Мақолалар

Ҳанафий мазҳабига оид 5 та асосий китоб

Кўпчилик ҳанафий фиқҳида Қуръони карим ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан далиллар мавжуд эмас деб таъна қилишади. Ёки мавжуд даллилларни заиф санашади, ваҳоланки мусулмонларнинг 85% ини ушбу мазҳаб вакиллари ташкил этади. Асрлар давомида ҳанафий уламолар мазҳаб усул қоидаларига кўра далилларни келтириб минглаб китоблар ёздилар. Китоблардаги ҳар бир ҳукм оят ва ҳадисларга асосланган.

Қуйида ҳанафий мазҳабининг Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари далил қилиб олинган китоблари рўйхати билан таништирамиз:

  1. Имом Жассоснинг "Шарҳу мухтасари Таҳовий" асари. Бу ажойиб китобда муаллиф Имом Таҳовийнинг "Мухтасар" асарини шарҳлаб, тушунтириб беради ва ҳар бир масалага усул қоидаларига мувофиқ Қуръон, ҳадис ва саҳобаи киром сўзларидан далиллар келтиради. Ушбу китоб ҳанафий мазҳабида жуда ишончли ҳисобланиб, мутақаддиминлардан бўлган олим томонидан ёзилганлиги билан аҳамиятлидир.
  2. Зафар Аҳмад Усмонийнинг "Иълаус Сунан" асари. Ушбу китоб ҳанафий мазҳабининг ҳадисларга асосланган қоидаларини исботловчи мўътабар асар бўлиб, китобда саҳиҳ ҳадислар тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилган.
  3. Аллома Алоуддин Косонийга тегишли "Бадоиъус Саноъий" асари ҳанафий мазҳабига оид китоблар ичида осон тушиниладиган енгил асар ҳисобланади. Унда муаллиф ҳар бир масалани кўрсатгандан сўнг, ҳам нақлий далил (Қуръон ва Суннатдан олинган далил), ҳам ақлий далиллар (мантиқий далил) билан ҳукм ва масалаларни исботлашга ҳаракат қилади.
  4. "Фатҳул Қодир". Бу асар Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя”сига шарҳ сифатида ёзилган. Ушбу шарҳнинг муаллифи буюк олим Ибнул Ҳумомдир. Ушбу китобда масалалар оят ва ҳадислар орқали далилланган.
  5. "Насбур Роя" - "Ҳидоя" китоби асосида Аллома Зайлаъий томонидан тасниф этилган китоб. “Ҳидоя”да келтирилган ҳар бир ҳадиснинг ишончлилиги ёки заифлиги муаллиф томонидан батафсил ўрганиб чиқилган. Муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома ушбу китобга шарҳлар ёзган.

 

Интернет маълумотлари асосида

“Мўйи муборак” жоме масжиди

имом-хатиби Луқмон Аллақулов тайёрлади

3206 марта ўқилди

Мақолалар

Top