Ишларимизни Аллоҳ учун деб қилар эканмиз, бу ишлар албатта холис Аллоҳ учун бўлиши лозим. Агар шунчаки, «Аллоҳ учун» деган шиор остида ҳавои нафсимиз учун қилаётган бўлсак, ажр олиш ўрнига жазога лойиқ бўламиз. (Аллоҳ асрасин!)
Фейсбукда айрим дўстларимиз томонидан қўйилаётган кинояли, бировнинг шахсига тегадиган, бошқа бировнинг ғашини келтирадиган, масхаралаш учун айтилган илмоқли, серпичинг постларни кўравериш мусулмон кишининг қалбини оғритмай қолмайди. Айниқса, ҳавои нафс учун ёзилган постларда оят ва ҳадисларни суиистеъмол қилиб ўз манфаати учун фойдаланиш мусулмон кишининг нафратини қўзғатади.
Агар бу каби ишларимизни динга хизмат қилиш деб хаспўшламоқчи бўлсак, билиб қўяйликки, динга хизмат қилиш бундай бўлмайди. Дин бизнинг бундай хизматларимизга асло муҳтож эмас. Расулуллоҳ алайҳиссалом динга бундай хизмат қилмаганлар. Бу ишларимиз на даъват одоби, на насиҳат одоби, на ваъз одоби ва на амри маъруф одобига тўғри келади.
Диндан гапирар эканмиз, аввало мазкур одобларни билиб олсак, шунда саъй-ҳаракатларимиз фойдали ҳамда савобли бўлади.
Пост ёзиш, видеочиқиш қилиш ёки бировнинг постини улашишдан олдин ният ва ихлосни тўғрилаб олиш мақсадида бир муддат сукунатга чўмиб, “Аллоҳим, ушбу ибораларни Сенинг розилигинг учун ёздим, Ўзинг қабул қил” деган маънода дуо қилиб, сўнг “Бисмиллаҳ” деб улашсак, дунё ва охиратимиз учун фойдали бўлиши умид қилинади.
Ҳар бир ишимизда “Бисмиллаҳ” дейиш бизни гуноҳ ишлардан сақлайди. Чунки мўмин инсон Аллоҳнинг номини айтиб туриб, Аллоҳ ғазаб қиладиган ишларга қўл уролмайди. Шундай экан, ҳар бир ишимизда, ҳа, ҳар бир ишимизда “Бисмиллаҳ”ни лозим тутайлик. Агар ишимиз савобли иш бўлса, хайрли давом этади. Агар маъсиятли иш бўлса, Аллоҳнинг номини ёдга олгач, Ундан ҳаё қилиб маъсиятдан тийиламиз.
Айниқса, бегона профиль орқали пост ёзаётган дўстларимиз бунга янада эътиборли бўлиши лозим. Чунки инсон жамоат жойдан кўра яширин ҳолатда гуноҳга қўл уриши осон бўлади. Шундай экан, бегона профиль орқали пост ёзаётган дўстларимиз “Бизларни биров билмайди” деб ўйлашмасин! Аллоҳ билиб турибди. Эҳтимол, ёзган постларингизни сиз унутиб юборасиз, лекин Аллоҳ унутмайди: “(Ўша) кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (дунёда) қилган амалларининг хабарини берур. У (амаллар)ни Аллоҳ ҳисоблаб қўйган. Улар эса унутиб юборганлар. Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир” (Мужодала сураси, 6-оят).
Қудратуллоҳ Сидиқметов