Мақолалар

​Мусибатга учраганни кўрганда нима қилиш керак?

Кўча-кўйда турли балога учраган, масалан, автоҳалокатга, ёнғинга учраганлар, беморлик ва ҳоказо ҳолатларга дучор бўлганларни кўриб ёки эшитиб қоламиз.

 

Афсуски, бундай пайтда кўпчилик мусулмонлик одобига тўғри келмайдиган ишларни қилишади: дарҳол телефонга тасвирга олиб, интернетда тарқатишади.

 

Динимизда барча ҳолатларнинг одоблари, шу жумладан, синовга, балога учраганни кўрганда бажарилиши лозим бўлган одоблар бор.

 

Хўш, мўмин банданинг биродарини мусибатга, балога учраганини кўрганда одоби қандай бўлмоғи лозим? 

 

Ҳар бир ишда умматларига ўрнак бўлган севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатда ушбу дуони ўқишни таълим берганлар: 

 

الحمد لله الذي عافاني مما ابتلاك به وفضلني على كثير ممن خلق تفضيلا لم يصبه ذلك البلاء

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким балога учраган кишини кўрганда “Алҳамду лиллаҳиллазий аъфаний миммаа ибталаака биҳи ва фаззоланий аъла касийрин мимман холақо тафзийлан” деса, унга ўша бало етмайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Демак, бир биродаримизнинг ўзига, уй-жойига, мол-мулкига талофат етганини кўрсак ёки эшитсак, тўхтаб, мазкур ҳадисда келган дуони ўқиб, Аллоҳ таолодан ўзимиз учун ҳам, ўша биродаримиз учун ҳам паноҳ сўрашимиз керак. 

 

Кейин ўша инсонга қўлимиздан келган ёрдамни кўрсатишимиз лозим. Автоҳалокатга учраган бўлса, тезроқ шифохонага олиб бориш, уйи, мол-мулки ёнган бўлса, ўт ўчирувчиларни чақириш, уй ичидан жабрдийдаларни олиб чиқиш, уларга керакли ёрдамни кўрсатиш билан мусулмонлик одобимизга амал қилган бўламиз. 

 

Агар бунинг ўрнига телефонга расмга, видеога олиб, ҳаммага тарқатсак, ўша биродаримизнинг мусибатига мусибат қўшган, дилига озор берган бўламиз. Қолаверса, инсонларнинг мусибатли ҳолатларини тарқатиш орқали ўз обрўсини, обуначиларини ўйлаш бировнинг жароҳати устида рақсга тушишдек гап. Мусулмон одам эса бундай номаъқул иш қилмайди. Аксинча, биродарининг мусибатидан ўзи ҳам изтиробга тушади ва қўлидан келадиган ёрдамни беришга интилади.

 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

@muslimuzportal | muslim.uz

2264 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ибрат Ётишдан олдин кўрпаларни қоқиш »

Мақолалар

Top