Мақолалар

“Вабо тарқалгандаги мўминнинг ҳаёти”

Мусулмон инсон доимо эзгуликка интилиб яшайди. Бу нарса унинг бутун вужудини, ҳатто ҳис-туйғуларини ҳам қамраб олган. Бир ишни қилмоқчи бўлса, аввал унинг ортидан келадиган савоб ва манфаатларни чуқур ўйлаб кўради. Ўзича таҳлил қилиб ечим топгандай бўлади. У шундай эзгу мақсадлар ила кун кечиради. Аммо доимо инсоннинг айтгани ёки ўйлаган нарсаси рўёбга чиқавермайди. Аксинча, ишлар салбий натижа билан якун топиши ҳам мумкин. Хўш, ана шу пайт у нима қилади? Кимдан ёрдам сўрайди, айниқса ёрдам берадиган бир яқини бўлмаса? Жавоби эса битта – ана шу пайт унинг иймони, Аллоҳга бўлган ишончи энг асосий ёрдамчи бўлади. Чунки мўмин банда Аллоҳга иймон келтириш билан бирга қазойи-қадарга, яъни, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканлигига иймон келтирган. Бу иймон эса – ҳар қандай вазиятда ҳам Аллоҳнинг тақдиридан қочиб қутулишнинг иложи йўқлигини ва фақат Аллоҳнинг ёзгани бўлишини тасдиқлайди. Гоҳида эса шундай вазият рўй берадики инсон фақатгина кузатувчи вазифасини бажаради, кутишдан бошқа чораси қолмайди. Бундай вазиятда сабабларни қилади ва натижасини Аллоҳга топширади. Яхшиликни сўраб дуо қилади. Ҳозирги вабо тарқалгандаги вазият ҳам ана шундай ҳолатдир.

Бундай ҳолатлар ижобий якун топиши учун барчамиз қайғуришимиз ва Аллоҳга илтижо қилишимиз лозим. Бу борада давлат раҳбарлари ва тегишли ташкилотлар бу ҳолатдан халос бўлиш ва тезроқ бартараф этиш учун қўлларидан келган барча чораларни кўряптилар. Бундай вазиятда бизнинг вазифамиз нимадан иборат?. Қандай ишларни амалга оширишимиз керак, нималарни қилмаслигимиз лозим?

Энг аввало қаерда бўлсак ҳам шахсий гигиенага қатъий амал қилишимиз даркор. Чунки, Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик иймондан” деганлар. Касалликлар ушбу ҳадисга риоя қилмаслигимиз сабабли келиб чиқмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйқудан уйғонганда”, “Қазои ҳожатдан чиққанда”, “Овқатдан олдин ва кейин икки қўлини ювишга” буюрганлар. Демак, ҳадисларга амал қилишни кучайтиришимиз даркор.

Ўта зарурациз уйдан ташқарига чиқмаслик керак: бу чеклов динимизда ҳам, қонунчилигимизда ҳам мавжуд. Зеро, инсоннинг саломатлиги ҳамма нарсадан устун. Демак, ташқарига чиқмай бошқалар билан ўзаро алоқани чекласак, аввало ўзимиз, қолаверса оила аъзоларимизни ҳам бу хавфдан асраган бўламиз. Уйда тўпланиб қолган юмушларни бажариш лозим. Чунки эркакларнинг кундузги асосий вақтлари уйдан ташқарида ўтганлиги сабабли уйдаги ишларни бажаришга бўш вақтлари бўлавермайди. Ҳозир баҳор ойи бўлганлиги учун, ерларни чопиш, ариқлар олиш, кўчат ўтказиш, дарахт ва токларни кесиш каби ишлар билан шуғулланиш вақтидир. Айниқса, оила-аъзолари билан кўпроқ бирга бўлиб, янада ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мумкин. Фарзандлар таълим-тарбия ва одоб-ахлоқига кўпроқ эътибор қаратишга имконият туғилади. Уларга ўз билимларини бериб, кўпроқ китоб ўқишлари, билмаганларини ўрганишларига кўмакчи бўлинади. Иш билан доим машғул бўлиб китоб ўқишга вақт топа олмаётганларга мутолаа учун шароит мавжуд. Бу борада оила-аъзолари билан Қуръони карим тиловати, ҳадиси шарифлар мутолааси, истиғфор ва салавотлар айтиб юртимиз ва оиламиз тинчлиги учун дуолар қилишимиз зарур. Айниқса, рамазондан олдинги Шаъбон ойида кўпроқ руҳимизни поклаб, нафл ибодатларни қилиб, рамазонга баданимизни янада чиниқтириб кириб боришимиз даркор. Қорилар эса Қуръони каримни яна бир кўздан кечириб, такрорлаб олишларига шароит бор. Зеро, рамазон яқин, ҳадемай кириб келади.

Бу тожсимон вирус бизларни янада бирлаштириб, ҳаётда олға интилиш, қийинчиликларга сабр қилиш, энг асосийси Аллоҳга бўлган иймонимизни янада мустаҳкамлаши ва ҳар қандай ҳолатда ҳам умидни узмасликка, курашишга чорласа не ажаб. Бундан ваҳимага тушмасдан олдинга интилиб яшашимиз даркор. Зеро, ҳар бир қийинчилик ортида енгиллик туради. Аслида биз қўрқаётган бу вабо кўп неъматларга шукр қилиш, ҳамма нарсадан ҳикмат излаш, бор имкониятимиздан фойдаланиб, ҳаётда кўпроқ эзгулик қилиш ва танадаги жон маълум бир лаҳзалик омонат эканини бизларга таълим берса ҳеч муболаға бўлмайди.

Келаётган қутлуғ рамазон хонадонларимизга тинчлик-хотиржамлик ва файз-барака олиб келсин. Масжид, илм даргоҳларимиз яна очилиб, рамазоннинг файзига файз қўшсин. Соғлиғимиз учун қайғураётган масъулларни Аллоҳ Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин. Сиз ҳамма учун керакциз азиз қадрдоним. Шундай экан уйда қолинг, юқоридаги кўрсатмаларга амал қилинг. Зеро, сабаб биздан, натижа эса Яратган Роббимиздандир.


Юсуфхон ШОДИЙEВ
Ҳидоя ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

2393 марта ўқилди

Мақолалар

Top