Мақолалар

ИҲТИКОР (МОНОПОЛИЯ) ВА УНИНГ ФИҚҲИЙ ТАҲЛИЛИ

Ислом инсониятнинг гўзал ҳаёт кечиришини таминлайдиган диндир. Инсон дунё ва охиратда саодатга эришмоғи учун зарур бўлган барча моддий ва маънавий эҳтиёжлари динимизда шаръий ҳукмлар учун асос қилиб олинган. Фиқҳ илмининг қарийб ярмидан кўпини ташкил қилган олди-берди ва муомалот соҳасига назар соладиган бўлсак, савдо-сотиқларда ҳаром қилинган барча муомалот турларининг тақиқланиш негизида инсон манфаатига очиқ зид келувчи ҳолатларни бартараф этиш, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият вакиллари ўртасида низо келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш каби олий мақсадлар ўрин олганлигининг гувоҳи бўламиз.

Гарчи, “истеъмолчи ҳуқуқи” деган истилоҳ айни шаклда йигирманчи асрдан бери пайдо бўлиб қолган бўлса-да, аслида фиқҳнинг муомалот бобида истеъмолчи ҳуқуқларининг ҳимояси амалий тарзда ўз ифодасини топган. Унинг ҳуқуқларини бузадиган қатор савдо турлари таъқиқланган. Мазкур савдо турларидан бири фиқҳий манбаларда “ал-Иҳтикор” деб юритилади. Иҳтикор бу замонамиздаги монополия сўзига муқобил сўздир. Бироқ, иқтисодий назариядаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “монополия”нинг таърифлари орасида ўзига хос тафовут ва фарқлар мавжуд. Бу табиий ҳамдир. Зеро, фақиҳлар “иҳтикор”га ўз замоналарида ҳукмрон бўлган яшаш тарзидан келиб чиқиб, ўша пайтларда одамлар энг кўп эҳтиёжи тушадиган маҳсулотлар доирасида таъриф берганлар. Шунингдек, унинг шаръий ҳукми борасидаги сўзларини ҳам асосан диний манбаларга таяниб гапирганлар. Шу боис, замонавий иқтисоддаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “иҳтикор” бир-бирига ҳар жиҳатдан мувофиқ келмаслиги мумкин. Балки, уларнинг ўзаро кесишадиган нуқталари бўлганидек, ажраладиган нуқталари ҳам мавжуд. Аммо, шуниси аниқки, монополия қайси кўринишда бўлмасин, иқтисод учун зарарли бўлган амалиётдир. Монополия туфайли истеъмолчи ҳуқуқлари бузилади, жамият ҳаётига зарар етказилади.

Қуйидаги сатрларда фиқҳда назарда тутилган монополия (иҳтикор) мавзусини ёритишга ҳаракат қиламиз.

Иҳтикор сўзининг луғавий ва истилоҳий маънолари:

Иҳтикор (الاحتكار) сўзининг асли уч ўзак ҳарфдан иборат “حكر” “ҳакр(ун)”сўзидан олинган. “Ҳакр(ун)” зулм қилмоқ, камситмоқ, ёмон муомала қилмоқ, атрофидагиларни машаққатга солмоқ каби салбий маъноларга далолат қилади. “Ҳакар(ун)” деб ўқисак, унда “нарх ошиши учун бозорга чиқарилмай, сақлаб қўйилган озиқ-овқат ва шунга ўхшаш нарсалар” тушунилади.

Иҳтикор сўзининг ўзи эса арабча “احتكر” (иҳтакара) феълининг масдари (иш-ҳаракат номи) бўлиб, луғавий жиҳатдан “озиқ-овқат ва ҳоказони нарх қимматлашини кутиб, бозорга чиқармай, сақлаб қўйиш” маъносини англатади.

Шунингдек, замонавий луғат китобларида бироз бошқачароқ таърифларни ҳам учратиш мумкин. Жумладан, “Қомус ал-маоний” китобида иҳтикор сўзи қуйидагича таърифланади: “Иҳтикор бу – товар бозорга кириб келишидан олдин уни кўтарасига сотиб олиш ва нархини ошириб доналаб сотиш”; “Иҳтикор бу – бирор нарсада яккаҳокимлик қилиш бўлиб, иқтисодий соҳада ишлатиладиган бўлса, товар ва хизмат турларида бозор миқёсида яккаҳокимлик қилиш маъносига далолат қилади ва бу иш одатда истеъмолчиларнинг зарарига нархлар ошиб кетишига олиб келади”.

Иҳтикор сўзига ўзак бўлган “ҳакратун” деган яна бир сўз ҳам бўлиб, у бирор нарсани ёппасига сотиб олиш маъносига далолат қилади. Ибн Манзурнинг “Лисону-л-араб” номли қомусий луғат китобида келтирилишича, “ҳакратун” сўзининг асли “жамлаш ва ушлаб туриш” маъносини билдиради.

Иҳтикор сўзининг замонавий иқтисодиёт назариясидаги муқобил варианти бўлган монополия сўзининг луғавий маъноларига қисқача тўхталадиган бўлсак, бу сўз грекча “моно”: “ягона”, “битта” ва “полео”: “сотаман” сўзларидан таркиб топган бўлиб, номланишидан ҳам “бир ўзи сотиш”, “бозорда яккаҳокимлик қилиш” маъноларини англаш мумкин.

Иҳтикорнинг истилоҳий маъноси

Азҳар университети тадқиқотчиси доктор Аҳмад Арафа ўзининг “Аҳкам ал-иҳтикар фил фиқҳ ал-исломий” (Ислом фиқҳида монополияга тааллуқли масалалар) номли китобида қайд этишича, “иҳтикор” сўзининг шаръий ва истилоҳий маъноси унинг луғавий мазмунидан катта фарқ қилмайди.

Фуқаҳолар бу сўзни ўхшаш лафзлар ва бир-бирига яқин маънолар билан таърифлаганлар. Жумладан, ҳанафий мазҳаби уламоларидан Ҳаскафий “Ад-дурр ал-мунтақо”нинг шарҳида шундай дейди: “Иҳтикор сўзи шаръан озуқа ва шунга ўхшаш нарсаларни (кўплаб миқдорда) сотиб олиб, уни то нархлар қимматлашгунга қадар (камида) қирқ кун давомида (бозорга чиқармай) ушлаб туришдир. Зеро, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: “Кимки, мусулмонларга қирқ кун давомида иҳтикор қилса, Аллоҳ уни мохов касали ва касод бўлиш балосига дучор этади”.

Сўғдий ўзининг “Фатово”сида иҳтикорни: “У – ўз шаҳридан озиқ-овқатни (кўп миқдода) сотиб олиб, уни уларга (шаҳар аҳолисига сотишда) монополия қилиб олишдир”, дейди (“Фатово ас-сўғдий”: 2/486).

Аллома Шурунбулолий “Дурар ал-ҳуккам шарҳу ғурар ал-аҳкам” номли китобга ёзган ҳошиясида айтади: “иҳтикор бу – қимматлаб кетгунга қадар озиқ-овқатни (бозорга чиқармай) сақлаб туриш бўлиб, зулм қилиш ва камситиш маъносига далолат қилувчи ҳакара феълидан “ифтиъол” вазнида ясалган. (Араб тилида) “Ҳакара биш-шайъ” дегани бирор нарсада яккаҳокимлик қилиб, у нарсани ўзгалардан тўсиб қўйиш маъносини англатади”.

Яна бир ҳанафий фақиҳ Акмалиддин Бобартий эса ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур “ал-Ҳидоя” номли фиқҳий асарига шарҳ сифатида ёзган “ал-Иноя” номли китобида иҳтикорни бундай таърифлайди: “иҳтикор сўзидан мурод озиқ маҳсулотларини нархлар ошишини пойлаб (бозорга чиқармай) ушлаб туришдир”.

Ибн Обидин иҳтикор сўзининг таърифида: “У егулик ва шунга ўхшаш нарсаларни (улгуржи) сотиб олиб, сўнг нархлар қимматлашини пойлаб, қирқ кун ғамлаб қўйишдир” (Ҳошияту Ибн Обидин: 6/398), дейди.

Юқоридаги таърифлардан шу нарса ойдинлашадики, ҳанафий мазҳабининг аксар уламоларига кўра, иҳтикорнинг қайтарилган ва мазаммат қилинган тури озиқ-овқат маҳсулотларига тааллуқли ҳисобланади. “Аксар уламоларига кўра”, дея қайдлашимизнинг боиси шуки, мазҳаббоши мужтаҳидларимиздан имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ иҳтикорни фақат озиқ-овқатларда чекламаган, балки у ҳам имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи сингари мусулмонлар эҳтиёжи тушадиган барча нарсада иҳтикор юзага келишини таъкидлаган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари деганда у ёки бу шаҳарда асосий озуқа вазифасини бажарадиган нарсалар тушунилади. Масалан, дон-дун, ун, гуруч, нон, ёғ, картошка, пиёз каби маҳсулотлар бугунги кунда энг зарурий озуқа ҳисобланади. Аммо, қадимги пайтларда озиқ-овқатнинг тури камлиги туфайли уламоларимиз ўша замонларда мавжуд бўлган асосий озуқа турларига тўхталганлар холос. Зеро, қадимдан гуруч, картошка каби озуқалар мусулмон ўлкаларида бўлмаган. Улар кейинчалик кириб келган. Ҳолбуки, бу моддалар бугунги кунда энг зарурий озуқа турларидан ҳисобланади.

Иҳтикор сўзига берилган таърифларнинг “Нархлар қимматлашгунга қадар ушлаб туриш” деган банди шуни англатадики, иҳтикорда маҳсулотни бозорга чиқармай ушлаб туришдан кўзланган мақсад катта фойда кўриш бўлиб, натижада маҳсулот сунъий равишда қимматлашиб, одамларга зарар этади. Агар бошқа мақсадда бўлса, масалан, одамларга енгиллик туғдириш учун бирор мол турини кўтара сотиб олиб, кейин уни бозорда нархини оширмасдан сотиш мақсадида сақлаб қўйса, иҳтикор қилган ҳисобланмайди.

Сўғдийнинг таърифига кўра, қайтарилган иҳтикор юзага келиши учун киши озиқ-овқат маҳсулотларини ўз шаҳридан улгуржи сотиб олиши керак, борди-ю, четдан келтирса, иҳтикор қилган бўлмайди.

Иҳтикорнинг ҳукми

Моликий, шофеий ва ҳанбалийлардан иборат жумҳури уламо наздида иҳтикор шаръан ҳаром саналади. Ҳанафий мазҳабининг аксар машойихлари ва шофеийларнинг баъзилари наздида ҳамда ҳанбалий мазҳабидаги бир қавлда иҳтикор макруҳдир. Бу ўринда иҳтикорнинг шаръий ҳукмига нисбатан мазҳабимиз ва бошқа мазҳаблар айтган қавллар орасидаги ихтилоф ҳақиқий эмас, балки шаклий ва лафзий ихтилоф эканлигини унутмаслик лозим. Моҳият эътибори билан қарасак, иҳтикорнинг ҳукми ҳақидаги фикрлар бир-биридан тубдан фарқ қилмайди. Зеро, ҳанафий мазҳабимизда амалда бўлган қоидага кўра, бирор нарсанинг ҳукми борасида фуқаҳоларимиз томонидан “макруҳ” сўзи мутлақ ҳолда айтилган бўлса, макруҳи таҳримий эканлиги тушунилади. Яъни мазҳабимизда иҳтикорнинг ҳукми “макруҳ” дейилса-да, бу ўринда танзиҳий макруҳ эмас, балки таҳримий макруҳ, яъни ҳаромга яқин маънодаги макруҳ тушунилади. “Иъламу-л-муваққиъийн”да зикр этилишича, мазҳабимиз асосчиларидан бири бўлмиш Имом Муҳаммад Шайбоний (р.ҳ.) макруҳ деганда ҳаромни тушунган, лекин мазкур “ҳаром”га қатъий далил топилмагач (қатъий далил деганда тавотур йўлига кўра ворид бўлган далил назарда тутилмоқда-муаллиф.), унга нисбатан “ҳаром” лафзини ишлатмаган. Имом Муҳаммад Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуфлардан “Макруҳ ҳаромга яқинроқдир!”, деган сўзларини ҳам ривоят қилган. Зоҳиру-р-ривоя китобларидан саналувчи “ал-Жомеъ ал-кабир”да Имом Муҳаммад “Эркаклар ҳам, аёллар ҳам тилла ва кумуш идишларда ичимлик ичишлари макруҳдир”, деганлар. Бундан муродлари эса “Ҳаромдир!” деган сўз бўлган. Яна, Абу Юсуф ва Муҳаммад “Ипак тўшакларда ухлаш ва ипак ёстиқларни ишлатиш макруҳ”, деганлар. Мақсадлари эса “таҳрим” бўлган. Шунингдек, Имом Абу Ҳанифа ва Соҳибайн “Ўғил болалар тилла тақинчоқларни тақишлари ва ипак кийим кийишлари макруҳ”, деганлар. Ваҳоланки, асҳоблар (яъни, бу ўринда ҳанафий мазҳаб машойихлари) бу нарсанинг ҳаромлигини очиқ айтишган. Асҳоблар “Одамлар ва ҳайвонларнинг озуқасида иҳтикор қилиш, агар уларга зарар берса ва уларга машаққат ва танглки туғдирса, кариҳ кўрилади”, деганлар, мақсадлари “Ҳаром бўлади”, дейиш бўлган. Яна, “Фитналар замонида қурол-аслаҳа сотиш макруҳдир”, деганлар ва бу билан ҳаромликни ирода қилганлар” (“Иъламу-л-муваққиъийн”: 1/33).

Шундан ҳам биламизки, иҳтикор мазҳабимизда макруҳ дейилар экан, ҳеч қандай гуноҳ ва ухровий уқубатга олиб бормайдиган “танзиҳий макруҳ” эмас, балки таҳримий макруҳ ирода қилинган. Бу сўз билан “ҳаром” сўзининг орасида катта фарқ йўқ. Фақат, иҳтикор ҳақида очиқ оят ёхуд мутавотир санадли ҳадис ривоят қилинмаганлиги учун ҳамда иҳтикор ҳақидаги ривоятларнинг аксари заиф ҳисобланганлиги боис асҳобларимиз унга нисбатан “макруҳ” сўзини ишлатганлар. Мақсадлари эса таҳримий макруҳ бўлган. Зеро, одамларга зарар етказиш, уларни танглик ва ҳаражга қўйиш ҳалол ҳисобланмайди.

Шунингдек, аксар фиқҳий китобларимизда иҳтикорнинг ҳукми “макруҳ” дейилар экан, бу сўздан таҳримий макруҳ ирода қилинишига қуйида келтиражагимиз олимларнинг сўзлари ҳам далолат қилади.

Жумладан, Имом Косоний “Бадоиъу-с-саноиъ”да “иҳтикор макруҳдир”, деган сўзни келтиргач, уни қуйидагича изоҳлайди: “Энди иҳтикорнинг ҳукмига келсак, айтиш жоизки, иҳтикор масаласига бир қанча ҳукмлар дахлдор бўлиб қолади. Улардан баъзилари “ҳаромлик”дир (яъни иҳтикорнинг баъзи кўринишлари ҳаром, дейилмоқчи.-муаллиф). Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоя қилинишича, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Иҳтикор қилувчи малъундир, мол олиб келувчи эса марзуқдир (яъни, унинг ризқи кенг қилинади.-муаллиф)”, деганлар. Лаънат эса кишига фақат ҳаром ишни қилиш туфайлигина етиши мумкин. Яна, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганлари ривоят қилинган: “Кимки бирор озуқа турини қирқ кеча иҳтикор қилса, бас, у кимса Аллоҳдан бегона бўлибди, Аллоҳ ҳам ундан бегона бўлибди”. Маълумки, бундай ваъийдга фақат ҳаром ишни содир қилиш билангина сазовор бўлиш мумкин. Боз устига иҳтикор зулм бобидандир. Зеро, шаҳарда сотиладиган барча нарса шаҳар аҳлининг ҳақи бўлиб, агар ўша нарсаларни (ялписига сотиб олган) одамларнинг мазкур нарсага эҳтиёжлари кучайган пайтда сотишдан бош тортса, демакки, уларнинг ҳақини ман қилган бўлади. Ҳақдорга ҳақини бермаслик эса зулмдир. Зулм эса ҳаромдир” (Қаранг: Бадоиъу-с-саноиъ: 5/129).

Бобартий айтади: “Ўзидан шаҳарга бирор товар келтириладиган ҳар қандай жой ҳам кўпинча шаҳар ҳукмида бўлади. Шундай экан, омманинг ҳақи боғланиб қолганлиги сабабли у нарсаларда иҳтикор қилиш ҳаром бўлади” (“ал-Иноя шарҳ ал-Ҳидоя”: 10/58).

Буюк ҳанафий фақиҳ Ҳофизуддин Насафий ўзининг “ал-Баҳр ар-роиқ шарҳу Канз ад-дақоиқ” номли китобида шундай дейди: “Ал-Муҳит” (китоби)да келишича, иҳтикор бир неча турлардан иборат бўлиб, баъзи хиллари ҳаромдир, у ҳам бўлса, шундай бўладики, киши шаҳарда бирор озиқ-овқат турини (улгуржи) сотиб олади ва одамларнинг ўша нарсага эҳтиёжлари тушганда сотишдан бош тортади” (“ал-Баҳр ар-роиқ шарҳу Канз ад-дақоиқ”: 8/229).

Юқоридагилардан хулоса қилиб, айтиш жоизки, аксар фиқҳий китобларимизда иҳтикор сўзининг ҳукми борасида “макруҳ” сўзи ишлатилар экан, ундан таҳримий макруҳ ирода қилинган. Таҳримий макруҳ эса содир қилувчиси жазога лойиқлиги жиҳатидан ҳаром билан тенг нарсадир. Аввалроқ ишора килинганидек, мазҳабимизда ҳаром билан таҳримий макруҳ орасидаги фарқ шуки, ҳаром бу – ҳаромлиги қатъий далил билан собит бўлган нарсадир, макруҳи таҳримий эса ҳаромлиги зонний далил орқали собит бўлган нарсадир. Шунингдек, зонний далил билан собит бўлган нарсани инкор қилиш билан инсон кофир бўлиб қолмайди. Аммо, қаттиқ гуноҳкор ва фосиқ бўлади.

Иҳтикор қандай нарсаларда бўлади?

Ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларида иҳтикор фақат озуқа моддаларида вужудга келади. Озиқ-овқат дейилар экан, аҳолининг эҳтиёжи тушадиган асосий емиш турлари назарда тутилади. Қадимда озиқ-овқатнинг тури камроқ бўлган. Ғалла, дон-дун, хурмо, майиз, ақт ёки ақит деб аталувчи пишлоққа ўхшаш нарсалар асосий озуқа маҳсулотларини ташкил қилган. Гўшт асосий емиш бўлгани ҳолда иҳтикорга нисбатан фуқаҳоларимиз таърифларида учрамаслигининг сабаби, у вақтларда деярли ҳамманинг чорва ҳайвонлари бўлган ҳамда гўшт ташқаридан ёки бошқа қўшни шаҳардан олиб келиб сотиладиган нарса бўлмаган, балки ҳамма ўз хонадонида сўйиб еяверган. Шунингдек, гўшт тез айниб қолиши туфайли уни узоқ вақт сақлаб қўйиш имконсиз бўлган. Бугунги кунга келиб, асосий озиқ-овқат моддаларининг турлари ҳам кўпайиб кетди. Кўп нарса бозор ёки дўконлардан сотиб олинадиган бўлиб қолди. Қадимда ҳамма буғдой ёки арпани ўз уйида янчиб, ун қилиб ишлатган бўлса, ҳозир шаҳар жойларда одамлар (ҳатто қишлоқларда ҳам аксарият) рўзғор учун тайёр унни сотиб олади. Ун билан бир қаторда гуруч, макарон, шакар, ёғ, гўшт, картошка, пиёз ва ҳоказолар ҳам бугуннинг асосий озуқа моддаси ҳисобланади. Чунки, айнан шу нарсалар рўзғорда кундалик ишлатилади.

Шундай қилиб, ҳанафий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларида иҳтикор фақат озиқ-овқат моддаларидагина вужудга келса, моликий мазҳаби ҳамда ҳанафийлардан Абу Юсуф (р.ҳ.)нинг ихтиёрига кўра, нафақат озиқ-овқат балки, одамлар эҳтиёжи тушадиган ҳар қандай маҳсулот иҳтикор объекти бўла олади.

Иҳтикорнинг ҳадиси шарифларда қораланиши

Маъмар ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганлари ривоят қилинади: “Фақат хатокор (осий) кимсагина иҳтикор қилур” (Имом Муслим (1605) ва Ибн Можа (2154) ривоятлари). Ҳадиснинг аслида ворид бўлган “хотиъун” сўзи шунчаки, хато қилувчи эмас, балки осий, гуноҳкор маъносига далолат қилади. Шунга кўра, ҳадис мазмуни, “Иҳтикор каби қабиҳ ишларга фақат гуноҳлардан тап тортмайдиган осий кимсагина журъат қилур” қабилида тушунилиши тўғри бўлади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Кимки, мусулмонларга нисбатан бирор таом турини иҳтикор қилса, Аллоҳ уни мохов касали ва (тижоратда) касодга йўлиқтириш билан уриб қўяди” (Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки, бирор озуқа турини қирқ кеча иҳтикор қилса, бас, у кимса Аллоҳдан бегона бўлибди, Аллоҳ ҳам ундан бегона бўлибди. Ва қайси бир маҳалла аҳлида бир киши қорни оч ҳолда тонг оттирган бўлса, демак, улардан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) кўтарилиб кетибди”” (Имом Аҳмад ривояти).

Хулоса қилиб, айтадиган бўлсак, иҳтикор, яъни монополия бир қатор иқтисодий ва ижтимоий зарарларга эга бўлган савдо тури бўлиб, динимизда ундан қайтарилган. У истеъмолчи ҳуқуқини поймол этилишига олиб келади, бозорда нархлар ошиб кетишига, одамлар машаққатга юз тутишларига сабаб бўлади. Шунингдек, иҳтикор уни амалга оширувчи кимсанинг худбинлиги, ўз манфатини омма манфаатидан юқори қўйиши ва манфаатпарастлигига далолат қилади. Монополия туфайли эркин рақобат ривожланмай қолади, оқибатда давлат иқтисодий зарар кўради.

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 

3065 марта ўқилди

Мақолалар

Top