Мақолалар

Балога учрамаслик учун ўқиладиган дуо

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

 

Балога учрамаслик учун ўқиладиган дуо

Баъзан кўча-кўйда, йўлда, бозор ва яна бошқа ерларда турли мусибатга учраган, синовга мубтало бўлганларни учратамиз. Масалан, автоҳалокат ҳодисаси, ёнғин, бирор касалликка чалинган ва ҳ.к.

Кимдир уларни ҳолини кўриб ачинади, ёрдам беришга ҳаракат қилади, бунга имконияти етмаса ҳақига дуо қилади. Баъзилар эса “кўзига қараса бўлмайдими”, “ҳаммасига ўзи сабабчи”, “ўзини эҳтиёт қилса бўлмасмиди” каби турли “танбеҳ”ларни беради. Яна бошқалар дарҳол чўнтагидан қўл телефонини чиқариб суратга, видеога олишга “ошиқади”.

Аслида ҳар бир банда синовга дучор бўлувчидир. Зеро, бу дунё – синовлар майдони. Ундаги бир синовнинг ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси..... етиб келади. Ҳа, ҳаёт аслида ана шундай битмас-туганмас имтиҳонлар занжиридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Одамлар: “Имон келтирдик”, дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! Биз улардан олдинги (имонли) кишиларни синаган эдик-ку!» (Анкабут сураси, 2-3 – оятлар).

Банда дучор бўлган ва бўладиган барча синовлар Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси билан бўлади. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлмай қолмас ва хоҳламаган иш асло бўлмас. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Ҳадид сураси, 22-оят).

Муҳими мусибат етганда, синовга учраганда ёлғиз Аллоҳ таолодангина ёрдам сўраш, Ўзидангина умидвор бўлиш, сабр қилиб улуғ ажрни қўлга киритишга интилиш лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят).

Хўш, мўмин банданинг биродарини мусибатга, балога учраганини кўрганда одоби қандай бўлмоғи лозим? Ҳар бир ишда умматларига ўрнак бўлган севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатда ушбу дуони ўқишни таълим берганлар:

 الحمد لله الذي عافاني مما ابتلاك به وفضلني على كثير ممن خلق تفضيلا لم يصبه ذلك البلاء

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким балога учраган кишини кўрганда “Алҳамду лиллаҳиллазий аъфаний миммаа ибталаака биҳи ва фаззаланий аъла касийрин мимман холақа тафзийлан” деса, унга ўша бало етмайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни турли бало-офат ва касалликлардан Ўз паноҳида сақласин. Нусрат, офият ато этсин. Хузур-ҳаловатда, тинч, осойишта, иймон лаззатидан баҳраманд ҳолатда ҳаёт кечиришимизни насиб айласин.

Даврон НУРМУҲАММАД

5002 марта ўқилди

Мақолалар

Top