Абу Лубоба (розияллоҳу анҳу)нинг тўлиқ исми – Башир ибн Абдулмунзир ибн Занбар ибн Зайд ибн Умайя ибн Зайд ибн Молик ибн Авф ибн Амр ибн Авф ибн Молик ибн Авс бўлиб, Лубоба эса қизларининг исми бўлиб, шу исм билан куняланганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бадр куни “Руҳо” деган жойга тушганларида Абу Лубобани Мадинага ҳоким қилиб қайтарганлар. Шу боис, у Бадрда қатнашмаган бўлсада, Бадрда иштирок этганлар қаторида Бадрий ҳисобланади. Табук кунидан бошқа барча маъракаларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга иштирок этган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир нечта ҳадис ривоят қилганлар. Али (карромаллоҳу важҳаҳу) даврларида вафот этганлар.
Абу Лубоба Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эътиборларига тушган, жаннат башоратини қўлга киритган бахтли саҳобийлардан.
Баъзан инсон хато ва камчиликка йўл қўяди. Чин дилдан пушаймон бўлиб, тавба қилса, албатта, бандаларига меҳрибон бўлган Аллоҳ кечиради ва тавбасини қабул қилади, деб умид қилинади. Абу Лубоба (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Табук ғазотига бормай ортда қоладилар. У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жўнаб кетганларидан сўнг ажраб қолганларига афсус-надомат чекиб, “Мен соя-салқинда ўтирсаму Аллоҳнинг Расули урушда қийналиб юрадиларми? Йўқ! Аллоҳ номига қасамки, ўзимни устунга боғлаб қўяман. Токи Аллоҳнинг пайғамбари ўзлари кечириб, ечмагунларича ўзимни ечмайман”, дейдилар. Сўнгра ўзларини боғлатиб қўяди. Аёллари ёки қизлари намоз вақти бўлганида келиб ечиб қўйишар, сўнгра яна боғлаб қўйишарди. Шу алфозда бир неча кунлар ўтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) урушдан қайтиб келиб, масжиддан ўтдилар. Абу Лубобани кўриб қолиб, у ҳақида сўрадилар. У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “У Сиз билан бормай, ортда қолган. Афсус қилиб ўзини ўзи боғлаб ҳеч нарса емай, ичмай токи, Сиз уни кечириб, ечмагунингизча, ўзини ечмасликка қасам ичган”, дейилди. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга то у ҳақида амр бўлмагунча ечмайман. Аллоҳ таоло уни афв этмагунча кечирмайман”, дедилар. Шунда куйидаги оят нозил бўлди:“Яна бошқалари ҳам борки, гуноҳларини тан олурлар. Яхши ишни бошқаси – ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини шояд қабул қилса. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Тавба,102).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўша пайт Умми Салама онамизнинг хужрасида эдилар. Пайғамбаримиз табассум қилдилар. Умму Салама онамиз сабабини сўраганларида Аллоҳ Абу Лубобани тавбасини қабул қилганлиги тўғрисидаги оятни ўқиб бердилар. Умми Салама онамиз: “Хушхабарни етказайми?”, деб сўрадилар. У Зот: “Майли” дедилар. Чиқиб Абу Лубобага сен тўғрингда оят нозил бўлди, Аллоҳ тавбангни қабул қилибди, десалар, у: “Токи, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз қўллари билан ечмагунларича ечмайман”, дедилар. Умму Салама (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримизга хабарни етказганларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чиқиб Абу Лубобани қўл-оёқларини ечиб қўйдилар. Камчиликларини кечириб, афв қилдилар”.
Абу Лубоба (розияллоҳу анҳу)нинг ушбу ривоят қилинган тавбалари, Аллоҳ таоло у Зотнинг тавбалари ҳақида алоҳида оят нозил қилгани, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу бўлган воқеаларда бевосита Ўзлари қатнашганлари сабабидан Мадина шаҳридаги Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг масжидлари бўлмиш “Масжидунн-набавий”нинг устунларини бирига у кишининг номлари берилган.
Султон Абдулмажид Усмоний “Масжидунн-набавий”нинг қайта таъмирлаган пайтда масжиднинг жанубий қисмида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замоналарида хурмо шоҳларидан ташкил топган устунларни ўрнини аниқлаб, масжидда саккиз дона устун бўлгани, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замоналарида ҳар бирини ўзига хос воқеа ва ҳодисага эга бўлганидан ҳар бир устун жойига ўрнатилган. (Али Ҳофизнинг “Мадинаи Мунаввара тарихидан лавҳалар” асари, 69 – 71-бет). Куйида ана шу устунларнинг номларини келтириб ўтамиз:
- “Мухаллақа” устуни: Бу устун “мутоййиба”, “муъаттора” ва “ъалам ал-мусолли” деб машҳур бўлган. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу жойда нафл намоз ўқиганлар. Салама ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу) ана шу жойда кўпроқ намоз ўқишга ҳаракат қилар эдилар. Сабабини сўралганида: “Мен Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шу жойда кўп нафл намоз ўқиганларини кўрганман”, деган экан (Имом Бухорий ривояти). Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ): “Нафл намоз ўқиш учун энг афзал жой Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўқиган жойдир. У “муҳаллақа устуни” ўрнашган жой”, деган экан.
- “Саййида Ойша” (розияллоҳу анҳо) устуни: У минбардан ва муборак қабр томондан эътибор қилинса учинчи устун ҳисобланади. Бу устун “қуръа” , “муҳожирлар” деб ҳам номланган. Муҳожирлар кўпроқ мана шу устун ёнида йиғилишар эканлар.
- “Тавба” устуни: У минбардан санаганда тўртинчи, муборак қабрдан ҳисобланса иккинчи, қибла томондан қараганда учинчи устундир. Мана шу устун “Абу Лубоба” устини деб машҳур бўлган.
- “Сарир” устуни: Тавба устунининг шарқий томонида жойлашган бўлиб, равзаи муборак панжарасига ёпишган. Аниқроқ қилиб айтганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътикоф ўтирадиган жойларидир. Ўша пайтда хурмо ёғочларидан супа бўлиб, чойшаб билан ўралган ва ўша жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнбошлар эдилар. Бу устун ўша супанинг ўрнига ўрнатилган.
- “Ҳирс” устуни: Сарир устунининг шимолий томонида жойлашган. Уни рўпарасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраларидан чиққанларида тешик йўлакча бўлиб, ўша жойдан равзаи муборакка намоз ўқишга чиқар эдилар. Бу устунни “Али” устуни ҳам деб юритилган. Чунки, Али Расулуллоҳнинг қўриқлаб шу жойда ўтирар эдилар. Шунинг учун “ҳирс” соқчилар устуни деб номланган.
- “Вуфуд” устуни: Шимолий томондан ҳирс устунинг орқа тафарида жойлашган устун номи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам араблардан элчилар келадиган бўлса, шу жойда ўтириб, кутиб олар эдилар. Яна, бу жой “Марварид мажлиси” деб ҳам машҳур бўлган. Зеро, бу жойда саҳобалар ўзаро йиғилишиб маслаҳатлар қилиб ўтирадиган жой бўлган.
- “Марбаъатул-қабр” устуни: “Мақоми Жаброил” деб ҳам номланади. Уни ғарбий юзасидан шимол томонга бурилганда вуфуд устуни билан “Ҳужраи саодат”ни четида жойлашган.
- ”Таҳажжуд” устуни: Шимол томондан Фотима розияллоҳу анҳонинг уйларини орқаси томонида ўрнатилган бўлиб, ўша жойда меҳроб жойлашган. Агар намоз ўқувчи киши меҳробга юзланса, Усмон розияллоҳу анҳунинг эшиги (бу эшик “Жаброил” эшиги, деб ҳам машҳур бўлган) нисбатан чап томонда қолади.
Жалолиддин Ҳамроқулов,
“Новза” жоме масжиди имом хатиби