Мақолалар

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўрадилар

Абу Барза Асламий (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар: “Мени жаннатга киритадиган ишга буюринг”. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар.

Усома ибн Шурайж айтдилар: “Аъробийлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар: “Ё, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси нима?” Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси ахлоқдир”, дедилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Инсонларнинг қайси бири афзалроқ?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Махмумул қалб ҳамда ростгўй киши”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар сўрашди: “Ростгўй кишини биламиз. “Махмумул қалб” ким?” Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У ўта пок, тақводор, гуноҳи, хиёнати, алдови, ҳасади йўқ кишидир”, дедилар” (Ибн Можа ривояти).

Абу Ҳумайд Саъидий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Саҳобалар Ё, Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Биз сизнинг ҳаққингизга қандай салавот айтамиз, деб сўрадилар? Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама соллайта ала али Иброҳима  ва барик ала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама барокта ала али Иброҳима иннака ҳамидум-мажид”, деб айтдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нима нарса сўралмасин, «Йўқ» демаганлар» (Имом Бухорий ривояти).

4659 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Лоқайдлик қиёфаси Йўл ҳақини адо этинглар! »

Мақолалар

Top