фарзандларни дунёга келтирдик, улғайтирдик, ўқитиб уйли жойли қилдик. Бу йўлда қанчадан-қанча машаққатларни бошдан кечирдик. Ёшим элликдан ошганда Аллоҳ менга бир дард берди. Бод касалига чалиндим. Оёғим зирқираб оғрир эди. Ҳолат шу даражада эдики, бирор ким оёғимни уқалаб турмаса ухлолмас эдим. Хозиргина одамлар тобутга солиб, кўтариб чиқиб кетган шу кампирим ўттиз йилдан бери “Мен бўлмасам, чолимнинг оёғи оғриб ухлолмай чиқади”, деган андиша билан ҳаттоки яқин қариндошлари, ота-она, жигарларининг уйида ҳам тунаб қолмаган.   Сабаби, ҳар кеча мен то уйқуга кетгунимга қадар оёқларимни уқалаб чиқарди. Ўтган куни кампиримнинг мазаси қочди.  Қон босими ортиб кетди. Тез ёрдам чақирдик. Керакли муолажалар, укол дорилар қилиб бўлгандан кейин дўхтирлар кампиримча қимирламай ётиши кераклигини, ортиқча ҳаракат қилмаслигини қаттиқ таъйинлашди. Дори дармонлар таъсирида кампирим ухлаб қолди. Мен эса оёқларимни ўз қўлларим билан силаб сийпалаганча ухлаёлмай карахт бўлиб ўтирардим.  Орадан бир соатча вақт ўтгандан кейин кампирим ўрнидан турди. Секин ёнимга келиб ҳар кунги одатий вазифасига киришди. Оёқларимни уқалай бошлади. Мен унга: “Эй кампир, ўзинг хозиргина укол олдинг. Дўхтир қимирламай ётинг, деди. Ўзингни уринтирма”, деб ҳар қанча айтишимга қарамасдан, ўз сўзида туриб олди. “Дадаси, мен яхшиман. Тарки одат қилмайлик.  Сиз бемалол ухланг. Ахир оёғингизни уқаламасам ухлаёлмайсизку. Мени бу савобдан маҳрум қилманг”, дея то ухлаб қолгунимча уқалашдан тўхтамади. Шу зайлда ухлаб қолибман. Тонгга яқин кўзимни очсам, кампирим бошини оёқларимга қўйганича ётарди. Ўзимча: “Бечора кампир, чарчаганидан ўз жойига бориб ётишга ҳам эринибди шекилли”, деб ўйладим. Секингина туртиб, “Онаси, ўз жойингга ўтиб ол. Совқотиб қоласан”,  дея пичирладим. Кампирим индамади. Гапимни бир неча марта такрорлаганимдан сўнг секин оёғимни тортиб кампиримга қарасам, жони узилган экан.....”.

Отахоннинг сўзларини эшитиб мен ҳам йиғлардим. Қанча қанча муҳаббат ҳақидаги қиссалар, воқеалар, тарихларни эшитгандим-у, бироқ битта ўзбек оиласининг муҳаббатичалик таъсир қилмаганди. Таърифлари тилларда достон бўлган қанча-қанча афсонавий хонимларнинг муҳаббати бу марҳума онахоннинг муҳаббатига ўхшамасди.

Ҳа азизлар! Муҳаббат шундай бўлади. Жигарларим, ўғил-қиз набираларим! Ҳақиқий, ҳалол севги шундай бўлади. Севги муҳаббат  бу - хилват жойларда бўладиган ношаръий учрашувлар эмас. Муҳаббатнинг қаҳрамонлари  хиёнат ва фахшни, даъюсликни  тарғиб қилувчи европа сериалларидаги қаҳрамонлар эмас,  балки, тўйдан кейин бир-бирини таниган, Аллоҳнинг раҳмати ила бир-бирига суянчиқ бўлган, умрининг охирги дақиқасида ҳам эрининг розилигини ўйлаган онахон бўлади.

Шундай экан, сиз ҳам  Аллоҳдан шундай муҳаббат сўранг. То сўннги нафасигача сизга содиқ турувчи, вафодор, керак бўлса оёқларингизга бош қўйиб жон берувчи, ҳаттоки, жаннатларда ҳам бирга бўладиган жуфти ҳалоллар сўранг. “Севги”, “муҳаббат” ниқоби остида бўладиган турли хил ношаръий мулоқотлар, фахш ва зинога сабаб бўлувчи алоқалардан тийилинг. Ҳуқиқий муҳаббат билан шайтоний хирс – туйғуларни ажратиб олинг. Бундай муҳаббат сизни дунё ва охират яхшиликларига элтади иншааллоҳ.

Тошкент шаҳар бош имом – хатиби:                                        

Н. Холиқназаров

2762 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Селфичиларга! Шукрона »

Мақолалар

Top