Мақолалар

Муфтий ҳазратларининг мақолалари ҳаммамиз учун дастурул амалдир

Бугун бутун дунё аҳолисининг ўй-хаёли,  туриш-турмушини бир ваҳима - коронавирус ҳадиги чулғаб олган. Кексаю ёш, каттаю кичик, барча - тожсимон вирусга йўлиқмаслик чораларини кўряпти.

Қувонарлиси, мамлакатимизда ушбу вирусга қарши барча зарур чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Президент фармони, ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан бўлади. Касаллик етиши ҳам, шифоҳам Унинг Ўзидан.

Аллоҳ таоло қайси бир касалликни туширган бўлса, унинг давосини ҳам туширган. Ҳар қандай касалликнинг шифосини фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. У Зот Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилган: «Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи» (Шуаро сураси, 80-оят).

Имом Аҳмад ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар! Чунки Аллоҳ қайси касалликни туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширгандир. Фақат битта касаллик – кексаликнинг давоси йўқ» деганлар.

Мўмин-мусулмон одам ўзига теккан касалликка қарши курашиб, Аллоҳ таолодан комил шифо сўраб, даволаш чораларини кўриши керак.

Демак,  мўмин киши бирор дардга йўлиқса даволаниши, ўзини касалликка чалинишдан асраши лозим экан. Ривоят қилинишича, Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос (разияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дуо ўргатишни сўраганларида, Пайғамбаримиз: «Аллоҳдан авф ва офият тилагин. Зеро, У ҳеч кимга қатъий иймон-ишончдан кейин офиятдан кўра афзалроқ неъмат ато этмаган», деган эканлар. Офият бу – танларимиз соғлиги, ризқларимиз мўллиги ва турли хавф-хатарлардан омонликдир. Ҳасан Басрий айтадилар: «Ёмонликлардан холи яхшилик, бу-шукри адо этилиши лозим бўлган офиятдир».

Тиббиёт соха мутахассисларининг тавсияларига қатъий риоя қилиш,  ушбу касалликнинг бартараф этилиши бўйича амалга оширилаётган барча чора тадбирларга хайрихоҳлик билан амал қилиш бу банданинг ўзига офият сўрагани бўлади. Ўрнатилган тартиб қоидаларга эътироз билдириш ўрнига ўз жонларини сизу биз учун хатарга қўяётган тиббиёт ва бошқа соҳа ходимларига ўз миннатдорчилигимизни билдиришимиз,  Аллоҳ таоло уларни ҳам Ўзи асрашини сўраб дуолар қилишимиз биз фуқароларнинг бурчи эканлигини унутмайлик. 

Зеро юрт раҳбари ҳам фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитар-эпидемиологик ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида қарорни имзоладилар. 

Мана шундай шарафли вазифани ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда бажариб келаётган тиббиёт ходимларининг бугунги ҳар бир куни қаҳрамонлик бўлиб, Аллоҳ таолонинг даргоҳида улуғ ажру савобларга ноил бўлади, инша Аллоҳ.

Шу борада эълон қилинган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларининг “Донишманд халқимиз бу синовни Хақ таолонинг раҳмати ила енгиб ўтади” номли мақолаларининг мазмун моҳияти билан яқидан танишиб, бутун дунёга таҳдид бўлаётган пандемияга қарши курашаётган матонатли шифокорларнинг меҳнатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилайлик. 

Келинг азиз юртдошлар барчамиз янада бирлашиб, ўз итоат ва мустаҳаам иродамизни намоён этайлик!

Зайниддин домла Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили

2478 марта ўқилди

Мақолалар

Top