Мақолалар

Телефонига термулиб ўтирганларга!

Ҳой йигит! Ҳой қиз! Отанг ёнингда сенинг табассуминг ва ширин сўзингга муҳтож бўлиб ўтирибди. Онанг олдингда биргина бўсанг ва холис дуоингга муҳтож бўлиб ўтирибди. Сизлар бўлса ижтимоий тармоқлардаги турли хабарларни ўқиб, ҳар бир пост, хабар ва мактубга изоҳ ёзиб ўтирибсизлар. Ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, ҳақдорларга вафо қилиш қаерда қолди?!

*****

Агар ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир янги инсон билан дўстлашаверсанг, ҳар бир видеони кўриб, ҳар бир постни ўқиб, барча изоҳларни кўздан кечириб, маълумотларга лайклар боссанг, у ҳолда Аллоҳ таолонинг ибодатига, Қуръони Каримни тиловат қилишга, оилага эътибор қаратишга, муҳим ишларингга қачон вақт топасан?! Вақтингни тартибга сол, чунки у сенинг ҳаётингдир.

*****

Телефонига термулиб, ижтимоий тармоқларда кезаётган ва аёлига, оиласига эътибор қитлмаётган эр Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай ҳисоб беришини кўз олдига келтириб, виждонига қулоқ солиб, масъулиятини ҳис қилиб олсин!

Дугоналари билан ижтимоий тармоқларда суҳбатга киришиб кетган аёл ҳам ўзини тузатиб, эрига, оиласига эътиборли бўлишни бошласин. Чунки у Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда булар ҳақида сўралади.

“Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида сўраласиз”.

*****

Ҳар бир амалда ниятга эътибор беринг ва тўғрилаб олинг! Солиҳ амал ибодатдир. Сиз меҳнат қилиб, пул топишга борар экансиз, бу билан ор-номусингизни сақлашни, (тиланчилик қилиб) юз нурини тўкишдан асрашни ният қилган бўлсангиз, гўё ишхонада, идорада, далада, бозорда, фабрикада намоз ўқиётгандек бўласиз.

*****

Жаннат аҳли жаннатга киришганда,  “Улар: “Биздан ғам-қайғуни кетказган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Албатта, Роббимиз ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир. У зот бизларни Ўз фазли ила бир турар жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ ҳам етмас, ҳорғинлик ҳам етмас”, дерлар”.

Аллоҳу акбар. Жаннатга кирилгач, дунёда бўлган алам кўз ёшлари, оҳ-воҳлар, жароҳатлар, оғриқлар, сиқилишлар, тўқнашишлар, эзилишлар у ерда бўлмайди. Балки Роҳманнинг қўшниси бўлганлари ҳолда улар учун унс, хурсандчилик, хушхабар, покиза ҳаёт, абадийлик ва кўз қувончи бошланади.  Эй Аллоҳ, бизни жаннат аҳлидан қилгин!

 

Доктор Оиз Қарний саҳифалари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

2341 марта ўқилди

Мақолалар

Top