Мақолалар

Бугун истиғфор айтдингизми?

Истиғфор айтиш ҳам Аллоҳ таолони зикр қилиш бўлиб, у билан банда  Аллоҳ таолодан гуноҳини кечиришини сўрайди. Унинг энг қисқа кўриниш шакли ,“Астағфируллоҳ” бўлиб, маъноси: “Аллоҳдан (гуноҳларимни) кечиришини сўрайман!” деганидир. Лекин истиғфорни фақат инсон гуноҳ қилганида ёки гуноҳкоргина айтмайди, балки истиғфорни ҳамма доимо айтиб юришни ўзига одат қилиши керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо истиғфорни айтиб юрган эканлар. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Истиғфор, инсон гуноҳини кечиришини Аллоҳ таолодан сўрашидан ташқари, унинг бошига келиши мумкин бўлган балодан ҳам сақланиши, ғам ва ташвиш ва турли синовлардан қутилиши, ризқи мўл бўлиши, дуолари ижобат бўлиши каби кўплаб манфаатларга ҳам сабаб бўлади.

Бир куни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг ёнларига бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: Истиғфор айтинглар, деб маслаҳат бердилар. Бироздан сўнг бошқа бир киши камбағалликдан, яна бири фарзандсизликдан, бошқалар ғам - ташвишларидан шикоят қилишди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи уларнинг ҳаммасига истиғфор айтинглар дея бир хил маслаҳат бердилар. Шунда суҳбатдошларидан Рабиъ ибн Субайҳ Ҳасан Басрийга: “Эй имом, ҳар хил тоифадаги кишилар сизга турли нарсалардан шикоят қилишди. Сиз бўлсангиз ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси нима?” деди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи бу саволга жавобан, “Мен ўзимча бирор нарса демадим. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: «Бас, Роббингизга истиғфор айтинг, – албатта, У кўп мағфират қилувчидир – осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ҳамда бола - чақа ила мадад берадир ва сизларга боғ-роғлар ҳамда анҳорлар беради» (Нуҳ сураси, 11,12 -оятлар) деб марҳамат қилган”, дедилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом истиғфорни кўп айтишнинг фойдалари ҳақида бундай деганлар: “Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш, тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Ҳоким ривоят қилган).

Инсон ҳаёти давомида турли синов ва имтиҳонларга дуч келиши мумкин. Бугун дунё халқини  ожиз қолдираётган коронавирус синови ҳам инсон бошидаги жиддий имтиҳондир. Ҳар биримиз бу синовлар қаршисида ўзимиздан ўтган камчилик ва хатоларимиз, айб- нуқсонларимизга тавба қилиб, истиғфорлар айтишимиз керак. Инсон бошига синовлар бежизга келмайди. Айни кунларда бу синовлар сабабли уйда қолаётган юртдошларимиз томонидан чин ихлос ва муҳаббат билан дуолар қилиниб, минглаб истиғфорлар айтилмоқда. Чин ихлос билан халқимиз томонидан қилинаётган бу ишлар ўз самарасини бермай қолмайди. Демак, истиғфор Аллоҳ таолонинг инсонларга берган катта марҳаматдир.

Ким гуноҳи кечирилишини истаса истиғфор айтсин . Ким балолар даф бўлиши , ишларига ривож топиши , Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари нозил бўлишини истаса истиғфор айтсин. Ким ҳаёти гўзал бўлиши , мақсадлари ҳосил бўлишини истаса истиғфор айтсин.

Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ...

Сизчи? Сиз бугун истиғфор  айтдингизми?

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби
.

 

5235 марта ўқилди

Мақолалар

Top