Зилзиланинг нақадар ваҳимали, фавқулодда ҳодиса эканини яхши биламиз. Бевақт ҳамда ҳалокатли зилзиладан чўчимайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Лекин менда шундай тасаввур бор: осмонўпар биноларда яшаб-ишловчи японлар, зилзилани худди бешик тебранишидек беозор эркалаш сифатида қабул қилишса, ажаб эмас. Негаки, бу юртда деярли ҳар куни ер силкиниб туради-да!
Аммо, 2011 йилнинг 11 мартида Япониядаги сейсмик кузатишлар тарихида энг кучли деб баҳоланган ер силкиниши рўй берди. Унинг маркази Токиодан 373 чақирим шимоли-шарқда, энг катта ҳисобланган Хонсю ороли қирғоқларида эди. Рихтер шкаласи бўйича 9 баллик зилзила, баландлиги 10 метрлик ҳалокатли тўлқинлар – цунамини юзага келтирди. Кунчиқар мамлакатдан тарқалган хабарлар ўта таҳликали эди: улкан тўлқинлар энг тараққий этган юрт шаҳарларини босиб, ер юзидан сидириб ташлаётганини бутун дунё аҳли даҳшат билан кўриб турди.
Икки кун ичида кўрилган инсоний талофатлар 13 минг нафардан ошиб кетди. Энг даҳшатлиси – цунами оқибатида дунёдаги энг улкан “Фукусима-1” атом электр станциясида авария юз берди. Дунё, Чернобилда юз берган ҳалокатдан ҳам даҳшатлироқ таҳдид ёқасида қолди. Шундай вазиятда ҳам японлар ўзларини йўқотиб қўйишмади, ортиқча ваҳима ҳам кўтаришмади. Радиацион нурланиш ва қайта цунами юз бериши хавфи туфайли, ярим миллион нафар аҳоли зудлик билан хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.
Япония саноатининг фахри ҳисобланган, дунёга машҳур компанияларининг корхоналари тўхтаб қолди. Жаҳон брендига айланишга улгурган автомобил заводларининг майдонларидаги тайёр маҳсулотларни тўлқинлар ютиб, океан қаърига олиб кетаётганини кузатиш, айниқса ваҳимали эди.
Япония бош вазири Наото Кан, миллатга фавқулодда мурожаат билан чиқиш қилди. “Мамлакатимиз Иккинчи жаҳон урушидан буён мисли кўрилмаган бўҳронга дуч келди, – деди бош вазир. – Аммо таҳликага ўрин йўқ. Бутун дунё бизга ёрдам бермоқда”.
Бош вазир ўз сўзини, ногаҳоний офатни бартараф этиш учун мардона курашаётган юртдошларига миннатдорчилик билдириш билан якунлади.
Юз берган улкан талофат ва вайронгарчилик – япон миллатининг беқиёс юксак фазилатларини бутун дунёга яна бир карра намоён этди.
- Мамлакатда ваҳима, қўрқув, миш-мишлар, ўзига тўқ, бадавлат кимсаларнинг бошқа юртларга киши билмас равишда “қуён бўлиш”и каби хунук ҳолатлар бирор марта ҳам учрамади.
- Ўғирлик, талончилик ҳақида эса, ҳатто, гап ҳам бўлиши мумкин эмас!
- Фалокат жойларида сақланиб қолган дўконлардаги нархлар кескин пасайтирилди. Зотан, сотувчиларнинг ўзлари озиқ-овқат махсулотларини ярим нарҳига сота бошлади ва бунга ўзларининг инсоний бурчи сифатида қарашди.
- Яшашга яроқли барча уйларнинг эшиклари уйсиз қолганлар учун беғараз очиб қўйилди.
- Ким ва қандай мавқеда бўлишидан қатъи назар, барча одамлар фалокат оқибатларини тугатиш учун ёппасига киришиб кетишди.
Буларнинг барчаси ҳукуматнинг қандайдир қарори ёки император буйруғи асосида, ёинки ҳарбийлар ва полициянинг мажбурлаши остидаги иш эмас, балки, ҳар бир японнинг қон-қонига сингиб кетган инсоний фазилатларнинг намойиши эди!
Ташкилотлар ва фуқаролар “юқори”нинг махсус кўрсатмасини кутиб ўтирмасдан, электр энергиясини тежашга ўтишди: лифтлар, рекламалар ва ўта зарур бўлмаган ёритиш чироқлари ўчириб қўйилди. Бундай ҳаракатлар фақат фалокат юз берган ҳудудлардагина эмас, балки бутун Япония ороллари бўйлаб кенг ёйилди. Машҳур корпорациялар электрни тежаш мақсадида, ўз ишчиларига бир соат олдин ишни тугатиб, уйга кетишларига рухсат берди. Аммо, бунда ишлаб чиқариш кўрсаткичлари пасаймайди: ходимлар барча ишни имкон қадар тезлаштириб, ҳар кунги меъёрни бажаришдилар.
Бироқ, “Фукусима – 1” АЭСидаги вазият ҳамон ўта таҳликали эди. Дастлабки кунларда бу ердаги вазият жилови қўлдан чиққан, бутун дунё аҳли оқибатини тасаввур қилиб бўлмайдиган фожеа юз беришини соат сайин кутиб турарди...
Аммо, метиндек иродали самурайлар авлоди бўлган японлар, шунда ҳам ваҳимага тушишмади. Авария юз берган ва ҳаёт учун ҳалокатли радиация таралиб турган реактор атрофида ишлаш истагидаги кўнгиллиларни топиш қийин бўлмади. Ҳатто, ўз жонини қурбон қилиш эвазига аварияни бартараф этиш учун, ён-атрофдаги ҳудудларгина эмас, балки бутун Япониядан тўпланган ҳақиқий инсонпарвар ҳамда ватанпарварлар пайдо бўлишди.
Хатто, мусибат воқеълигида аёллар ҳам ўзларининг жасоратларини кўрсатади. Токиолик ўт ўчирувчилар гуруҳининг аъзоси Ясуо Сато хотинига: “Атом станциясида ишлашга боряпман”, – деганида, хотини унг ажавобан фақатгина: “Японияни қутқар”, – деб жавоб берган экан.
Япония телевидениеси, цунами ер юзидан ювиб кетган Рикудзентаката шаҳарчаси вайроналарида дайдиб юрган одамни кўрсатади. У – маҳаллий ўт ўчириш қисми раҳбари бўлиб, қўли остидаги 45 нафар ходимни тўлқин олиб кетган эди. Собиқ бошлиқ юзини кўзёшлари ювар, ходимлари ўлиб, ўзи тирик қолганидан хижолатда эканини тинмай такрорлар эди. Бир неча кундан буён у, ақли-ҳушини йўқотган бир алпозда, вайроналар орасидан ўз одамларининг жасадини излаш билан банд экан...
Айни шундай мусибатли кунларда японларнинг расмий ҳукуматга ишончи қай даражада бўлди?
Японлар ўз ҳукуматига ҳар қандай вазиятда ҳам шак-шубҳасиз ишонишади. Бундай самимийлик – уларга бобомерос қадрият саналади. Ҳукумат улар учун барча ишларни имкон қадар амалга оширмоқда. Бу ҳақда, ҳатто, маълумотлар етарли бўлмаса-да, шундай эканига ишонишади. Масалан, авваллари Токиода радиация даражасини кўрсатиб турувчи таблолар бўлгич эди. Фалокатдан сўнг (айни керак вақтида!) улар ўчириб қўйилди. Аммо турли “миш-миш”лар болалаб кетмади. Электр энергиясини тежаш учун шундай қилинди – вассалом.
Иккинчи жаҳон урушини улкан мағлубият ва йўқотишлар билан якунлаган японлар ҳукуматга ишонч ва беғаразлик туфайли, қисқа вақт ичида ақл бовар қилмас ютуқларга эришганлар. Император миллатга мурожаат қилиб, барча қимматбаҳо зебу-зийнатлар ва буюмларни юртни тиклаш учун топширишларини сўраган. Фуқаролар бу чақириқни бир жону-тан бўлиб қабул қилишган. Бунинг натижаси эса бутун дунёга маълум...
Хўш, шунча офатлар келтирган талофот ва вайронгарчиликларни бартараф этиш учун жонсарак японларга қанча вақт зарур бўлади, деб ўйлайсиз?
Даҳшатли табиий офат, сиртдан қараганда, Японияда инқирозларнинг “занжирли реакцияси”ни бошлаб берганга ўхшайди. Нефтни қайта ишлаш чорак фоизга тушиб кетди. Йўллар вайрон бўлиб, катта миқдордаги техника воситалари яроқсиз ҳолга келгани сабабли, бензин истеъмоли ҳам камайди. Аммо, японларнинг руҳи тушмади, ногаҳоний бало қаршисида қўллари ишга бормай, паришон бўлишгани ҳам йўқ.
“Япония иқтисодиётининг пойдевори жуда бақувват, – деб баёнот берди иқтисодий ва молия-бюджет сиёсати бўйича вазир Каору Есано. – Бинобарин, юз берган мислсиз офат мамлакатимизни тараққиётдан тўхтата олмайди”.
Бош вазир Наото Кан эса, бу фалокат, “Японияни тиклашнинг кенг кўламли дастури”ни ишга туширишга туртки бўлишини таъкидлади.
“Ерга урсанг – кўкка сапчийди”, – деган ўзбекона иборани эсга олиш шу жойда ўринли бўлса керак. Негаки, бундай балои-офатдан сўнг, унча-мунча давлатнинг “бели синиб” кетиши ҳеч гап эмас-да. Лекин японлар анойилардан эмас. Масалан, айрим оптимист японлар, қайта тикланиш учун атиги... 6 ой зарур бўлишини таъкидлашганди. Бу гапларга ишонмаслик, ёки шубҳа билдиришга, кўпчиликда, ҳатто, журъат ҳам йўқлиги сир эмас...
Хўш биз нега бугун ўтган асрда рўй берган япон ҳалокатини эслаб қолдик. Жавоб оддий: бугун Аллоҳ таоло бутун Ер курраси аҳлини, кўзга кўринмас синов билан балолади. Бу офат бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.
Бундай вазиятда бир тани бир жон бўлиб ҳаракат қилиш ва офатга қарши курашиш ўрнига халқимиз орасидаги нобакор ўз нафси ва “жиғилдон”идан бошқа нарсани ўйламайдиган, инсонларнинг мусибатидан ҳам чўнтак қаппайтирадиганлар кўпаймоқда.
Озиқ-овқатнинг, тиббий махсулотларнинг нархини ошириб бугун пулимиз кўпаяр аммо, у пул бизга юқармикан? Бизни бугун хавотирга солаётган вирус балоси бошимизга мана шундай ҳаром ва инсонларга озор бериш каби амалларимиз, одамларнинг ғам-қайғу ва мусибатларидан фойда кўриш ҳамда Аллоҳ таолога исён қилишимиз каби гуноҳ ва хатоларимиз эвазига келаётган бало эмасми? Наҳотки биз ўзбеклар, мусулмонлар фақатгина қорин ва чўнтак тўлдириш учун яратилган бўлсак...
Одамлар имкон борида эс ҳушимизни йиғиб, мусибатга қарши биргаликда курашайлик!
Саидаброр Умаров