Мақолалар

Худкушлик – аср вабоси

Аллоҳ таоло одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азиз-у мукаррам қилиб яратган. Қуръони Каримда “Батаҳқиқ биз бани Одамни азиз-у мукаррам қилиб қўйдик”[1] − дейилади. Аллоҳ таоло борлиқдаги турли туман мавжудодларнинг яратгувчиси, уларни бир-биридан афзал қилиб қўйган зотдир ва у одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратиб қўйди.

Одам боласининг мукаррамлиги борасида сўз кетганда уламолар инсон танаси ва табиатидаги турли даражадаги мукаррамлик сифатларини санаб берадилар. Аввало одамнинг шакли - суврати, барча аъзоларни тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Ҳақиқатан ҳам инсон зотининг танаси бошқа мавжудотларнинг танасида фарқли равишда мукаммал ва нозик тузилган. Унинг ташқи кўриниши ҳам бошқа махлуқотларнинг суратида кўркамроқ ва чиройлироқ ҳисобланади. Буни инсон тана аъзоларининг бирор ҳайвон тана аъзолари билан қиёсаб кўрилиши ҳам тасдиқлайди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло одам боласини ўзи яратиб мукаррам қилди ва  Ўз руҳидан жон пуфлаб улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан инсон мукаррамдир. Бас шундай экан ҳеч бир инсон ўз нафсига зулм қилишга ва озор етказишликка ҳаққи йўқ.

Инсон мукаррамлигининг яна бир кўриниши унинг ақли ва маърифат ҳосил қилиш имкониятларининг мавжудлигидир. Аллоҳ таоло инсонга ўзини таниши, маърифатуллоҳ ҳосил қилиши учун унга илм-маърифат, идрок ва ҳиссиётни ато қилди. Уламолар инсон мукаррамлини тавсифлаганларида айна мана шу сифатида алоҳида урғу бериб ўтадилар. Токи бу дунёда ҳаёт бор экан, турфа хил одамлар ва уларнинг онгу тафаккуридаги ўзаро тафовут ва зиддиятлар сақланиб қолаверади. Айнан ана шундай турли дунёқарашлар, бир-бирини инкор этадиган оқим ва йўналишлар мавжудлигини табиий бир ҳол деб қабул қилишни ҳаёт воқелигининг ўзи талаб этади.

Шубҳа йўқки, бугунги кунда на миллат, на чегара ва на дин танламайдиган терроризм сайёрамизнинг ҳар қандай давлати сиёсий ҳаётидаги энг катта муаммога айланди. Зўравонлик, бошқалар устидан ҳукмронлик қилиш истаги инсоннинг табиатида мавжуд бўлиб, шайтон васвасаси, ҳавои нафс истаги оқибатида ижтимоий тараққиётнинг барча даврларида ўзининг вайронкорлик кайфиятини намоён қилиб келди. Унинг кўплаб кўринишларидан бири, бугуннинг глобал муаммоларидан бирига айланган, аср вабоси бўлган  худкушликдир.

Бугунги кунда инсоният айнан ушбу ҳодисадан тасаввур қилиб бўлмас даражада азият чекмоқда, миллионлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмоқда. Энг ачинарлиси ва дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётганини дин ниқоби остида ўз манфаатлари учун курашаётганлар четда туриб, бошқаларни ўтга солаяпти. 

Ислом инсонларни бир-бирига зарар етказишликдан ва ўзини ҳам қийинчиликка солишликдан қайтаради. Аммо минг афсуслар бўлсинки инсоният “шаҳидлик” дея аталмиш буюк мақомни ўзларига “ қалқон” қилиб минглаб инсонларга ва ўзларига зулм қилаётган шаҳсларнинг аянчли ишларига гувоҳ бўлмоқда. Уларни ўзларига ёки машиналарига портловчи моддани боғлаб олиб халқ ичига кириб ўзини портлатиб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётганликлари ва мана шу қилган амалим мени шаҳид бўлишимга сабаб бўлади дея хом ҳаёл қилаётганликлари жуда ҳам ачинарлидир. Бу ўй ҳаракатлар остида саёз илм, жаҳолат ва сингдирилган ёт, вайронкор ғоялар ётади. Улар бу ҳаракатлари билан ўзларининг ҳам  қадрли жонларига қасд қилмоқдалар.

Қуръони Каримда ўз жонига қасд қилиши энг катта гуноҳлардан экани таъкидланган: “Ўзларингизни-ўзларингиз ўлдирмангиз албатта Аллоҳ сизларга раҳм шавқатлидир”[2]. Ва яна “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”[3]. Ўзини-ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган иш бўлиб, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг қазои қадарига норози бўлиш, У берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш осийлик ва иродасизликдир. Ўзи ўзи ўлдириш мусулмонларга ҳос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилган ҳадиси шарифда эса ўзини ўлдирган кишининг жазоси янада равшанроқ ёритилган: “Ким ўзини бир темир парчаси билан ўлдирса, қиёмат кунида жаҳаннам ўтида темирлар парчаси қўлида, абадий равишда у билан ўзини ўлдириб азобланиб ётади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, доимий равишда заҳарланиб жаҳаннам ўтида азобланади. Ким ўзини тоғдан ташлаб юборса, доимий равишда жаҳаннам ўтида ўзини ташлаб ўлдириб азобланади.”

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Аллоҳ таоло ҳадиси қудисийда марҳамат қилурки, “Бандам ўзини ўзи ўлдириб мен унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим”.

Демак ўзини ўзи ўлдирган одам дўзаҳга тушишда шубҳа йўқ. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, исломда инсоннинг ўз жонига қасд қилиши гуноҳи кабиралар (энг оғир гуноҳлар)дан саналиб. Бундай киши шаҳид эмас. Балки дўзахий бўлиши қайта-қайта таъкидланган.

 Ибни Сирин (р.а.)айтадилар: “Ўзини ҳалокатга ташлаш Аллоҳ таолони раҳматидан умидсизлик белгисидир”. Имом Насафий айтадилар “Баъзи жоҳиллар каби одам ўзини ўзи ўлдирмаслиги керак”.

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазодир. Охиратда эса алоҳида жазо бўлади. Ўз жонига қасд қилган инсон Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлиб, охиратда ҳадисларда келтирилганидек, абадий азоб уқубатда бўлиш билан бирга ҳар бир мусулмоннинг гуноҳларини каффорат бўлишига сабаб бўладиган жаноза намозидан ҳам маҳрум қилинар экан.

Жаҳонда кейинги пайтда содир бўлаётган фожиали воқеалардан бири террорчилик хатти-ҳаракатларидир. Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида ислом ва иймондан мутлақо бехабар кимсаларнинг нодонларча ва хато баёнотлари пайдо бўлиб қолди. Уларнинг таъкидлашича, тинчликсевар Ислом дини ўзларини ўлимга маҳкум этаётган террорчиларнинг хатти-ҳаракатларини оқлар эмиш. Ваҳоланки, ўз жонига қасд қилиш, бошқа одамларни ўлдириш каби Исломга бутунлай зид нарсадир. Аллоҳ таоло суиқасдни очиқ-ойдин манъ этган: “Ўз-ўзингизни ўлдирмангиз!”[4]. Қандай сабаб билан бўлмасин, кишининг ўзини ўзи ўлдириши Ислом томонидан таъқиқланган.

Ўз жонига қасд қилиш, жумладан суиқасдчи-террорчиларнинг минглаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлиши Исломнинг маънавий-ахлоқий асосларига тамоман қарама-қаршидир. Шунинг учун Аллоҳга ишонганини ва Қуръон амрларига бўйсунганини тасдиқлайдиган ҳар бир киши ана шундай ишларни қилмайди. Бу ваҳшийлик фақат ақл-идрок ва виждонидан маҳрум бўлган, иймоннинг ҳақиқий мазмунини англашда қаттиқ адашаётган, Қуръоннинг илоҳий даъватини билмайдиган, онги ўзгалар томонидан нафрат ва аламзадалик орқали бошқариладиган, худосиз мафкура ва кенг миқёсдаги ташвиқот таъсирига тушиб қолган кимсаларнинггина қўлидан келади.

Ҳаёт аталмиш азиз неъмат инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан бизларга топширилган имконият ва масъулият ҳамдир. Ҳар инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга ҳиёнат қилмаслиги керак, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган бўлиб, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.

 

Хадичаи Кубро ўрта махсус

ислом таълим муассаси    

ўқитувчиси Жозиба Жамол қизи

 

[1] Қуръони карим. Исро –70- оят.

[2] Қуръони  карим. Нисо сураси, 29-оят.

[3] Қуръони карим. Бақара сураси, 195-оят.

[4] Қуръони карим.  Нисо сураси, 29-оят

2660 марта ўқилди

Мақолалар

Top