Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар: Исломни қабул этсанг, мусулмонлигинг менинг никоҳ учун оладиган маҳрим бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннатга кирдим. Қадам товушларини эшитдим. Қарасам, олдимда Румайсо турибди.

Хўш Пайғамбар алайҳиссалом қадам товушларини жаннатда эшитган аёл ким? Ансорияларнинг энг оқилаларидан бири, Хазраж қабиласининг Нажор уруғига мансуб бўган бу аёлнинг асл исми Румайсодир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Румайсонинг ўрталарида диндош биродарлиқдан ташқари қариндошлик ҳам бор эди. Нажор уруғи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оталари Абдуллоҳга тоға бўлар эди.

Бундан ташқари Румайсо “Биъру Моъуна” жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида жанг қилиб шаҳид бўлган етмиш қорининг бири – Ҳаром ибн Милҳон розияллоҳу анҳунинг синглиси. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг аёли “Кибрис” фатҳида шаҳидлик топган Умму Ҳаром бинти Милҳонга эгачи эди.

Энг асосийси, машҳур саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг волидаи муҳтармалари ҳам айнан Румайсо розияллоҳу анҳодир.

Аввалида Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Молик ибн Назр деган киши билан турмуш қуради ва бу турмушдан Анас розийаллоҳу анҳу туғилади.         Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари етганида мадиналиклар орасида биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилади. Шундан кейин оддий бир муслима сифатида яхшиликлар тилаб, эри Моликни ҳам Исломга чақирди. Аммо Молик ибн Назрнинг жоҳиллиги тутиб, хотинидан қаттиқ ғазабланди. Оиласини ташлаб, Шомга кетади ва кўп ўтмай ўша ерда ҳалок бўлди. Шунда Умму Сулайм:

“Ўғлим Анас улғайиб, мажлисларда ўтирадиган бўлмагунича турмушга чиқмайман”, деб сўз беради.

Йиллар ўтиб Анас улғаяди. У онасининг ҳаққига: “Эй Аллоҳ! Онам тарбиямни чиройли қилди. Ажрини Ўзинг зиёда етгин”, деб дуолар қилади.

Умму Сулайм ўғли Анаснинг тарбияси учун кўп қайғурди. Ислом дини таълимотларини мурғак қалбига қуйиб борди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида эса, ўғлини у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга батамом топширади. Анас учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонлари мадраса, Сарвари Оламнинг ўзлари муаллим бўлади. Бу ҳақда Анас розийаллоҳу анҳу шундай ривоят қилган:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келдилар. Мен ўн ёшда эдим. Онам қўлимдан тутди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борди. У зотга қарата:

“Ё Расулуллоҳ! Шаҳримизга ташрифингизни қутлаб, совға-салом билан келмаган бирор эркак ё аёл қолмади. Фақат мен қолдим. Сизга ўзгача совға қилмоқчиман. Ўғлим Анас сизга туҳфа бўлсин. Сизга маъқул келганича хизматингизни қилсин, деди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилдим. (Қандай ҳам бахтиёр инсон). У зот мени бирор марта урмадилар, сўкмадилар, койимадилар, ҳатто қовоқларини солиб қарамадилар”.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳо қачон ўғли билан кўришса, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга чиройли хизмат қилишни тайинлар эди. Бир сафар она-бола йўлда учрашиб қолишди:

— Қаерга кетаяпсан?- деб сўради Умму Сулайм розияллоҳу анҳо.

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳожатларини адо этгани. Лекин бу иш сир.

Ўғлининг қатъиятидан хурсанд бўлган она:

— Болам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сирларини доим шундай сақла, — деб уқтирди.

Қайси она фарзандига яхшилик тиламайди, дейсиз. Ҳамма оналаримиз қатори Умму Сулайм ҳам ўғлига баракотлар ёғилишини жуда-жуда истар эди. Бу борада у бошқалардан кўра яхшироқ йўл тутди. Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан:

“Ходимингиз Анаснинг ҳаққига Аллоҳга дуо қилинг”, деб ўтинди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Парвардигоро, Анаснинг молига, болаларига ва яна Ўзинг ато этган бошқа нарсаларига барака бер”, деб дуо қилдилар. Шу дуо ижобатидан Анас розийаллоҳу анҳу узоқ ва баракали умр кечирди, юздан ортиқ ўғил-қиз ва неваралар кўрди...

Анас розияллоҳу анҳу  улғайгач, Умму Сулайм розияллоҳу анҳога Абу Талҳа исмли бой-бадавлат, аммо Исломга кирмаган бир киши совчи юборди:

— Ўғлинг Анас катта бўлиб қолди, мажлисларда ўтирадиган, сўз айтадиган бўлди, — деб ниятини билдирди. Умму Сулайм унга қарата:

— Эй Абу Талҳа, мен сен билан бажонидил турмуш қураман. Сендек харидорнинг қўли қайтарилмаслиги керак. Аммо афсуслар бўлсин, сен мушриксан, мен муслимаман. Менинг сенга турмушга чиқишим жоиз эмас, — деб жавоб қилди.

Абу Талҳа:

— Бу не сафсата, Румайсо? Менинг олтин-кумушларим қаёққа-ю, сен қаёқда?! Нималар деяётганингни ўйлаб кўр, — деди. Шунда қатьият билан айтилган жавобни эшитди:

— Менга олтин ҳам, кумуш ҳам керак эмас. Сен на эшитадиган ва на кўрадиган, на бирор ҳожатингни раво этадиган нарсага ибодат қиласан. Эй Абу Талҳа, фалон қабиланинг қора қул дурадгори ишлаб берган ёғочга ибодат қилишдан уялсанг-чи! Агар сен Исломни қабул этсанг, сенинг мусулмонлигинг менинг никоҳ учун оладиган маҳрим бўлади. Менга бошқа нарса керак эмас!

Умму Сулаймнинг келинлик учун олинадиган бойликларни ўзга бир инсоннинг имони дея “қурбон бериши” Абу Талҳанинг вужудига титроқ солди. Бундай таклифни рад этишга жавоб тополмади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло давлатли ва ҳеч кимга сўз бермаган бир жоҳил бандани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатда кўрдим, деб башорат берган аёл сабабидан ҳидоятга бошлади.

— Менинг Исломимга ким гувоҳ бўлади? — деб сўради Абу Талҳа.

— Расулуллоҳнинг ўзлари. У кишига бориб айт, — деди Умму Сулайм.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан ўтирган эдилар. Ўзлари томон келаётган Абу Талҳага кўзлари тушиб, марҳамат қилдилар:

— Абу Талҳа ҳузурингизга пешонасида қашқадай кўриниб турган Исломи билан келмоқда.

Шундай қилиб, Абу Талҳа Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида мусулмон бўлди. Кейин Умму Сулаймнинг гапларини айтди. У зот Умму Сулайм билан Абу Талҳани ўша шартга мувофиқ никоҳлаб қўйдилар. Одатда аёллар ўзлари учун тайёрланадиган сепларга, маҳрига бериладиган олтин-у кумуш тақинчоқларга жиддий эътибор беришади. Аммо Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бу борада аёл зотига қиёматга қадар бир хайрли ибрат қолдирди.

Собит Баноний бу ҳақда: “Умму Сулайм олган маҳрдан каттароқ маҳр олганини эшитмадик”, деган эди.

(давоми бор)

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

 

2514 марта ўқилди

Мақолалар

Top