Мақолалар

«Коронавирус сабаб Ўзбекистонда бошқа касалликлар кескин камайди». Баҳром Алматов билан суҳбат

Оммавий равишда профилактика чораларига амал қилинаётгани натижасида грипп, гепатит, овқатдан заҳарланиш каби касалликлар кескин камайди. Тўйиб овқатланишдан бўкиб қолиш, ичкилик туфайли келиб чиққан касалликлар деярли учрамай қолган.

Баҳор мавсуми – қатор касалликлар кўп учрайдиган пайт. Ҳозир бутун соғлиқни сақлаш соҳаси коронавирус билан оворадек таассурот ўйғонади. Аммо тизим ўзининг кундалик фаолиятини ҳам бир маромда олиб бормоқда.

Kun.uz мухбири Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов билан суҳбатлашиб, турли касалликлар тарқалиши бўйича бугунги кундаги ҳолат ҳақида маълумот олди.

– Карантин пайтида эҳтиёт чораларини кўриш бўйича етарлича маълумот олдик. Аммо айни шу кунларда ҳаво ҳарорати кескин пасайди, бу ҳолат табиий равишда турли касалликларни келтириб чиқаради ва уларнинг белгилари коронавирусга ўхшаши мумкин. Шу касалликлар ҳақида маълумот берсангиз?

– Баҳор одатда иммунитетнинг сусайиши, турли юқумли касалликлар кўпроқ учраши билан кечадиган пайт. Дарахтлар гуллади, сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати кескин пасайди, бу ўз-ўзидан анъанавий касалликлар – грипп юқиб қолиши, аллергия қўзғалиши эҳтимолини оширади.

Грипп ва коронавирус инфекциясининг ўхшаш жиҳатлари кўп. Ҳар иккисида ҳам ҳарорат кўтарилиши, умумий ҳолсизлик, йўтал каби белгилар бўлади. Аммо барибир фарқли жиҳатлари бор – булар грипп белгиларининг тез пайдо бўлиши ва қисқа вақт ичида ўтиб кетиши, асосан болаларда учраши ва оғир асоратларга олиб келмаслиги.

Коронавирус эса болаларда жуда кам учрайди, белгилари ҳам 14 кун ичида пайдо бўлади ва энг муҳими – вақтида даволанилмаса ва сурункали касалликлар билан бирга келса, ўпкада оғир асоратларга олиб келади. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам аниқ ташхисни мутахассис лаборатор текширувларга асосланган ҳолда қўйиши шарт.

Аллергия билан фарқ эса анча тушунарли. Энг биринчиси – аллергик беморларда анамнез (касаллик қисқа тарихи) аниқ бўлади, беморларнинг ўзлари ҳолатларидан хабардор бўлишади ва одатда нима уларда бу касалликни қўзғашини яхши билишади. Шунингдек, йўтал, нафас қисиши, ҳолсизлик каби умумий белгилар бўлса-да, аллергияда коронавирусдаги каби ҳарорат кўтарилиши кузатилмайди.

– Сиз юқорида тилга олган бу касалликларнинг профилактикаси учун нималар қилиш лозим ва бу чоралар коронавирусга қарши чораларга ўхшашми?

– Грипп ва коронавирус профилактикасида ўхшаш жиҳатлар кўп. Ниқобдан фойдаланиш, касал бўлганда ва касални кўрганда масофа сақлаш, қўлларни мунтазам ювиб туриш, жамоат жойларига бормаслик кабилар. Аслида бу профилактика чоралари шифокорлар томонидан мунтазам тарғиб қилиб келинган. Лекин коронавирус ваҳимаси, ҳали бу касалликка даво топилмагани ва энг муҳими – қаттиқ талаб қилиниши ортида ҳамма эҳтиёт чораларига эътибор бера бошлади.

Аллергик касалликларда эса индивидуал профилактика чораларини кўриш лозим. Яъни бу чоралар ҳар бир бемор учун ўзига хос бўлади ва кўп ҳолларда беморларнинг ўзи эҳтиёт бўлиб юришади.

– Баҳор – халқ тилида ичак узилди пайти. Шундай пайтда организм қувватини ошириш, иммунитетни кучайтириш қандай маҳсулотларни тавсия қиласиз?

– Баҳор, ичак узилди, деган тушунчалар қисман ўз аҳамиятини йўқотган, десак тўғри бўлади. Деҳқонларимиз, тадбиркорларимизнинг ишбилармонлиги туфайли бозорларимиздан йил бўйи сархил маҳсулотлар узилмайдиган бўлган. Барра кўкатларни, ёз неъматларини қишда ҳам топишимиз мумкин.

Лекин барибир, бу нақлнинг долзарб жиҳати ҳам бор – мева ва сабзавотлар ёзнинг қуёшига тўйиб тургандек, ёки сархиллигидек витаминларга бой бўлмаслиги мумкин.

Баҳорий таомларнинг аксарияти айнан мана шу даврда организмни қувватлантиришга мўлжалланган. Шахсан мен ўзим мутахассис сифатида бу пайтда кўкатларни кўп миқдорда ва имкон қадар барра ҳолида истеъмол қилишни маслаҳат берган бўлардим.

– Коронавирус карантини бошқа, жумладан юқумли касалликлар тарқалиши ва учрашига қанчалик таъсир қилди?

– Бу, мантиққа зид бўлса-да, коронавируснинг ижобий жиҳати сифатида қараладиган масала. Профилактика чораларига оммавий риоя қилиш грипп, гепатит, овқатдан заҳарланиш каби касалликлар сони кескин камайишига олиб келди.

Нафақат юқумли касалликлар, балки бошқа касалликлар бўйича ҳам қизиқ маълумотларга дуч келяпмиз. Биргина Самарқанд мисолида олайлик, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали 350 кишига мўлжалланган. Қизиғи, шу кунларда бу йирик шифохонада 100 нафарга яқин бемор даволанмоқда. Маиший можаролар, автоҳалокатлар ортидан келиб чиққан жароҳатлар, тўйиб овқатланишдан бўкиб қолиш, ичкилик туфайли келиб чиққан касалликлар деярли учрамай қолган.

Айтиш мумкинки, биз мана шу синов давридан ўзимизга керакли хулосалар чиқаришимиз ва шифокорларнинг тавсиялари бежиз эмаслигини англаб етишимиз керак.

– Бир киши ҳам коронавирус, ҳам мавсумий касалликларга (дейлик грипп, тумов, аллергияга) бирданига чалиниши ҳам мумкинми?

– Албатта, бундай бўлиши мумкин. Аммо коронавирусга чалингани қайд этилган беморлар жуда қаттиқ карантин ҳолатида сақланмоқда ва даволанмоқда. Уларнинг шифохонада даволана туриб бошқа юқумли касалликка чалиниши эҳтимоли деярли нолга тенг.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

2207 марта ўқилди

Мақолалар

Top