Мақолалар

“Ана шу бармоқлар...”

Асмаъий айтади “Қутайба ибн Муслим туркларга қарши ҳарбий юриш чоғида масалаҳатлашиш учун қўшиннинг обрўли кишиларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳнинг қаердаликларини сўради.

“У киши анави ўнг тарафда камонлари устида ўтирганча, кўрсаткич бармоқларини самога кўтариб дуо қилмоқдалар” дейишди. Шунда Қутайба “Ана шу бармоқлар мен учун юз мингта ялонғочланган қиличдан ва паҳлавон йигитлардан кўра маҳбуброқдир” деди.

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳ катта тобеинлардан бўлиб, тақво, илм, ибодат, зоҳидликда жуда машҳур бўлганлар. У киши риёдан сақланиш учун ибодатларини яширардилар.

Кексайиб қолган бўлсаларда Қутайба ибн Муслимнинг қўшини билан бирга ҳарбий юришда иштирок этаётган эдилар.

Қутайба у кишининг бир четда ўтириб дуо қилаётганларини кўргач, ушбу дуо ижобат бўлиши ва қўшин ғолиб келишидан умидвор бўлиб, юқоридаги гапини айтган эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Восеъни ҳам, Қутайба ибн Муслимни ҳам раҳматига олсин!

 

“Солиҳлар ва солиҳалар, зоҳидлар ва зоҳидалар

 ҳаётидан минг бир қисса” китоби асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

2350 марта ўқилди

Мақолалар

Top