Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича ФАТВОСИ эълон қилинган эди. Унда бир қанча вазифалар қатори мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намози, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этилиши айтилди. Ушбу фатводан сўнг ижтимоий тармоқларда турли хил эътироз кўринишидаги изоҳлар пайдо бўлди.
Яратганга шукурки, юртимизда диний уламо ва раҳбарларимиз бор. Улар биз мўмин-мусулмонлар учун тегишли фатволарни қабул қилиш имкониятига эгалар. Ҳозирги вақтда бутун дунё бўйлаб кенг тарқалиб кетаётган касалликнинг халқимиз орасида ҳам ёйилиб кетишини олдини олиш мақсадида қабул қилинган ушбу фатво айни муддао экканлиги ва шариат аҳкомларига тўла мос келишини таъкидламоқчимиз. Сабаби, фатвонинг ўзида ҳам Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф, фиқҳ китобларидан аниқ далиллар келтирилган. Қолаверса, дунё уламоларининг фикр ва фатволари ҳамда бошқа мусулмон ўлкаларнинг тажрибаларига таянган ҳолда ушбу қарорга келинганини ҳам эслатиб ўтмоқчимиз. Ишончли далиллар асосида қабул қилинган фатвога яна қандай онг билан эътироз билдириш мумкин. Зеро, мусулмон киши Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, маъсият бўлмайдиган ўринда Пайғамбар меросхўрлари бўлган уламолар, муфтий ва халқнинг ўзидан сайланган раҳбарларга итоат этиши ва бўйинсуниши ояти каримада қуйидагича таъкидланган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ
яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким пиёз, саримсоқ пиёз ва ёввойи пиёз еган бўлса, масжидимизга асло яқин келмасин. Чунки одам болалари озор топадиган нарсалардан фаришталар ҳам озор топадилар”, (Жобир розияллоҳу анҳудан Имом Муслим ривояти) деб марҳамат қилганлар. Шариатимиз ёқимсиз ҳид билан кишиларга озор бермаслик учун масжиддан узоқлашишга буюрар экан, кишилар ва ўзининг соғлигига жиддий хавф туғдирадиган сабаб туфайли масжид ва жамоатга чиқмаслик вожиб даражасидаги амал ҳисобланади.
Ҳар бир иш Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Касаллик ва бошқа хатарларнинг келиши ҳам шулар жумласидан. Инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган. Шундай экан, халқ орасида ваҳима, тушкинлик, норозилик кайфиятини пайдо қилишда эмас, мушкулларни аритиш, кўнгилларни шод қилиш, қийинчиликларни енгиб ўтишда бир-биримизга кўмакчи бўлайлик! Зеро, бу ҳолат ҳам ўткинчи, тез кунларда вазият яхшиланиб, ўз ўрнига қайтади. Вақтинчалик синов давридан очиқ юз ва муваффақият билан ўтиб оламиз инша Аллоҳ.
Зайниддин Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби