Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар: “Аллоҳ бизга омонатга ўғил берган эди. Энди ўша омонатини қайтариб олди”

Умму Сулайм розиллоҳу анҳо Абу Талҳа розиллоҳу анҳу билан саодатли ҳаёт кечирди. Аллоҳ таоло уларни ширин бир ўғил билан сийлади. Абу Талҳа розиллоҳу анҳу ўғлига шу қадар меҳр қўйдики, уни ҳеч кимга ишонмас, ҳаётини суюкли фарзандисиз тасаввур этолмас эди...

Аллоҳ таоло маҳр бобида Умму Сулайм розиллоҳу анҳо сабабидан бир ибрат қолдиргани каби, муслима оналар учун унинг ҳаётида яна бир намуна бўлишини ирода қилди. Тўсатдан унинг гўдак ўғли касалликка чалинди. Бу ҳол Абу Талҳанинг фикру хаёлини машғул этди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб-келиб турар, келган заҳоти ўғлининг аҳволини сўрар эди. Ана шундай кунларнинг бирида ўлим бу маъсум гўдакни уларнинг бағридан узиб олди.

Абу Талҳа розиллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида эди. Шўрлик она не қилсин? Кўзининг оқу қорасини, жигар порасини йўқотди! Ҳаммамиз биламизки, оналар бундай ҳолатда ўзларини йўқотадилар, дод-фарёд қиладилар, ёқаларини йиртадилар...

Умму Сулайм розиллоҳу анҳо бу ўринда ҳам Момо Ҳаво қизлари ичида мумтоз эканини кўрсатди. Аввал болани ювди, кафанлади, хушбўй нарсалар сепди, устига кийим ёпиб қўйди. Сўнг Анас розияллоҳу анҳуга боланинг вафоти ҳақида ҳеч нарса демасликни тайинлаб, Абу Талҳа розиллоҳу анҳуни чақириб келиш учун юборди.

Абу Талҳа розиллоҳу анҳу келиши билан ўғлининг аҳволини сўради. Умму Сулайм: “Ухлади. Худодан сўрайманки, шояд шу уйқуси роҳатли бўлса”, деб жавоб қилди.

Абу Талҳа хотинининг бу жавобидан: “Бола соғайиб қолибди”, деб гумон қилди. Ўша куни у рўза тугган эди. Ифторлик қилди.

Тун кирди. Шунда ҳам Умму Сулайм қалбидаги маҳзунликни билдирмади. Хушбўйланиб, зийнатланиб, эрининг ёнида бўлди. Тунни бирга ўтказишди...

Тонг отди. Эри масжидга отланар экан, Умму Сулайм секин гап бошлади:

— Абу Талҳа, агар бир кишидан омонат олинса, сўнг эгаси у нарсани сўраса, олганлар уни қайтармасликка ҳақлари борми? — деб сўради.

— Йўқ, омонат эгасига қайтарилади. Бермаймиз дейишларига ҳақлари йўқ.

Шунда Умму Сулайм мақсадга кўчди:

Аллоҳ бизга омонатга ўғил берган эди. Энди ўша омонатини қайтариб олди...

Абу Талҳа:

– “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун (Биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтажакмиз), деди. Бошқа ҳеч сўз айта олмади. Чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Намоз ўқиди. Сўнг кеча шом арафасида ўғли вафот этганини, бундан бехабар тунни хотини билан ўтказганини баён қилди. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунда:

— Бу кечангизни Аллоҳ баракотли қилсин, — деб дуо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларига осмон эшиклари очилди. Суюкли фарзандларини йўқотган бу оилага Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Абу Талҳани берди. Абдуллоҳни эса, тўққизта фарзанд билан

сийлади. Ҳаммалари ҳофизи Куръон бўлишди. Айниқса, тўнғичи Исҳоқ ибн Абдуллоҳ йирик фақиҳ даражасига кўтарилди...

Ушбу ҳикоя муҳтарам оналаримизга, азиза опа-сингилларимизга дунё ва охират саодати сари ойдин йўлни кўрсатади, деб умид қиламиз. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи ва саллам:

Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир”.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади”, деганлар.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

 

2108 марта ўқилди

Мақолалар

Top