Мақолалар

Ҳақиқий бойлик

Аллоҳ таоло ҳамма мавжудотлар ичида инсон наслини ардоқли, мукаррам қилиб яратган. Уни Ўзи яратган барча жонзотлардан тафаккур, ақл ва идрок этиш билан афзал қилган. Парвардигор одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйган. Ҳатто фаришталарини ҳам Одамга таъзим қилишга буюрган. Ана шундай азизу мукаррам яратилган ҳар бир инсон дунё ва охиратни обод қилиш учун доимий ҳаракатда бўлмоғи лозим.

Ҳаммамиз турли ботиний ва зоҳирий неъматлар ичра яшаймиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуқамиз ва кийим-кечагимиз борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандларимизнинг ўйнаб-кулиб, ҳур замонда вояга етаётгани, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани – Ўзига итоат қилишимизни, ато этган неъматларига шукр ва қаноат қилишимиз талаб этилади, холос.

Сабр-матонат ва бардош мўминларнинг энг яхши сифати, уларнинг шаънини улуғловчи гўзал фазилатларидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини бошларига бирор мусибат, бало ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади ва Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо биргалиги хабари берилади.
Шайх Саъдийнинг “Гулистон” асарларида шундай ҳикоят келтирилади: “Мен ҳеч маҳал давр жабр-жафоси-ю фалакнинг кажрафторлигидан шикоят қилмаган эдим, ўшанда оёқ яланг қолган эдим ва ковуш сотиб олишга қодир эмасдим. Қаттиқ ўксиниб, Куфа шаҳридаги жомеъ масжидига кирганимда оёқсиз бир одамга кўзим тушди. Шунда шукр қилиб ковушсизлигимга сабр қилдим”. Шайх Саъдийнинг ушбу ҳикоятларида ҳам Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилмай сабр қилишнинг фазилати уқтирилмоқда.

Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги қаноат бобида қуйидаги ҳикояни келтиради. Форс мамлакатида икки дўст Чин сари йўлга тушдилар. Бири азалдан қаноатли киши бўлиб, иккинчиси унинг акси эди. Йўлда борар эканлар, бир катта тошни кўрдилар. Унинг ярми ерда-ю, ярми юқорида эди. Унга «Ким меҳнат қилса, тошни айлантириб ўз жойига қўйса, ёзилган бир ёзувни кўради ва бу водийдаги бир остона остида катта бойлик яширинганидан хабардор бўлиб, унга эга бўлади. Кимки меҳнат қилиб, алам тортишни истамаса, унинг учун сабру қаноат баридан яхшироқ», деб ёзиб қўйилган экан. Қаноатсиз одам бу хабарни ўқигач, бойликка эга бўлиш учун тош остини қазишга тушди, қаноатли бепарво бўлиб ўтирарди. У ўша атрофни томоша қилиш билан банд бўлди, «Менинг қаноат бойлигидек бойлигим бор, бу меҳнатдан қандай нафъ тегарди? Тангри эҳсон бераман деса, тош ёрилиб ҳам бойлик чиқаверади», деб хаёл сурди-да, эрта туриб шаҳар томон йўналди, шаҳарга кирадиган бир неча дарвоза бўлиб, шаҳарга биринчи бўлиб кирди. Ҳамма ўша дарвоза – у биринчи бўлиб кирган дарвоза томон интиларди. Бу элда шундай бир одат бор эканки, мамлакат подшоси нариги дунёга риҳлат қилган бўлса, аъёнлар бу гапни шаҳар халқидан яширин тутишар экан-да, кимки саҳарда шаҳарга ҳаммадан бурун кирса, уни подшоҳ сайлаб, бошига тож қўйдиришиб, бармоғига олтин узук тақишар экан. Бу сафар ҳам худди шундай ҳол юз бериб, ҳалиги мусофирни шоҳ кўтардилар.

Унинг тош остини қазиётган дўсти эса оғир меҳнатни бажариб бўлгач, тошни ёнига ағдариб қараса, ундаги хатда «Хом тамаъ бу дунёда алам чекади», деб ёзиб қўйилган экан. Хуллас, қаноат қилгани подшоҳ бўлди, бунисини эса тамаъ ранжи хоксор қилди.
Қилма, Навоий, тамаъ элдин дирам, Бор эса, берсанг худ эрур ул карам.
Сабр-қаноат одамни нафс қайғусига тушишдан, ҳаётини ўткинчи ҳою-ҳавасига, ҳузр-ҳаловатига берилиб, енгил-елпи умр кечиришидан, эл-юрт олдидаги бурчига бефарқ бўлиб яшашдан асрайди.


Азамат УСМОНОВ,
Қашқадарё вилояти Касби тумани
“Фазли” жоме масжиди имом-хатиби

5506 марта ўқилди

Мақолалар

Top