Мақолалар

Пул сарфламасдан садақа қилишнинг 7 усули

“Садақа” луғатда “инфоқ-эҳсон, хайр-саховат” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса Аллоҳ таоло розилиги учун бериладиган ёки бажариладиган ҳар қандай нарса садақа ҳисобланади. Кўпчилик инсонлар садақа деганда, фақат муҳтожларга, камбағал, бева-бечораларга, тиланчиларга бериладиган нарсани тушунади. Аслида эса ўзгаларга қилинган яхшилик ва эҳсоннинг барча турлари садақадир. Келинг, қуйида ана шундай садақа турларининг айримларини келтириб ўтамиз:

  1. Табассум қилиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенинг биродарингга қараб қилган табассуминг ҳам садақадир!” деб марҳамат қилганлар. Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис (розияллоҳу анҳу): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кўра табассумлироқ кишини кўрмаганман”, деб айтган.
  2. Ёмонликдан тийилиш. Абу Мусо Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳар бир мусулмонга садақа лозим», деганларида, саҳобалар: «Агар уни топа олмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қўли билан ишлаб топиб ўзи ҳам фойдаланади ва садақа ҳам қилади», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бечораҳол муҳтожга ёрдам берсин», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Яхшиликка буюрсин», дедилар. «Агар буни ҳам қила олмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ёмонликдан ўзини тийсин, шундай қилиши ҳам садақадир», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
  3. Тасбеҳ, тамҳид, таҳлил айтиш. Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Инсон борки, ҳар куни учун садақа бериб туриши шарт”. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, биз садақа қилинадиган бунча нарсани қаердан топамиз?” – дейишди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Яхшиликнинг эшиклари кўп: тасбеҳ (субҳаналлоҳ), таҳмид (алҳамдулиллаҳ), таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ), савобга чорлаш, ёмонликдан қайтариш, йўлдан зарар берувчи нарсаларни олиб ташлаш, қулоғи эшитмайдиганга эшиттириш, кўрни етаклаш, ҳожатманднинг ҳожатини раво қилиш, йиқилганни суяб турғизиш. Мана буларнинг ҳаммаси ўз номларингиздан қилган садақаларингиздир”, – дедилар», (Абу Ҳотим ва Термизий ривояти).
  4. Яхшилик қилиш. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳар бир яхшилик садақадир. Яхшиликка далолат қилувчи уни бажарган каби ажрга лойиқ. Аллоҳ таоло муҳтожларга ёрдам беришни яхши кўради”, – дедилар», (Дорақутний ва Ибн Абу Дунё ривояти).  Улуғ саҳоба Жобир (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади, У зот: "Яхшилик қилишнинг барчаси - садақадир" - деб марҳамат қилганлар.
  5. Садақага сабаб бўлиш. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар садақа етмиш минг кишига қўлма-қўл бўлса ҳам, аввалгига қанча савоб берилган бўлса, охиргига ҳам шунча савоб берилади”, – дедилар».
  6. Яхши сўз айтиш. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади. У зот (алайҳиссалом): "Табассум билан айтилган чиройли сўз - садақадир", дедилар.
  7. Муроса қилиш. Баъзи манбаларда “Одамлар билан муроса қилиш ҳам садақадир” дейилган. Демак, мусулмон кишининг ўзгалар билан муроса қилиб яшаши, хушмуомала бўлиши, бировларга яхшилик қилишга шошилиши, инсонларга сўзи ва амали билан озор бермаслиги ҳам садақа экан.

Интернет маълумотлари асосида

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

 

5620 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top