Мақолалар

Шукрона

Аллоҳнинг тақдирига ишонмаган, ўзига нисбатан ҳақсизлик қилинди, дея ўйлаган кишининг ҳаёти нотинч кечади. У ҳар доим салбий ҳиссиёт таъсирида бўлиб, ишларини тўғри ташкил қила олмайди.

Инсон ўз насибасига рози бўлса, қўлидан келадиган ишларни мукаммал бажаришга ҳаракат қилса, Аллоҳга энг гўзал шукр этган бўлади. Чунки, ҳақиқий шукр берилган неъматлар қийматини билиб, уларни ўз ўрнида ишлатиб, Яратганнинг ризоси учун қўлламоқдир.

Теран фикрлайдиган инсон ҳаётни қадрлайди, турли воқеа-ҳодисалар қаршисида собит туради. Тақдири азалга рози бўлмоқ эса кишини тоблайди, қайғу-аламларни хотиржам енгишга ёрдам беради. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳнинг берганига рози бўл, инсонларнинг энг бадавлати бўласан!” (Имом Термизий) деб марҳамат қилганлар.

Аксарият одамлар улуғ неъматларга, улкан ютуққа эга бўлишни истайди. Нафсга қул бўлиб, ҳар нарсанинг энг яхшисини исташ инсоннинг бошқалар ҳақига чанг солишига сабабдир. Парвардигори олам бандаларининг насибаларини Ўзи истагандек яратган. Баъзиларга ҳусн, баъзиларга қобилият, яна бирига моддий имконият, бошқа бирига эса уни тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган яхши жуфти ҳалол ато этган. Баъзи бандаларини катта имкониятлар эшигини очиб қўйиб, бошқаларини торлик ва мушкулотларга дучор этиб синайди.

Тақдирдан нолиш мўмин бандага хос эмас. Чунки, имонли инсон Роббиси унинг тақдирини тайин қилганини, унга бўйсунмоқ бурчи эканини билади.

Ношукрлик - бахтсизлик келтиради. Зеро, насибасига рози бўлмаслик ва етишмовчиликдан шикоят қилиш ҳеч нарсани ўзгартирмайди, аксинча, дардини янада оширади. Шукр қилиш, қўлидаги неъматлардан кўнгли тўлиб, ижобий туйғуларда бўлиш инсоннинг икки дунёси учун ниҳоятда фойдалидир. Масалан, соғлом одам “шукрки, соғлиғим яхши”, деб қўлидан келганча меҳнат қилиб, моддий қийинчиликдан қутулади.

Аксинча, киши ҳар доим бошқалар билан ўзини муқояса қилиб, “Нега фалончи мўл-кўл харажатлар қилади-ю, мен қила олмайман? Мен ҳам улар каби харжлашни истайман!” деса, ўзининг аҳволини оғирлаштиради. Фарзандларининг ризқини қияди, ҳатто қарзга ботиб қолиши мумкин.

Унутмайликки, “Ҳеч вақоим йўқ”, деган одамлар ҳам жуда кўп неъмат эгасидир. Агар соғлиқ, ниятларни амалга оширишга вақт ва ёшлик каби неъматларимизга имкон қадар кўпроқ шукр қилсак, Аллоҳ таоло ризқимизни янада кенгайтиради. Бинобарин, Қуръони каримда: “Ким бир яхшилик килса,биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, Шакурдир” (“Шуро” сураси, 23-оят), дея марҳамат қилинган.

Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган Аллоҳ таоло биз бандаларига ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришни буюради. Роббимизнинг неъматларини катта-кичик демай, шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчдир. Аллоҳ таоло ҳам ана шунда биздан рози бўлади, иншааллоҳ, Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат қилиниб, жумладан: “...Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз), У сизлар учун рози бўлур...” (“Зумар” сураси, 7-оят), дейилган. Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳ розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ана шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир” (Табароний ривояти), деганлар.

Мустақилликдан олдин юртимизда улкан масжидларни тўлдириб, ёшу қари эмин-эркин ибодатларини адо этишлари қаёқда эди. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги ортиб бормоқда. Демак, кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано aйтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришади”, деганлар.

Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда ер юзининг турли жойларида бўлиб турган офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб тургани учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар айтмоғимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.

Хулоса қилиб айтганда, шукр қилиш ҳар биримизнинг бандалик вазифамиз бўлиб, у неъматларнинг зиёда ва бардавом бўлиш омилидир. 

 

ИБРОҲИМЖОН САИДОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

6476 марта ўқилди

Мақолалар

Top