Мақолалар

Мазҳабсизлик – мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид

ХХ аср сўнггида мусулмон оламида Ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлди. У ҳам бўлса, мазҳабсизликка чақирувчилар тоифасидир. Мазҳабсизлик ҳаракати тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр–кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади.

Мазкур тоифага кирувчи шахслар Исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, Китоб ва Сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, Исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Улар бирор–бир масалада Қуръон ва суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат.

Ўзларини “Ислом динининг фидойилари” деб эълон қилаётган бу тоифа Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратаётгани ва уларнинг бирлигига раҳна туғдираётгани ҳақида жар солмоқда.

Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид соладиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилару, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Мазҳабга эргашиш аслида залолатдан узоқ бўлмоқ демакдир. Мазҳабсизлик тарафдорлари ўз даъволарини асослашда ихтилоф  ва тақлид ибораларига алоҳида урғу берадилар.

Маълумки, Исломда ихтилоф ақидавий ва фиқҳий йўналишларга хос. Ақидавий ихтилоф Аллоҳ таолога эътиқод қилишда турли туманлилик шаклда юзага келиб, мусулмонлар ички бирлигининг заифлашуви, турли тоифаларга бўлиниб кетишдек салбий оқибатларга сабаб бўлган. Бунинг оқибатида, хорижий, мўтазилий, қадарий, жабарий ва муржиий каби кўплаб тоифалар вужудга келган.

Фиқҳий ихтилофлар эса мутлақо бошқа мазмунга эга бўлиб, мазҳабларнинг ибодат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга турлича ёндашув натижасида ўлароқ пайдо бўлган. Бундай ҳолат асло нуқсон ёки ихтилоф манбаи сифатида талқин этилиши мумкин эмас. Аксинча, Ислом шариатининг замон ва маконга мослашувчанлиги ва мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Масалан, бирор-бир манзилга етиш учун турли томонлардан бориш имкони бўлса, киши нисбатан энг яқин ва қулай йўлни танлайди. Мусулмоннинг бирор бир мазҳабни тутишини ҳам айнан шундай ҳолатга қиёслаш мумкин. Зеро, уларда у ёки бу масала муайян халқ, миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари, менталитети ҳамда ижтимоий муносабатларнинг характеридан келиб чиқиб энг қулай ва маъқул шаклда ҳал қилинган.

Ислом уламоларининг иттифоқига кўра, диннинг аслига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш мумкин эмас. Унинг акси ўлароқ, фиқҳий масалаларда эса, бирор-бир мазҳабга эргашиш, яъни тақлид қилиш лозим бўлади.

Шайх Рамазон Бутий айтадилар: “Мазҳабсизлик диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”. Бундай ҳаракатлар эса ҳадисларда ва уламоларнинг асарларида қатъий қораланган. Қайд этилган мулоҳазалар “Қуръон ва ҳадисгагина амал қиламиз”, – дея ўзларини мужтаҳид билиб, фиқҳий мазҳабларни инкор қилаётганлар аслида, бу ҳаракатлари билан диний бирлик ва ақидавий якдилликка раҳна солаётганини исботлайди. Қолаверса, бундай иддаолар асрлар давомида мавжуд бўлиб келаётган мазҳаблар асосчилари ва уларнинг таълимотларига нисбатан бўҳтон бўлиб, мусулмон адаштиришга қаратилганини таъкидлаш ўринли бўлади.

Хулоса қилиб айтганда ислом динидаги мазҳабларнинг турли туманлиги умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир. Бу англашилмовчиликдан кўпроқ мусулмонларнинг ўзи зарар кўраётганлари ҳам маълум. Шунинг учун ихтилофларга бормасдан илм-маърифатга ёндошиш эса асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ихтилоф чиқараётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Бунга сабаб уларнинг ёшлиги ва шу соҳа бўйича билимларининг етишмаслиги, қолаверса, кимларнингдир сўзларига алданиб қолишларидир. Ҳозирги кунда биз ёшлар турли хил алдовларга учмасдан, билим олиб, жамият ривожига ўз ҳиссамизни қўшадиган бўлсак, бундай тарафкашликларнинг олдини олган бўламиз.

 

Манбалар асосида

“Кўкалдош” ўрта махсус

ислом билим юрти 3-курс талабаси

Оллоёр Юсупов тайёрлади.

 

4363 марта ўқилди

Мақолалар

Top