Мақолалар

Таваккул қилайлик!

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Туямни боғлаб таваккул қилайми ёки қўйиб юбориб сўнг таваккул қилайми?” деб сўраганида, у зот: “Уни боғлагин-да, сўнг таваккул қилгин!” деб айтганлар (Шу маънодаги ҳадисни Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Қузоъийлар ривоят қилишган)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда сабабни ушлаш ва Аллоҳ таолога таваккул қилиш орасини жамладилар.

Мақсад нима? Мақсад туянинг йўқолиб қолмаслиги. Демак, бунинг учун сабабини қилиб, Аллоҳ таолога таваккул қилиш керак. Аввал туяни боғлаш керак. Бу сабаб. Аллоҳ таолодан “Эй Роббим, туямни Ўзингга топширдим. Ўзинг асра. Ўзингга таваккул қилдим” деса, бу таваккул бўлади. Мана шу таваккулнинг тўғри кўринишидир.

Бемор бўлдингизми? Мақсадингиз тузалишми? Унда сабабларни қилинг. Шифо берувчи Аллоҳ таолодир. Лекин сиз даволанишни тарк этманг! Даволаниш чораларини кўрасиз, Аллоҳ таолодан сизга шифо беришини сўрайсиз.

Пулингиз оз қолганидан, эртага нима ейишингизни ўйлаб хавотирдамисиз? Ризқ берувчи Аллоҳ таолодир. Лекин сиз меҳнат қилишни ташлаб қўйманг! Мақсадингиз ризқ топишми? Аллоҳ таолодан ризқ сўранг! Кейин ишлаб, меҳнат қилиб, пул топиш чорасини кўринг!

Ҳидоят қилувчи Аллоҳ таолодир. Лекин сиз тоатни унутиб қўйманг! Ибодатни қилинг, дуоларингизда Аллоҳ таолодан сизни ҳидоятда собит қилишини сўранг!

Сабабларни ушлаш таваккулга зид эмас. Агар зид бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туя ҳақида савол берган саҳобийга “Уни боғлагин-да, сўнг таваккул қилгин!” демасдилар.

Қуръони Каримда сабабларни ишга солишга ишора қилувчи оятлар бор.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

فَنَادَاهَا مِن تَحْتِهَا أَلَّا تَحْزَنِي قَدْ جَعَلَ رَبُّكِ تَحْتَكِ سَرِيّاً وَهُزِّي إِلَيْكِ بِجِذْعِ النَّخْلَةِ تُسَاقِطْ عَلَيْكِ رُطَباً جَنِيّاً

“Унинг остидан: “Маҳзун бўлма, батаҳқиқ, Роббинг остингдан оқар ариқ қилди. Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади”, деб нидо қилди” (Марям сураси, 24-25-оятлар)

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Марям онамизга хурмо танасини силкитишни амр қилмоқда. Аслида Роббимиз хурмо дарахти силкитилмаса ҳам мевалар ато қилишга қодир Зотдир. Лекин биз бандаларга сабабларни ишга солиш кераклигини билдириш учун Аллоҳ таоло Марям онамизга хурмо танасини силкитишни буюрмоқда.

Олим бўлмоқчимисиз? Унда Аллоҳ таолодан “Эй Роббим, менга фойдали илм бергин! Илмига амал қиладиган олимлардан қилгин!” деб дуо қилинг. Кейин илм олиш чораларини кўринг. Бирор ўқув юртига ўқишга киринг, устозга боғланинг, китоблар ўқинг, илм олишга сабаб бўладиган ишларни амалга оширинг. Бу сабаб бўлади. Аллоҳ таоло сизу бизга китоб ўқимасак ҳам илм беришга қодир Зот, аммо мақсадга етиш учун сабабларни ишга солишни Ўзи амр қилган. Шунинг учун чораларни кўрамиз.

Инсон мақсадга эришиш учун сабабларни ишга солар экан, “Шу сабаблар менга фалон нарса берди” деб ўйлаб қолмаслиги, бундай эътиқоддан сақланиши керак. “Аллоҳ таоло фалон ишни сабаб қилиб менга мана бу нарсани ато этди. Аслида У Зот сабабларсиз ҳам ўша нарсани менга ато қилишга Қодирдир!” дейиш керак.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин! 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади 

 

 

2475 марта ўқилди

Мақолалар

Top