Мақолалар

Тинчлик ва осойишталик неъмати

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг муқаддас каломида қуйидагича марҳамат қилиб, Ўз бандаларни уларга берилган неъматлар учун шукр қилишга чақиради:

وَاللّهُ أَخْرَجَكُم مِّن بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ لاَ تَعْلَمُونَ شَيْئاً وَجَعَلَ لَكُمُ الْسَّمْعَ وَالأَبْصَارَ وَالأَفْئِدَةَ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُون

“Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз.”

(Наҳл сураси, 78-оят)

Шунингдек, берилган неъматлар Аллоҳнинг фазлидан бўлиб, бу  банда учун синов ҳам бўлиши, бандаларнинг шукр этмоқлари эса фақатгина ўзлари учун фойда эканлиги, шукр  неъматнинг зиёда бўлишига, ношкурлик зое топишига сабаб бўлиши  таъкидланади.

قَالَ هَذَا مِنْ فَضْلِ رَبِّي لِيَبْلُوَنِي أَأَشْكُرُ أَمْ أَكْفُرُ وَمَنْ شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ

“Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрона неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир, деди.                  (Намл сураси 40-оят.)

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

“Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг.” (Иброҳим  сураси, 7- оят

            Паямбаримиз  саллаллоҳу  алайҳи  васаллам ҳам  ўз  ҳадисларида Иймонни икки қисмга ажратиб, ярими сабрда, ярими шукрда деб, бежизга айтмаганлар. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг неъмати ичида бўлади. Бу неъматларнинг адади Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида батафсил зикр қилинади. Шунингдек, ушбу инўм этилган нарсалар бандаларнинг шукр келтиришлари ёки аксинча куфрга (куфрона неъмат) кетишларини   синаш учун берилганлиги баён қилинган.

 

Мана шу улу нематлардан бири тинчлик неъмати бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:

“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар  унинг қадрига етмайдилар. У-   хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ривоят қилган).

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Шундай экан, банда аввало тинчлик, бу неъмат эканлигини, унинг қадрини билиши, зеҳнида доимо сақлаб, фарқлай олиши, бу Аллоҳнинг инъоми эканлигини билиб, ҳамду сано айтиши ҳамда ҳаққини адо этиши зарур. Инсонлар  нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка болиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ

“Ей иймон келтирганлар! Исломга тўлиича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир.” (Бақара сураси, 208-оят).

Маълумки, “Ислом” Аллоҳга бўйсиниш маъносини билдиради. Исломнинг маъноларидан яна бири-тинчлик. У ҳолда оятнинг умумий маъноси, “Ей, иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!…!

Тинчликка тўлиғича кириш эса, ислом кўрсатмалари асосида бўлади. Тинчлик аввало инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Сўнг қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади.

Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам исломда белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса, қалби тинч, оиласи тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғи тинч, жамияти тинч бўлганда эришилади. Исломда давлат билан фуқаролар орасидаги тинч-тотувлик асослари ҳам, давлатлараро тинч-тотувлик йўл-йўриқлари ҳам мукаммал йўлга қўйилган. Охири келиб, ислом кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч, оилалар тинч, қўни-қўшнилар тинч, қариндош-уруғлар тинч, ҳайвонот, наботот ва бутун борлиқ тинч бўлади.

          

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Санобар Мухамедҳоджаева

 

3058 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Кўринмас душман Жиҳод нима? »

Мақолалар

Top