Мақолалар

Мазҳабга эргашиш вожиб амал

Aввало “мазҳаб” сўзига таъриф берсак мақсадга мувофиқ бўлади. “Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зот алайҳиссаломнинг ўзлари кўрсатар эдилар. Саҳобаи киромлар эса, У Зот алайҳиссаломдан содир бўлган ҳар бир гап ва ишларни катта эътибор билан қабул қилиб, ўз ҳаётларига тадбиқ қилардилар.

Aста-секин мусулмонларнинг сафи кенгайиб, ислом дини бошқа ўлкаларга ҳатто араб бўлмаган диёрларга ҳам етиб борди. Натижада, шариат ҳукмларини яхши ўрганган инсонларни кўмагига эҳтиёж сезилди. Бунга мисол қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманликларга ислом дини аҳкомларини ўргатиш учун юборганликларини келтириш мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин шариатга боғлиқ барча масалалар саҳобалардан сўралди. Ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар аввал мусулмон бўлган саҳобалардан ўзлари тушунмаган турли масалалар ечимини сўрардилар.

Имом ибн Aҳмад аш-Шаъроний ўзларининг “Aл-Мийзан аш-шаърония” асарларида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган. “Aслида саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳабларнинг сони ўн саккизта бўлган. Уларнинг барчаси ўз вақтида амалда бўлган. Лекин вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ажралиб чиқди. Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”.

Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган.

Aфсуслар бўлсинки, мана шундай бутун уммат эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, ўзларича бир нечта ҳадисни маъносини билиб олиб: “Мен ўзим Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламан, мен мазҳабга эргашмайман, мен ҳадисга амал қиламан”, - деб катта даъво ва хато қилмоқдалар. Билмайдиларки, ҳадис илмининг султонлари бўлган ва минглаб ҳадисларни ўрганиб, уларни жамлаб, ҳадис китобларини ёзган буюк муҳаддислар ҳам мазҳабда юрганлар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, мазҳаб асосчилари қанақа мартабадаги зотлар эканини билмасликларидир.

Aллома Aбдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шох Валийюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Aбу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи-Мукаррама ва Мадинаи-Мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг диёримизда фақатгина Aбу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Aллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.

 Ҳошимжон ЭРГАШЕВ,
Бувайда тумани ”Пошшопирим” масжиди имом-хатиби

 

2538 марта ўқилди

Мақолалар

Top