Мақолалар

Коронавирус – инсониятга ўзлигини англатган синов

 

Ислом таълимотида сиҳат-саломатликнинг улуғ неъмат эканлиги, уни асраб-авайлаш, қадрига етиш лозимлиги алоҳида таъкидланган. Ер юзидаги жамики мавжудот учун сиҳат-саломатликнинг ўрни ғоят муҳим. Жумладан, инсонлар бахтли-саодатли ҳаёт кечириши ва кўзлаган мақсадларини амалга ошириши учун бу неъматнинг аҳамиятини ўз вақтида англаши керак. Акс ҳолда, ҳаёт мазмуни йўқолади ва дунёнинг ҳеч қандай лаззати ва жозибаси татимайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар ғанимат билишлари лозим бўлган неъматлар сирасида сиҳат-саломатликни зикр қилганлар.

Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:

 

إِغْتَنِمْ خمَسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ وَغِنَاكَ قَبْلَ فَقْرِكَ وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ 

(رواه البيهقي والحاكم)

 

“Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат бил: кексалигингдан аввал ёшлигингни, бетоблигингдан аввал саломатлигингни, фақирлигингдан аввал бойлигингни, бир ишга машғул бўлиб қолишингдан аввал бўш вақтингни ва ўлиминг келмасидан аввал ҳаётлик вақтингни”.[1]

Маълумки ислом дини инсониятга фақат яхшилик келтиради. Бизни йўқдан бор қилган Зот, инсонга нима фойдаю, нима зарар экани ҳақида бизларни огоҳ этган. Шунинг учун ҳам ислом дини барча замон ва маконларга салоҳиятли бўлган илоҳий таълимотдир. Аллоҳ таоло шундай дейди:

أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ

 

“Яратган зот билмасмиди? У сирларни билувчи ва баридан хабардордир!”[2]

Аллоҳ таоло инсонга имтиҳон майдони қилган бу дунёда бошқа синовлар қатори турли хасталикларни ҳам яратган. Бандаларига тўғри йўлни кўрсатиб, уларни ризқлантирган Зот улар касал бўлганларида шифо бергувчи ҳам Унинг Ўзидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

 

الَّذِي خَلَقَنِي فَهُوَ يَهْدِينِ  

وَالَّذِي هُوَ يُطْعِمُنِي وَيَسْقِينِ 

وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

“У мени яратган, мени ҳидоят қиладиган ҳам Ўзидир. Мени едириб-ичирадиган ҳам Ўзидир. Беморлигимда шифо берадиган ҳам Ўзидир”.[3]

Ояти каримада яратиш сифатини Аллоҳ таолога нисбат берилмоқда. Дарҳақиқат, коинотдаги барча махлуқотларни Аллоҳ таоло яратган. Кеча ва кундуз, йил фаслларининг алмашиб туриши, аъзоларимизнинг бир-бирига мутаносиблиги, буларнинг барча-барчаси, ёлғиз Яратувчи томонидан эканига далолат қилади.

Кейинги оятда эса ризқ Аллоҳ таолога нисбат берилмоқда. Маълумки, осмон билан ер орасида, денгиз билан ер остида қанча қанча жонзотлар бор. Кеча оқшом мана шу жонзотларнинг барчаси: “Эртага нима еймиз?” демасдан хотиржам уйқуга кетганлар. Мана бугун янги тонг отди! Улар худди кечагидек ўз кунларини давом эттиришмоқда. Уларнинг инсонларга ўхшаб егулик маҳсулотларни ғамлаб қўядиган музлатгичлари ҳам, сандиқда пуллари ҳам ёки овқат сотиб оладиган дўконлари ҳам йўқ. Шундай бўлсада, улар хотиржам уйқуга кетишмоқда, акс ҳолда улар ухламас эдилар. Аммо уларда асосий нарса бор, у ҳам бўлса, Аллоҳ таолонинг ризқига қаноат ва хотиржамликдир.

Шу ўринда айтиб ўтишимиз лозимки, барчамиз биладиган ва имон келтирган “ризқ ҳам, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, Аллоҳдан”, деган ақидамизга қай даражада мустаҳкам ёки заиф эканимиз шу кеча-ю, кундузда билиниб қолди. Дунёнинг барча давлатларида тарқаган “СОVID-19” деб аталган коронавирус муносабати билан диёримизда карантин ҳолати эълон қилиниши баробарида, баъзи юртдошларимиз ўзларини бироз йўқотиб қўйдилар. Давлатимиз томонидан қанчалар огоҳлантирилмасин, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатликка чақирилмасин, ватандошларимиздан баъзилари озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш нархларини оширишга ҳаракат қилишди. Гарчи бу “баъзи”лар жуда камчиликни ташкил қилсада, асрлар давомида ислом оламига буюк зотларни етиштириб берган шу халқ учун бу орият масаласидир.

Мазкур мақолада ушбу ҳолатни эсламасдан ўтиб кетиш ҳам мумкин эди, лекин бизнинг мақсадимиз хатодан тийилиб, тўғрига ёндашишдир. Шояд, бу каби “бошга иш тушганда, фойдаланиб қолиш” иллатига барҳам берилса!   

Алҳамдулиллаҳ! Ҳукуматимиз ва олийжаноб, ҳимматли юртдошларимиз ўзгаларга ёрдам қўлини чўздилар.

Ватанимиз мўмин-мусулмонлари томонидан Қуръони карим кўп маротаба хатм қилинди, истиғфор, салавотлар айтилди. Бу эзгу ва савоб ишлар бугун ҳам давом этмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан жума кунлари барча вилоят, туман ва зиёратгоҳларда қурбонликлар қилинди, Қуръони карим ва Саҳиҳи Бухорий хатмлари сўнггида Аллоҳ таолога бу касалликни даф этишини сўраб дуолар қилинди.

Бошга бирор мусибат тушганида хайрли амаллар қилиниб, уларнинг барокатидан ўша мусибатнинг аришини умид қилиш динимиз таълимотларида келган кўрсатмадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қийинчилик бўлганида Аллоҳ таолога ибодатларда дуолар қилар ва саҳобаларга ҳам шуни тавсия этардилар. Биз ҳам бугунги ҳолимизда қилган ожизона дуоларимизни Парвардигоримиз қабул қилишидан қаттиқ умидвормиз. Чунки яхши гумонда бўлиш, мўминга хос иш. Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган саҳиҳ ҳадисда бу ҳақда шундай дейилади:

 

أنا عند ظن عبدي بي

 

“Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман”. [4]

Бугунги кунда коронавирус пандемияси дунё халқларини ташвишга солиб турган энг катта муаммо, десак муболаға бўлмайди. Мусулмон киши бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларга юборган бир синови эканини яхши билади. Биз бундан тўғри сабоқ чиқариб, Аллоҳ таолонинг бизга берган саноқсиз неъматларини қадрлашимиз, шукр қилишимиз, қўлимизда борини яқинларимизга, айниқса, муҳтожларга ҳам улашишимиз зарурлигини англаб етамиз.

Бу синов биз – инсониятни ортга яхшилаб назар солиб, қилган ишларимиз ҳақида тафаккур қилишга мажбур қилди. Маълумотларга кўра, коронавирус сабабли кўчалардаги тартибсизликлар, жиноятлар камайиб, одамлар бир-бирига меҳр-оқибатли бўла бошлаган, ота-оналари, оила-аъзолари билан кўпроқ вақт бирга бўлмоқда. Биз мўминлар ҳар бир синовдан ҳикмат излаймиз. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида шундай деган:

 

وَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَعَسَى أَنْ تُحِبُّوا شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَكُمْ

وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ 

 “Ёқтирмаган нарсангизда сизларга яхшилик бўлиши мумкин, ёқтирган нарсангизда эса сизларга ёмонлик бўлиши мумкин. Аллоҳ билганини сизлар билмайсизлар”.[5]

Аллоҳ таоло бизларга ота-онамиздан-да меҳрибон ва раҳмлидир. Шундай экан, инсониятнинг бахту саодати Унинг кўрсатмаларига амал қилиб, қайтарган ишларидан тийилишдадир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек киши вабо ёки инсон ҳаётига хавф соладиган бошқа касаллик тарқалган вақтда шариатимиз кўрсатмасига амал қилиб, Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлган ҳолда уйида ўтирса, гарчи ўша вабо сабабли вафот қилмаса ҳам шаҳиднинг ажру савобига эга бўлади. Имом Аҳмад келтирган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусида шундай марҳамат қилганлар:

 

لَيسَ مِنْ رَجُلٍ يَقَعُ الطَّاعُونُ، فَيَمْكُث فِي بَيتِهِ صَابِرًا مُحْتَسِبًا يَعْلَمُ أَنَّهُ لَا يُصِيبُه إلَّا مَا كَتَبَ اللهُ لَهُ؛ إلِّا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ الشَّهِيدِ

(أخرجه أحمد)

“Вабо келган вақтда, Аллоҳ унга ёзганидан бошқаси бўлмаслигини билган ҳолда савоб умидида уйида ўтирган кимсага шаҳиднинг ажри бўлади”.[6]

Аксинча, шариатимиз эслатмалари ва жамиятда ўрнатилган қонун-қоидаларни менсимасдан ўзи ва ўзгаларнинг ҳаётини хавфга қўйиш ўзини ҳалокатга ташлаш билан баробардир.

Имом Термизий келтирган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

لَا يَنْبَغِي لِلْمُؤْمِنِ أَنْ يُذِلَّ نَفْسَهُ، قَالُوا: وَكَيْفَ يُذِلُّ نَفْسَهُ؟ قَالَ: يَتَعَرَّضُ مِنَ الْبَلاَءِ لِمَا لاَ يُطِيقُ

(أخرجه الترمذي)

“Мўмин киши ўзини хорлаши дуруст эмас”, - дедилар. “Ўзини қандай хорлайди?” - дейишди. “Тоқати етмайдиган балога ўзини рўбарў қилади”, - дедилар.[7]

Бу мўъжазгина мақола коронавирусдан сақланиш ҳақида динимиз таълимотларини англашга яраса, ўз уйимизда савоб умидида ўтиришимиз ва ўзгаларга зарар етказмаслигимизга сабаб бўлса, мақсадимиз ҳосил бўлган бўлади. Хулоса ўрнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифларини келтирмоқчиман:

 

وَعَن أبي سعيد الْخُدْرِيّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَن النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ قَالَ لَا ضَرَرَ وَلَا ضِرَارَ، مَنْ ضَارَّ ضَارَّهُ اللَّهُ، وَمَنْ شَاقَّ شَاقَّ اللَّهُ عَلَيْهِ

(أخرجه الحاكم)

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб дедилар: (Исломда) Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ. Кимки зарар берса, Аллоҳ унга ҳам зарар беради. Кимки машаққатга солса, Аллоҳ ҳам уни машаққатга солади”.[8]

Аллоҳ таоло бизларни Ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин ва бошимизга тушган ушбу касалликни тез фурсатда кўтарсин ҳамда Ўзи муқаддас китобида айтганидек, машаққатдан кейин келадиган енгиллик, яхшилик билан барчаларимизни сийласин!

 

Олимхон Юсупов

Ҳадис илми мактаби ректори

[1] Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким ривояти.

[2]Мулк сураси 14-оят мазмуни. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Шарқ. Тошкент. 2019 йил. Б.201.

[3]Шуаро сураси 78-80-оятлар мазмуни. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Шарқ. Тошкент. 2019 йил. Б. 40-41.

[4] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти. Саҳиҳ ҳадис.

[5] Бақара сураси 216-оят мазмуни. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Шарқ. Тошкент. 2019 йил. Б.206.

[6] Имом Аҳмад ривояти.

[7] Термизий ривояти.

[8] Ҳоким ривояти.  Саҳиҳ ҳадис.

2737 марта ўқилди

Мақолалар

Top