Имом Термизийнинг насаби: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок бўлиб, манбалардаги энг ишончли боболарининг исми келгани мана шудир. Айрим таржима китобларда Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра деб ҳам келган. “Иршод ила маърифати уламои-л-ҳадис” китобининг соҳиби Имом Термизийни Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод деб келтирган. Лекин кўпчилик тарихчи олимлар Муҳаммад ибн Исо ибн Саврага иттифоқ қилганлар.
Куняси: Имом Термизийнинг куняси Абу Исо бўлиб, Имом Термизийни ўзи ҳам бу куняни яхши кўрар эди. У зот бу куняни ўз исмига ихтиёр қилиб, ўзини фақат Абу Исо, деб номланишини яхши кўрган[1].
Имом Термизийга ал-Буғий, ат-Термизий ва ас-Суламий деб нисбат берилишига қуйдагилар сабаб бўлган:
- Термизий – Ушбу нисбат Термиз шаҳрида туғилган инсонларга берилган. Бундай нисбат бериш ислом оламида жуда машҳур бўлиб, хар бир инсон ўзи туғилган жойга нисбати берилган.
- Буғий – Бунга сабаб Имом Термизий туғилган қишлоқ бўлиб, Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган. Хозирда Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудидадир. Лекин Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саъад Абдулкарим ас-Самъоний (1113-1167) Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун Буғий тахаллусини олган деган.
- Суламий деб нисбат берилишининг тарихчи олимлар икки қабилага нисбат берган. Улардан бири Сулайм ибн Мансур бўлиб, бу араб қабилалари ичидаги машҳур қабиладир. Бу нисбатни “ал-Ансоб” китоби соҳиблари берган[2]. Мулла Али ал-Қори бўлсалар Сулайм ибн Фаҳм қабиласига нисбат берган[3]. Шу ўринда Имом Термизийнинг оилалари ва ота-оналари ҳақида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Олимлар Имом Термизийдан фақатгина “ Бобом асли Марвлик бўлиб, Лайс ибн Сайёр даврида Марвдан Термизга кўчиб келган ”, деган сўзини келтирадилар[4].
Таваллуди: Имом Термизий III ҳижрий асрнинг аввалида 209/824 йили Термиздаги Буғ қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган. Имом Заҳабий ўзининг "Сияр аълам ан-нубало" китобида 210 ҳижрий сана бошларида деб келтирган[5]. Ибн Асир ҳам ўзининг “ Жомеъ-ал-усул” китобида 209 ҳижрий санада таваллуд топгани”[6]ни келтирган. Имом Термизийга “Зарийр” деган тахаллусни берилишининг сабаби умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учундир[7]. Демак, Имом Термизий умрининг охирида ҳадис ва бошқа илмларни мукаммал эгаллаганидан сўнг кўзи ожиз бўлиб қолган.
Имом Термизийни илмга юзланиши ва илм талабидаги сафарлари: Имом Термизий ёшлик чоғида ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлиб, бу фазилати билан ўз тенгдошларидан батамом ажралиб турган. Имом Термизийни ёшлик чоғида илмга ўта қизиқиш ва иштиёқи ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллашида баралла намоён бўлди. Имом Термизий илм олишда фақат ўз юрти ёки қўшни вилоятлар билан чекланмади. Тарихчи олимлар Имом Термизийнинг илмий сафарга чиқиши 240/850- йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатларга сафар қилганини айтишган. Жумладан, у зот Бухоро, Марв[8], Рай [9], Басра, Куфа ва Ҳижоз ( Макка ва Мадина)га сафар қилиб, кўплаб муҳаддислар, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олган. Имом Термизийнинг Бағдодга киргани ҳақидаги маълумот борасида олимлар ихтилоф қилганлар.
Имом Термизийнинг устозлари: Имом Термизий ўзининг “Жомеъ” китобида беш юзга яқин шайхдан ривоят қилган.
Имом Термизийнинг шогирдлари: Имом Термизий ҳаётини асосан ҳадис эшитиш учун турли юртларга сафар қилиш билан ўтказди. Шу илмий сафарлари давомида турли китоблар ёзди. У кишидан кўплаб инсонлар ҳадис эшитиб ривоят қилдилар. Имом Бухорий Имом Термизийнинг устози бўлишига қарамай у кишидан баъзи ҳадисларни ривоят қилган. Бу ҳам Имом Термизийнинг даражаси муҳаддислар ўртасида қандайлигини билдиради. Имом Термизийнинг ёзган асарлари: Инсонни кўп ёки оз китоб ёзиши илми қандай эканига далолат қилмайди. Балки китобдан олинадиган фойдани кўплиги ва олимлар орасида тарқалиши ўша китоб муаллифининг илми нақадар улуғлигидан бир нишона десак хато бўлмайди. Машҳур ҳанафий олими Ҳофиз Зайлаъий ҳам илмда юқори даражада бўлса ҳам фақатгина “ Насбу-р-роя ли аҳадиси-л-ҳидоя” ва “ Тахриж Аҳадиси-л-кашшоф” номли икки китобни ёзиш билан кифояланган. Имом Термизий ҳам кўп китоб ёзмаган. Аммо у зотни биргина китобини тўлиқ илм ва фаҳм билан тушунишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. У зот агар “Жомеъ” китобидан бошқа китоб ёзмаганида ҳам ақида, ҳадис, фиқҳ соҳасидаги илми қандай даражада бўлганини билиб олиш қийин бўлмасди.
- “Ал- Жомеъ ал-кабир” Ушбу китоб у зот ёзган энг машҳур ҳадис китоби бўлиб, ҳадис соҳасида олти саҳиҳ китобдан бири ҳисобланади. Ушбу китобни номи қандайлиги борасида олимлар ўнга яқин номини зикр қилганлар. Улар ичида энг машҳури “Ал-Жомеъ ал-мухтасар мин сунани ан расулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва маърифату саҳиҳ ва-л- маъмул ва ма алайҳил амал” дир.
- “Илал (Сағир)” Ушбу китоб Имом Термизийнинг “Жомеъ” китобини охирида келиб, “Жомеъ”китоби билан биргаликда нашр қилинган[10].
- “Илал (Кабир)” Китобни Абу Толиб Қози фиқҳ бобларига мувофиқ тартиблаб чиққан. Бу китоб1986 йил устоз Ҳамза Дийб Мустафо таҳқиқи остида нашр қилинган.
- “Тасмияту Асҳаби Росулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” Бу китоб 1986 йил Байрутда Устоз Имадуддин Аҳмад Ҳайдар таҳқиқи остида нашр қилинган. Бу китоб яна “Асмоу-с-Саҳобати” ҳам деб номланади.
- “Шамоили Набавийя” Бу китобнинг тўлиқ исми ва у ҳақидаги бошқа маълумотларни баҳснинг иккинчи қисмида батафсил келтириб ўтилади.
- “Зуҳд” Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Таҳзибу-т-таҳзиб” китобида “Бу китоб бизгача этиб келмаган” деган [11].
- “Тарих” [12]
- “Асмо вал Куна” [13]
- “Китаб Тафсир”
- “Рубаийяту фил Ҳадис”
- “Китоб фий Жарҳ вал Таъдил”
- “Китоб фил Асари ал-Мавқуфа”[14]
Исмлари зикр қилган китоблардан фақатгина тўртдан бир қисми бизгача етиб келган. Қолган китоблар бўлса тарих зар варақларида йўқ бўлиб кетган десак хато бўлмайди.
Имом Термизийни хотирасининг кучлилиги ва олимларни у зот ҳақида айтган сўзлари: Имом Термизийнинг зеҳини ўткир, хотираси жуда кучли бўлган. У суннатни жуда маҳкам лозим тутиб, дунёдан доимо зуҳд қилган. Имом Термизийнинг зеҳни ўктирлиги борасида тарихий манбаларда жуда кўп маълумотлар келган. Жумладан Имом Заҳабий (1274-1347) ўзининг “ Тазкирату-л-ҳуффоз” номли китобида қуйдаги ғаройиб ҳикояни келтирган:
“Бу ҳикояни Имом Термизийнинг ўзи айтиб берган: “Мен Маккага бораётганимда бир шайхдан ривоят қилган ҳадисларни иккита ҳадис ёзадиган қоғоз жузларига ёзиб олган эдим. Ўша шайх бизнинг олдимиздан ўтиб қолди. У ҳақида (инсонлардан) сўраган эдим. Улар Фалончи шайх дейишди. Мен у зотни ҳузурига бора ётиб, у кишидан ёзиб олган икки жуз ҳадисим ўзим билан бўлса керак деб, ўйладим. Икки жуз солинган халтамни олдим. Гумонимда бу икки жуз мана шу шайхга тегишли эди. У билан учрашиш насиб этгач, ундан ҳадисдан сабоқ беришини сўраган эдим, у рози бўлди. Ўзимдаги ҳадислар ёзилган икки жузни олсам. Улар оппоқ қоғоз бундан ҳайратга тушдим. Шайх менга ёддан ҳадис айтиб сўнгра менга қаради. Қўлимдаги икки жуз ҳам оппоқ эди. У менга “Бу ишингдан уялмайсанми? деди. Мен “йўқ” дея унга бўлган воқеани айтиб, мен ушбу ҳадисларни ҳаммасини ёдладим”, дедим. У “бўлмаса айт” деди. Мен унга менга айтиб берган ҳадисларини бирин кетин айтиб бердим. Шунда у мени тасдиқламади “ Сенга мен келишимдан олдин биронтаси айтиб берган бўлса керак” деди. Мен “бўлмаса бошқа ҳадисларни айтинг”, дедим. У менга “ноёб ҳадисларидан қирқтасини айтиб, менга шуларни қайтариб айт”, деди. Мен унга айтган ҳадисларни бошидан охиригача у менга қандай айтган бўлса шундай айтиб бирон ҳарфда ҳам хато қилмадим. У менга сенга ўхшашини кўрган эмасман”, деди [15].
Имом Самьоний “Имом Термизий ҳеч шубҳасиз ўз асрининг имомидир”, деган [16]. Имом Самьоний яна бошқа бир ўринда “Имом Термизий ҳадис илми борасида иқтидо қилинадиган имомлардан бири бўлиб, “Жомеъ”, “Таворих” ва “Илал” каби буюк асарлар муаллифи, у зотни зеҳни борасида зорбул масаллар келтирилган”, деган [17]. Ибн Асир Жазарий “ Имом Термизий имом, ҳофиз бўлиб, яхши китоблар тасниф этган ҳадис борасида “ Жомеъ Кабир” шулар жумласидан”,[18]деган. Ҳоким Абу Аҳмад мен Умар ибн Алакдан “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этди. Хуросонда ўзидан кейин илм ва тақвода Абу Исога ўхшашини қолдиргани йўқ. У кўп йиғлаганидан ҳатто кўр бўлиб қолди”, деганини эшитдим” деган[19]. Абул Фазл Байламоний “Мен Наср ибн Муҳаммад Шайрокуҳийдан у мен Муҳаммад ибн Исо Термизийдан у Менга “Муҳаммад ибн Исмоил Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан кўпроқдир”, деганини эшитдим”,[20] деган.
Ибн Касир “ Имом Термизий бу иш (ҳадис илми) борасида ўз замонасининг имомларидан эди”, деган [21]. Ҳофиз Абул Ҳажжож Миззий “Имом Термизий кўзга кўринган ҳофиз имомлардан бири бўлиб, Аллоҳ у билан мусулмонларни манфаатлантирди”,[22] деган. Мулла Али Қори “ Термизий имом, ҳужжат, сиқо, ҳофиз, мутқиндир”, деган [23]. Бундан ташқи бошқа жуда кўплаб олимларни имом Термизий ҳақида айтган сўзларини келтириш мумкин. Буларни ҳаммаси Имом Термизийнинг ҳадис илми борасида катта олимлардан бўлганига ва салаф солиҳларни фиқҳини яхши ўзлаштирганига далолат қилади. У зот илм ва амални жамлаган инсонлардан бири бўлган.
Вафоти: Узоқ йиллик илмий ҳаётдан сўнг Имом Термизий 279/892 йил Ражаб ойининг ўн учинчиси душанба куни ватани бўлмиш Термизнинг Буғ қишлоғида вафот этган.
[1] Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абдуроҳим. Муқаддима Туҳфатул-Аҳвузий. – Байрут, Дорул кутуб илмийя 1990. –B. 242.
[2] Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут, Дорул Муҳаммад Амин, 1401. Ж.2. – Б.361.
[3] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.38.
[4] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40..
[5] Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияру аьломи-н-нубало. – Байрут, Муассасату-р- рисола, 1302ҳ. Ж. 13. –Б.371.
[6] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.39..
[7] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40.
[8] Туркманистон ҳудудида жойлашган..
[9] Хозирги кунда Эрон пойтахти Теҳрон.
[10] Имом Термизий. Сунан Термизий. – Риёз, Байту-л-афкор, 1999. –Б. 607.
[11] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л- маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389.
[12] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л-маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389.
[13] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л-маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389.
[14] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.113.
[15] Тақюддин Исирдий. Фазоила-л-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламу-л- кутуб, 1409 ҳ. – Б. 31-32.
[16] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.51
[17] Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут, 1401 ҳ. Ж.2. –Б.45.
[18] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.51.
[19] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л-маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389
[20] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дору-л-маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389
[21] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.52.
[22] Абул Ҳажжож Юсуф.Таҳзибу-л-Камол. – Байрут, Муассасат-у-рисола, 1407 ҳ. Ж.26. –Б. 250.
[23] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.53.
Тошкент ислом институти
"Ҳадис ва ислом тарихи фанлари" кафедраси ўқитувчиси Ф.Хомидов