Мақолалар

ГУМОН…

Ҳақиқий мўминнинг амаллари Аллоҳ таоло ҳақида гўзал гумон қилганлиги учун ҳам гўзал бўлади. Мунофиқники эса аксинча, Аллоҳ таоло ҳақида бадгумонлиги сабаб амаллари ҳам ёмон тарафга қараб кетаверади.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ

Шарҳ: Юнус алайҳиссаломни кит ютиб юборганида, Роббилари ҳақида ёмон гумон қилмадилар, китнинг қорнида бўлган ҳолда: «Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим», деб нидо қилди (Анбиё сураси, 87-оят). Натижада, Аллоҳ таоло нажот берди.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши Аллоҳ таолонинг шариатда жорий қилган ҳукм, буйруқ ва қайтариқлари ҳақида доимо яхши гумонда бўлади. Аллоҳ таоло нимага буюрган бўлса, албатта, ўша нарсада ҳикмат ва инсоният учун манфаат бор, қайтариқларида эса зарар, бузуқлик ва ахлоқсизлик бор деб билади.

Мунофиқчи Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқлари ҳақида доимо ёмон гумонда бўлади. Шариат ҳукмларини охиригача билмай туриб, оғир эканлигидан нолийверади. Аллоҳ таоло буюрган нарсада инсонлар учун манфаат борлигини тан олмасдан, баҳоналар тўқиб амал қилмасликка ҳаракат қилади. Бирон нарсадан қайтарилган бўлса ҳам, худди шундай, унда ҳеч қандай зарар йўқ деб, йўлини топиб қилишда давом этаверади.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон яратган Робби нимани тақдир қилган бўлса, доимо яхши гумонда бўлади. Соғлом бўлса, тоат-ибодат қилиб олишга фурсат деб билади. Бой бўлса, кўпроқ инфоқ-эҳсон қилиб олади. Бу неъматларни ўзи учун синов эканини ҳис қилиб доимо Аллоҳ таолога шукр қилади ва тўғри йўлга сарфлашга ҳаракат қилади. Касал бўлса ёки камбағал бўлса, гўзал сабр қилади ва Аллоҳ таолодан шифо беришини ва бой қилишини сўраб дуо қилади. Қилган сабрлари учун гўзал мукофотларни умид қилади.

Мунофиқчи тақдир борасида ёмон гумонда бўлади.Соғлик, бойлик неъматини туғён ва ҳаддан ошишга сабаб деб билади. Исрофгарчиликка йўл қўяди. Бу неъматларни тўғри йўлга сарфламайди. Касал ёки фақир бўлса, доимо норози кайфиятда юради. Сабрсизлик қилади. Ўзини бахтсиз инсон деб ҳис этади.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг мўминлар учун дунёда ёрдам ва зафар беражаги ҳақидаги ваъдалари хусусида доимо яхши гумонда бўлади. Аллоҳ таолонинг Сўзи, албатта, амалга ошади, фақат мўмин-мусулмонлардан талаб қилинадигани сабабларини бажаришдир эканлигини билади. Мабодо Аллоҳ таолонинг ёрдами бироз кечикса, нуқсонни ўзидан қидиради, сабабларни бажаришда камчиликка йўл қўйганлигини англаб, гўзал сабр билан ҳаракат қилади.

Мунофиқчи бу борада ҳам ёмон гумонда бўлади. Мўмин-мусулмонлар қийин аҳволга тушишса, Аллоҳ таоло уларга ёрдам бермайди, ваъдасининг устидан чиқмайди деб билади.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг солиҳ амалларни қилган, мўмин ҳолида вафот этган бандаларнинг жаннатга кириши ҳақидаги ваъдалари хусусида яхши гумонда бўлади. Жаннатидан умидвор бўлиб, дўзахидан сақланиш учун шариатга мувофиқ ҳаёт кечиришга уринади.

Мунофиқчи Аллоҳ таолонинг жаннатга киритиши ҳақидаги ваъдаларига ишонмайди.Шунинг учун ҳаёти давомида солиҳ амаллар қилиб олишга ҳаракат қилмайди.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон Аллоҳ таоло дуо қилувчиларнинг дуосини ижобат қилиши, ёрдам сўровчиларга ёрдам бериши ҳақида яхши гумонда бўлади. Аллоҳ таоло дуоларни, албатта, ижобат қилади. Агар дарҳол ижобат қилмаётган бўлса, келажакда ижобат қилади. Агар келажакда ҳам ижобат қилмаса, охиратда қилинган дуонинг эвазига улкан ажр-мукофотлар беради деб эътиқод қилади. Ёки дуо қилувчилар ижобат бўлиш сабабларини тўлиқ бажармаётган бўлсалар керак деб билади. 

Мунофиқчи Аллоҳ таоло дуоларни барибир ижобат қилмайди, ёрдам сўровчиларга ёрдам бермайди деб эътиқод қилади. Бу борада ҳам ёмон гумонда бўлади.

Ким яхши гумон қилар экан?

Аллоҳ таолони яхши таниган, иймони мустаҳкам, буйруқларни севиб бажариб, қайтариқлардан имкон қадар тийилган, доимо Аллоҳ таолони зикр қилиб, шайтоннинг йўлларидан ўзини узоқ тутган ва гўзал сабр эгаси бўлган инсонгина Аллоҳ таоло ҳақида доимо чиройли гумонда бўлади. Бундай инсонни биз ҳақиқий мўмин-мусулмон деймиз.

Ким ёмон гумонда бўлар экан? 

Аллоҳ таолони яхши танимаган, иймони заиф, тоат-ибодатларни тарк қилувчи, қайтариқларни тап-тортмай қилувчи, Аллоҳ таолонинг зикридан узоқ, шайтоннинг йўлларидан юрувчи ва васвасаларига кўнувчи, сабрсиз ва ишончи кам бўлган инсонгина Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумон қилиши мумкин. Ундай инсонни биз мунофиқ деб атаймиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи ҳақида доимо чиройли гумонда бўлишимизни насиб қилсин, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёмон гумон қилиб қўйишдан сақласин!  

“Солиҳ ва солиҳалардан насиҳатлар”. Таржимон: Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ

3217 марта ўқилди

Мақолалар

Top