Мақолалар

Тараққиёт кушандаси - коррупция

Инсон зоти борки, тиним билмай тараққиёт сари одимлайди. Аммо тараққиёт ўз-ўзидан, кенг ва равон йўлдан бориб етиладиган манзил эмас. Бу йўлда одамзотга ғов бўладиган, оёғидан тортиб, чалғитадиган иллатлар ҳам бор. Шундай хатарлардан бири бу --коррупциядир.

Тилимизга оид луғатларда ёзилишича, коррупция лотинча сўз бўлиб, “бузиш”, “айниш” деган маъноларни англатади ва бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлари мақсадида фойда олиши, деб изоҳланади. Коррупциянинг энг кенг тарқалган турларига порахўрлик, фирибгарлик ва товламачилик киради. Бундай жиноятларнинг  содир этилиши иқтисодиётни заифлаштириб, бошқарувни издан чиқаради. Фуқароларни давлат бошқарувига нисбатан ишончини поймол қилиб, илм-фан,  меҳнат орқали ҳалол йўл билан мақсадга эришишга тўсқинлик қилади.

Бу иллатга ер юзидаги барча давлатлар ўз ҳудудидаги ҳолат ва шароитдан келиб чиқиб турли усулларда кураш олиб борадилар.

Мамлакатимизда ҳам бу турдаги жиноятчиликни олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Олий Мажлисга Мурожатномасида барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш, ватанимиз равнақи ва халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан ғов бўлаётганини алоҳида тилга олинди. Чунки бу иллатни йўқотмагунча ҳеч қандай иқтисодий, сиёсий ва маънавий юксалиш бўлмайди.

Инсон зотини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фаровон ҳаёти ҳақида қайғурадиган муқаддас динимиз таълимотларида ҳам коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб бориш лозимлиги такрор-такрор таъкидланган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз инкор этиладиган нолойиқ ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан қайтарсин. Аммо мана шу қалби билан қайтаргани иймоннинг энг заифидир”, деганлар.        

Ояти карима ва ҳадислардан келиб чиқадиган хулоса битта, яъни бу иллат бевосита иштирокчиларнинггина зиёни эмас, балки бутун қавм, бутун жамиятни зараридир.

Демак, коррупция ва порахўрликка қарши ҳар биримиз курашмоғимиз шарт. Бунинг учун бизлар қонун ва давлат ҳимоясидамиз.

 

Маъруф Алоходжаев
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме

масжиди имом хатиби

 

2432 марта ўқилди

Мақолалар

Top